Жаҳон | 09:21 / 30.06.2023
3769
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Олий суди университетларга абитуриентлар ирқини ҳисобга олишни тақиқлади

АҚШ Олий суди университетларга талабаларни қабул қилишда ирқни ҳисобга олишни амалда тақиқлади. 

Фото: Reuters

АҚШ Олий суди 29 июнь, пайшанба куни мамлакат олий таълим муассасаларида талабалар ўртасида ирқий хилма-хилликни сақлаш мақсадида университетлар раҳбарияти абитуриентлар ирқини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳаракатни конституцияга зид деб топди.

Суд Ҳарвард ва Шимолий Каролина университети талабаларининг иккита ишида шундай қарор қабул қилган. Судга даъво қилган «Ҳалол қабул учун талабалар» ташкилоти университетга киришда абитуриентнинг ирқи эътиборга олинмаслиги кераклигини таъкидлаб, университетларни осиёлик америкаликларни камситишда айблади. 

Олий суд ўз қарорида университетларга талабаларни қабул қилишда ирқий омиллардан фойдаланишни амалда тақиқлади. Bloomberg буни АҚШ олий таълим тизимида «янги давр» деб атади. Ҳакамларнинг овозлари Шимолий Каролина университети ишида 6 - 3, Ҳарвард иши бўйича 6 - 2 га тенг бўлди. Bloomberg таъкидлашича, АҚШнинг кўпгина нуфузли университетлари қабул қилишда ирқни ҳисобга олади, аммо тўққиз штат, жумладан Калифорния ва Флорида давлат муассасаларида бундай амалиётни тақиқлайди. 

АҚШ президенти Жо Байден ўз нутқида Олий суд қарорини танқид қилиб, уни АҚШ қадриятларига зид деб атади. «Бизнинг коллежларимиз ирқий хилма-хил бўлса, кучлироқ бўлишига ишонаман. Бизнинг халқимиз кучлироқ, мамлакатда барча истеъдодлардан фойдаланамиз», деди у. 

«Бу узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган прецедентни бекор қилади ва кам таъминланган талабаларга ўзларининг тўлиқ потенциалларига эришишга ёрдам берадиган имкониятлардан фойдаланишни қийинлаштиради», деди АҚШ вице-президенти Камала Харрис. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид