Ўзбекистон | 21:45 / 01.07.2023
12316
3 дақиқада ўқилади

50 ёшдан ошган аёлларга тавсия қилинган тиббий текширувлар санаб ўтилди

Бундай кўриклар кўплаб хавфли касалликларни аниқлаш ва улар ривожланишининг олдини олишга ёрдам беради.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ёш ўтиши билан иммунитет пасайиб, сурункали касалликлар асорати ва янги хасталиклар пайдо бўлиш эҳтимоли ортади. Шунинг учун 50 ёшдан кейин шифокорлар барча аёлларга режали равишда тиббий кўрикдан ўтиб туришни тавсия қилади, деб ёзди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Бундай кўриклар кўплаб хавфли касалликларни аниқлаш ва улар ривожланишининг олдини олишга ёрдам беради.

Кўкрак бези саратони скрининги

Кўкрак бези саратонини вақтида аниқлаш орқали бемор ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Шунинг учун шифокорлар 50 ёшдан ошган аёлларга ҳар йили маммографиядан ўтишни тавсия қилади.

Бачадон бўйни саратони скрининги

Баъзи аёллар ушбу муҳим текширувни эътиборсиз қолдиради. Ваҳоланки, бачадон бўйни саратони ўлим даражаси юқори бўлган энг хавфли касалликлардан биридир. Қайғули оқибатлар кўпинча беморлар ўз вақтида кўрикдан ўтмаганлиги сабабли юзага келади. Кольпоскопия бачадон бўйни ўсмаларини ташхислаш учун қўлланилади.

Тўлиқ гормонал текширув

Эстроген ва тестостерон йиллар давомида даражалари ўзгариб турадиган организмдаги асосий гормонлардир. Бироқ бошқа гормонларни ҳам мунтазам текшириб турган яхши. Чунки уларнинг мувозанати метаболизм, мия, иштаҳа, тана ҳарорати ва ҳоказоларга таъсир қилиши мумкин.

Остеопороз диагностикаси

Йиллар давомида суяклардаги кальций миқдори пасая бошлайди ва бу кўпинча хавфли тизимли касаллик — остеопорозга олиб келади. Хасталикни эрта босқичда аниқлаш имконини берувчи энг самарали текширув суяк денситометриясидир (суяк зичлигини ўлчаш). 50 ёшдан кейин ҳар йили ушбу текширувдан ўтиб туриш фойдали.

Қон босимини ўлчаш

Менопауза ва у билан боғлиқ ўзгаришлар туфайли аёлларда гипертония ривожланиши жуда кенг тарқалган. Агар у назорат остида бўлмаса, хавфли юрак-қон томир патологиялари вужудга келиши мумкин.

Қонда шакар ва холестерин миқдорини аниқлаш

Қонда глюкоза даражасини текшириш иккинчи тоифа диабетни аниқлашга ёрдам беради. Бу кўпинча 40-50 ёшдан кейин ташхис қилинади. Ёмон холестерин (ЛДЛ) учун ўз вақтида ва мунтазам равишда қон таҳлилини топшириш инфаркт ва инсультнинг сабаби бўлган атеросклероз (томирларнинг деворларида бляшка шаклланиши) ривожланишининг олдини олади.

Мавзуга оид