10:58 / 27.06.2023
6466

Судан махсус кучлари икки кунлик бир томонлама сулҳ эълон қилди

Сукунат режими Қурбон ҳайити билан боғлиқ, дея маълум қилди Тезкор ҳаракат кучлари қўмондонлиги. Судан армияси ҳозирча RSF баёнотига изоҳ бермади.

Фото: Reuters

Судан Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) қўмондони Муҳаммад Ҳамдан Дагало 26 июн, душанба куни Қурбон ҳайити муносабати билан бир томонлама сулҳ эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, сулҳ 27 ва 28 июн кунлари амал қилади, бироқ ўзини ҳимоя қилиш ҳолатларига тааллуқли эмас. Можаронинг бошқа томони - Судан армияси Дагалонинг баёнотига изоҳ бермади.

Мамлакатнинг де-факто амалдаги президенти бўлган Ўтиш давридаги суверен кенгаш раҳбари Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон бошчилигидаги Судан армияси ва RSF ўртасидаги жанглар 15 апрелдан бери давом этмоқда. Томонлар бир неча бор сулҳ эълон қилган, бироқ бунга риоя этмаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, Судандаги можаро камида 1800 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва минглаб одамлар яраланган. 350 000 га яқин суданлик мамлакатни тарк этди, бир миллионга яқин киши эса ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. БМТ Шарқий Африкада ҳуманитар инқироз юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Top