Иқтисодиёт | 22:28 / 03.07.2023
33810
5 дақиқада ўқилади

«Рақобат тўғрисида»ги янги қонун қабул қилинди

Қонунга монополияга қарши комплаенс ва устун музокара кучи каби янги институтлар киритилди. Товарларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини ноқонуний чеклайдиган давлат мансабдорларига нисбатан жавобгарлик белгиланди.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон президенти 3 июл куни "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририни имзолади.

Қонунга кўра, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органи (монополияга қарши орган) ҳисобланади.

Қонунга монополияга қарши комплаенс тушунчаси киритилди. Монополияга қарши комплаенс фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хатарларини аниқлаш ва мазкур хатарларнинг олдини олиш бўйича ички ташкилий тартиб-таомиллар тизимидан иборат. 

Монополияга қарши комплаенс қуйидагиларда мажбурий тартибда жорий этилади:

  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда;
  • товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда;
  • охирги 3 йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори БҲМнинг 100 минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлатга тегишли бўлган юридик шахсларда;
  • охирги 3 йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори БҲМнинг 100 минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши 50 фоизни ва ундан ортиқни ташкил этадиган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларда;
  • юридик шахсларнинг бирлашмаларида.

Қонунда устун мавқени белгилашнинг янги мезонлари киритилди. Унга кўра, муайян бозордаги улуши 40 фоиздан кам бўлмаган ва йиллик даромади 30 БҲМ (9,9 млрд сўм)дан юқори бўлган корхоналар, шунингдек, табиий монополия субъектлари устун мавқега эга субъектлар қаторига қўшилди.

Шу билан бирга, устун музокара кучи институти ҳам киритилиб, унга мувофиқ, устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги устун музокара кучи деб эътироф этилади.

Рақобатга қарши битим (картел келишуви) иштирокчиси келишув ёки тил бириктириш факти ҳақида монополияга қарши органни ихтиёрий равишда биринчи бўлиб хабардор қилса, у жавобгарликдан озод этилади.

Савдоларга доир рақобатни чеклашга қарши талаблар ва ўзаро боғлиқ бўлган иштирокчиларнинг бир вақтда савдо жараёнларида иштирок этишига тақиқлар белгиланди.

Қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдамни баҳолаш тизими жорий қилиниши зарур.

Шу билан бирга, давлат хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, эксклюзив ҳуқуқлар, давлат мулкини имтиёзли нархларда сотиш ва ижарага бериш, ер ресурсларидан ва ерости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларини имтиёзли шартлар асосида бериш ҳамда бошқа преференциялар ва афзалликлар тарзида давлат ёрдамини бериши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Янги қонун билан рақамли платформаларни ҳам монополияга қарши тартибга солиш имконияти юзага келди.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилиб, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.

Рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органига ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд унга била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик:

  • фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 10 бараваригача (990 минг сўмдан 3 млн 300 минг сўмгача);
  • мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 6 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Илгари: фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваригача жарима қўлланилган. 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахси томонидан хомашё, товарларнинг эркин ҳаракатланишини ва реализация қилинишини ҳамда хизматлар кўрсатилишини қонунга хилоф равишда чеклаш:

  • БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (9 млн 900 минг сўмдан 16 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни амалга ошириш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ёки махсус электрон тизим воситасида хабарномаларни қабул қилиш ваколатлари ёки рўйхатга олиш ёхуд аккредитациядан ўтказиш ваколатлари берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари ёхуд юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш:

  • БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (9 млн 900 минг сўмдан 16 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Илгари бундай нормалар мавжуд эмас эди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, қонун Сенат томонидан 4 ой олдин – 2 март куни маъқулланган эди.

Мавзуга оид