Синоптиклар июл ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди
Июль - ёзнинг энг қизғин даври ва айнан июль ойида мамлакатда энг юқори ҳаво ҳароратлари кузатилади. "Ўзгидромет" хабарига кўра, июль ойи жуда иссиқ бўлмаслиги кутилмоқда.
Ҳудуднинг катта қисмида ўртача ойлик ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда ва фақат шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда меъёрдан +1...+1,5 даражага юқори бўлади.
Ўзбекистон ҳудудида Эрон ҳудудларидан яна иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига июль ойи иссиқ об-ҳаво билан бошланади. 1-3 июль кунлари ҳаво ҳароратининг қийматлари +37...+40 даражага, чўл ҳудудларда ва республика жанубида +41...+43 даражага етади.
Июль ойи биринчи ўн кунлиги ўрталарига бориб, ҳарорат 3-5 даражага пасайиши кутилмоқда.
Кейинчалик, ой охиригача ҳаво ҳарорати кечалари +20...+25 даража атрофида, баъзи жойларда +27 даражача, кундуз кунлари +33...+38 даражагача, айрим кунларда +39...+41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +42...+45 даражагача бўлади.
Республика бўйича баъзи жойларда, асосан тоғолди ва тоғли ҳудудларда айрим кунларда маҳаллий қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.