Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мбаппе «ПСЖ»да қолади, Кейн «Бавария»га кетолмаяпти. Сўнгги трансфер хабарлари
Сўнгги кунлардаги асосий трансфер хабарлари ва миш-мишлар.
Мбаппе «Реал»га бу ёзда ўтмайди
«ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе бу йилги ёзги трансферларда «Реал»га ўтмайди, дея ёзмоқда Marca нашри.
Барчаси футболчининг молиявий талаблари туфайли — француз ҳужумчиси Парижда оладиган маошини йўқотишни истамаяпти ва «Реал»дан 240 миллион евро сўраган, шунинг учун Мадрид клуби трансфердан воз кечишга қарор қилган. Энди футболчини 2024 йилда эркин агент сифатида қўлга киритиш режалаштирилмоқда. Лекин бу ҳолда Мбаппе «ПСЖ» билан янги шартнома тузиши варианти ҳам бўлади.
2017 йилда «ПСЖ» Мбаппени «Монако»дан ижарага олган, бир йил ўтиб унинг трансфер ҳуқуқини 180 миллион еврога сотиб олганди.
Форвард парижликлар билан беш марта Франция чемпиони бўлди, уч бор мамлакат Кубогини ютиб олди ва икки мартадан Суперкубок ва Франция лигаси кубогини қўлга киритди. У «ПСЖ» тарихидаги энг яхши тўпурар (212 гол) бўлиб олган.
2022/23 йиллар мавсумида форвард парижликлар сафида барча турнирлар доирасида 43 ўйинда 41 гол урди ва 10 голга узатма берди. Футболчининг клуб билан шартномаси 2024 йил июн ойи охирига қадар амалда бўлади.
«Ливерпул»нинг ёздаги иккинчи йирик хариди
«Ливерпул» ёзги трансферлар доирасида иккинчи яримҳимоячини сафига қўшиб олди. 22 ёшли венгр «Лейпциг»да ўзини кўрсатган ва энди Собослаини дунёнинг энг катта клубларидан бири трансфер қилди. Доминик 2028 йилгача шартнома тузган, «қизиллар» у учун 70 млн евро тўлашган. Собослаига «Ливерпул» афсонаси Стивен Жеррард ўйнаган 8-рақамли футболка берилган. Ушбу рақам остида ўйнаб келган Наби Кейта ҳам «Лейпциг»дан келганди, у шу ёзда шартнома тугагани туфайли Германиянинг «Вердер» клубига йўл олди.
Брозович барибир «Ан-Наср»га ўтди
Марсело Брозович ҳам Саудия Арабистони чемпионатига ўтди. Аввалига ушбу 30 ёшли хорватиялик яримҳимоячи «Барселона»га ўтиши айтилганди, Испанияда уни жуда кутишаётганди, аммо у қарорини ўзгартирди ва «Ан-Наср»да Роналду билан жамоадош бўлди.
Саудияликлар ҳам савдолаша бошлади ва дастлабки 23 миллион евролик таклиф ўрнига 15 миллион евролик таклиф юборишди — «Интер» бу таклифни рад этди ва трансфер барбод бўлиш ёқасида қолди. Аммо муаммо ҳал қилинди. Якунда томонлар 18 миллион еврога келишиди, Брозовичнинг ўзи эса энди уч мавсум учун 100 миллион евро ишлаб олади.
Неймарни ҳам Саудия Арабистонига чақиришмоқда
«ПСЖ»нинг бошқа бир форварди, 31 ёшли бразилиялик Неймар Саудиянинг «Ал-Ҳилол» клуби қизиқишлари доирасига тушган. Журналист Ёқуб Жинарнинг маълумотига кўра, клуб форвардга уч йил учун 600 миллион евро таклиф қилмоқда — аммо Неймарнинг бунга муносабати ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас. Шунингдек, ушбу футболчига АПЛ клублари, хусусан «Манчестер Сити» ва «Челси» қизиқаётгани ҳақида хабарлар бор.
Айни вақтда Неймарнинг «ПСЖ» билан 2025 йилга қадар қилувчи шартномаси бор. Transfermarkt форварднинг трансфер қийматини 60 миллион еврога баҳолаган.
Осимҳен «Челси»га ўтиши мумкин
Кўклар Тодд Боули бошқарувида ғалати сиёсат юритмоқда — аввалига «Челси» шунчалик кўп харид амалга оширдики, барча футболчиларга кийим алмаштириш хонасида жой етмади; кейин клуб барчани, жумладан мухлисларнинг севимли футболчилари бўлган Ҳаверц ва Маунтни рақиб жамоларга бериб юборди. Энди эса, Football.London хабарига кўра, раҳбарият яна бир катта трансфера амалга оширмоқчи — ва Виктор Осимҳенни нишонга олган.
А серия чемпиони бўлган «Наполи»нинг 24 ёшли ҳужумчиси 150 миллион еврога баҳоланмоқда. «Челси» унинг учун фақат 100 миллион евро таклиф қилмоқда, шундай экан, музокаралар осон кечмайди. Якунланган мавсумда Осимҳен «Наполи» сафида барча турнирлар доирасида 39 ўйинда майдонга тушиб, «гол плюс пас» тизимида 31+5 балл жамғарган.
«Тоттенҳэм» Кейнни сақлаб қолмоқчи
«Тоттенҳэм» ва Англия миллий жамоасининг 29 ёшли форварди ҳамон Лондон клуби хўжайини Дэниэл Левининг қафасида қолмоқда — у футболчини ҳар қандай пулга ҳам «Бавария»га қўйиб юбормоқчи эмас. Шунга қарамай, Кейн мюнхенликлар сафига ўтишга қаттиқ аҳд қилган, музокаралар жараёнини эса немислар клубининг кузатув кенгашига кирган Карл-Ҳайнц Румменигге шахсан назорат қилмоқда.
Аввалроқ CBS Sports журналисти Бен Жейкобс «Бавария» 93 миллион евро (бонуслар ҳам) тўлашга тайёрлигини, аммо «Тоттенҳэм» барча таклифларни рад этаётганини хабар қилганди. Музокараларга немис афсонаси қўшилгани нимани ўзгартиришини вақт кўрсатади.
Рамос ва Алба ҳам Мессининг олдига боради
Испаниялик фахрий футболчилар Серхио Рамос ва Жорди Алба «Интер Майами» билан музокараларни якунлаш босқичида турибди. Diario Sport нашри ёзишича, Албада «Бенфика», «Атлетико», «Интер» ва Саудия Арабистонидаги клуб билан ҳам музокаралар бўлган, аммо уларнинг барчаси муваффақиятсизликка учраган. Рамосга ҳам Испания ва Яқин Шарқдаги клублар қизиқиш билдирган, аммо икки футболчи ҳам АҚШ вариантини афзал кўришмоқда.
Америка клуби президенти Хорхе Мас эса Мессининг яна бир собиқ жамоадоши — Луис Суарес билан ҳам шартнома имзоланиши мумкинлигини айтди. Бу борада батафсил маълумот 15 июлдан кейин пайдо бўлиши кутилмоқда.
«Барселона» туркиялик истеъдодни нишонга олди

Mundo Deportivo нашрининг ёзишича, «Барселона» 18 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи, турк Мессиси деб аталаётган Арда Гулер трансфери бўйича «Фенербаҳче» билан музокара олиб бормоқда. Музокаралар давомида каталонияликлар клуби спорт директори Деку Истанбул клубига, испан клуби айни вақтда қийин молиявий ҳолатда экани боис, футболчининг шартномасида кўрсатилган 17,5 миллион еврони қисмларга бўлаб тўлашни таклиф этган.
«Барселона» шунингдек «Камп Ноу»га тарбияланувчиси Ориол Ромеуни қайтаришни кўзлаган. As маълумотига кўра, Хави 31 ёшли ушбу таянч яримҳимоячисини Серхио Бускетс учун чиқимсиз ўринбосар варианти сифатида кўрмоқда. Муаммо шундаки, «Барса» Ромеу учун 5-6 миллион евро таклиф қила олади, аммо «Жирона» ўз футболчи учун камида 10 миллион олмоқчи.
«Челси» Кайседо бўйича келишув устида ишламоқда
Инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, «Челси» «Брайтон» билан яримҳимоячи Мойсес Кайседо трансфери борасидаги музокараларни қайтадан бошлаган. «Кўклар» жамоаси раҳбарияти футболчи билан оғзаки келишувга эришган. Transfermarkt Кайседонинг трансферини 55 млн фунтга баҳолаган, «Челси» эса аввалроқ эквадорлик футболчи учун 80 млн фунт таклиф қилаётганди. Бу сафарги таклиф 90 млн фунт бўлиши кутилмоқда.
«МЮ»да янги дарвозабон бўлиши мумкин
«Манчестер Юнайтед» янги дарвозабон қидиришда давом этмоқда. Жамоанинг асосий дарвозабони Давид де Хеанинг шартномаси муддати якунланган ва ҳозирча узайтирилмаяпти. AS маълумотига кўра, испанияликка аллақачон «Ан-Наср»дан таклиф келган. «МЮ» эса икки дарвозабон бўйича музокаралар олиб бормоқда: Андре Онана («Интер») ва Юстин Бейло («Фейеноорд»).
Журналист Альфредо Педулланинг хабар қилишича, «Юнайтед» «Интер»га камерунлик посбон учун 45+5 млн евро таклиф қилишга тайёр, миланликлар эса 60 млн евро хоҳламоқда. Ҳозирча буёғига нима бўлиши номаълум: The Telegraph нашри инглизлар клуби Онана вариантидан воз кечишга тайёрлигини, Sky Italia эса «Интер» дарвозабон бўйича расмий таклиф кутаётганини ёзган.
Айни вақтда Онана учун «Ан-Наср» ҳам даъвогар бўлиб турибди, саудияликлар «Интер»га 40+5 миллион евро кўринишидаги илк таклифни юборган.
«Фейеноорд» эса Бейло билан хайрлашмоқчи эмас – «МЮ» унинг учун катта пул таклиф қилса ҳам.
Трансферлар бозорида яна нималар бўлмоқда?
- Жеймс Мэддисон билан шартнома тузган «шпорлар» трансферлар бозорида фаолликни сақлаб қолмоқда. Клуб испаниялик қанот ҳимоячиси Педро Порронинг трансферини эълон қилди, унинг учун «Спортинг»га 40 миллион евро тўлаб берилди. Лондонликлар уни январда ижарага олишганди, энди эса сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланди. Шунингдек, яқин вақтлар ичида «Тоттенҳэм» сафига «Фулҳэм»дан Манор Соломон келиб қўшилиши мумкин. 23 ёшли исроиллик футболчи шу ҳафта тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган.
- «Ливерпул» ва «Бавария» 22 ёшли француз яримҳимоячиси Кефрен Тюрам учун рақобатлашмоқда. Foot Mercato нашри ёзишича, футболчига Томас Тухел шахсан қизиқмоқда. Трансфер 50 миллион еврога баҳоланган.
- «Ювентус»да глобал тозалаш кетмоқда — клуб Шченсни, Сандро, Артур, Маккенни ва Закариёдан қутулмоқчи. Бу маошлар ведомости шишиб кетгани билан изоҳланади. Ўз навбатида, Турин клуби «Сассуоло» вингери Доменико Берарди билан таркибни кучайтирмоқчи. У Анхел Ди Мариянинг ўрнини босиши кўзда тутилган. Бу футболчи 30 миллион еврога сотиб олиниши мумкин.
- Сеяд Колашинац «Аталанта»га ўтади. Эркин агент мақомида бўлган 30 ёшли ҳимоячи икки йиллик шартномага имзо чекади.
- «ПСЖ» «Мальорка» яримҳимоячиси Ли Кан Инни сафига қўшиб олишга яқин. 22 ёшли кореялик шу ҳафта тиббий кўрикдан ўтиши керак.
- «Милан» Кристиан Пулишич учун «Челси»га 14 миллион евро таклиф қилди. The Athletic хабарига кўра, америкалик ҳужумчини ўз вақтида «Боруссия» Дортмунддан 64 миллион еврога сотиб олган лондонликлар уни каттароқ пулга сотмоқчи.
Мавзуга оид
21:55 / 05.06.2026
«Реал» жиддий қайта қуриш даврига кирмоқда
18:01 / 08.05.2026
«Реал»да хаос. Валверде ва Чуамени муштлашиб кетди
20:19 / 06.05.2026
Мбаппе – можаро марказида. У класикога тайёрланиш ўрнига таътилга кетди ва жамоадошларини ғазаблантирди
21:10 / 05.05.2026