Жаҳон | 14:37 / 04.07.2023
27238
6 дақиқада ўқилади

«Титаник» ҳалокати: денгиз фожиаси қандай қилиб «туризм бизнеси»га айланиб қолди?

111 йил олдин сув остига ғарқ бўлган «Титаник» кемасини кўриш учун йўлга чиққан «Титан» сайёҳлик батискафи ҳалокатга учради. Унинг ичида бўлган 5 кишининг ҳар бири «Титаник» қолдиқларини кўриш учун 250 минг доллардан тўлаб чипта сотиб олганди. Сув остига ғарқ бўлган кемага нима сабабдан туристлар бунчалик қизиқади?

Фото: nypost

1912 йил апрел ойида Буюк Британиядан Нью-Йоркка илк сафарини амалга ошираётган афсонавий «Титаник» кемаси Атлантика океанида чўкиб кетган. То 1985 йилгача «Титаник» кемаси айнан қаерга чўккани номаълум эди.

Кема қолдиқлари қандай топилади ва ким эгалик қилади?

«Титаник» сув остига чўкиб кетган ягона кема эмас. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, дунё бўйлаб камида минг йилликлардан бери сув остига чўккан 3 млн кема қолдиқлари бор. Ҳисоб-китобларга кўра, океан остида 60 млрд доллар атрофидаги қимматбаҳо буюмлар ётибди.

Агар тадқиқотчи сувостидан кема қолдиғини топиб оладиган бўлса, биринчи навбатда маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилиши ва кейинги тадқиқотларни рухсатнома билан давом эттириши лозим бўлади. Сабаби ўзбошимчалик сабаб тарихий ёдгорликка зарар етиши, унинг археологик қиймати йўқолиши мумкин.

Лекин ҳали-ҳануз инсонлар кема қолдиғи топган одамники деб қараш, унинг ичидаги нарсаларга бемалол тега олиш мумкин деган фикрлар мавжуд. Бу эса сувостидаги ёдгорликларни хавф остига қўяди.

«Титаник» қандай топилган?

1985 йилда Роберт Баллард ва Жан Луи Мишел бошчилигидаги Америка экспедицияси «Титаник» кемаси қолдиқларини Ньюфаундленд ороли соҳилидан (Канаданинг шарқий қисмидаги провинция. Атлантика океани соҳилида) 563 километр узоқликда топишади.

Кема чўккани ҳақидаги хабар кўтариб олган бола. 1912 йил. Лондон

Тадқиқотчилар кеманинг орқа ва олд қисмлари иккига бўлинган ҳолда жойлашганини аниқлашади. Кема қолдиқлари топилганидан 12 йил ўтиб, Жеймс Кэмероннинг «Титаник» фильми ишланади.

Кема қолдиғи жойлашган ҳудуд халқаро сувлар деб тоифаланади ва, халқаро қонунларга кўра, бу турдаги топилмаларга бирор давлат айнан эга чиқа олмайди.

Роберт Баллард – «Титаник» кемаси қолдиқларини биринчи бўлиб топган экспедициячи.
«Титаник» кемасидаги нонушта идишлари. 1987 йилги экспедицияда топилган.

Лекин кема қолдиқлари топилгач, Баллард АҚШ Конгрессидан «Титаник»ни сувости ёдгорлиги сифатида белгилашни сўрайди. 1986 йилда Баллард «Титаник»ка лавҳ қўйиб, кемада ҳалок бўлган 1,5 минг одам хотираси учун унга тегилмаслигини сўрайди. Бироқ ундай бўлмади. Аксинча, кемадаги ёдгорликларни тўплаш учун рақобат бошланиб кетди. Қисман, ёдгорликларни топиб уларни расмийлаштириш ишлари ҳам қилинди, бироқ ёдгорликлар савдоси ва уларнинг оммавий намойишидан фойда олиш асосий фонда эди.

Кема чўккач, ундаги ёдгорликлар, ҳалок бўлган ва тирик қолганларнинг ҳам буюмларига қизиқиш шунчалик ошиб кетадики, Канада ҳукумати «сувенир овчилари»ни тўхтатиш учун қурбонларнинг кийимларини ёқиб юбориш ҳақида қарор қилади.

– «Титаник» ҳалокати ҳақида хабар берган Бостон газетаси.

«Титаник» кемасининг ҳақиқий эгаси йўқ. АҚШ, Буюк Британия ва бошқа йирик денгиз давлатлари амал қиладиган қонунга кўра, халқаро сувларда ётган кемалар амалда эгасиз ва унга ҳеч ким даво қила олмайди.

«Титаник» кемаси чўкиб кетаётганда мусиқачи Уоллес Хартли чалган скрипка. Скрипка 2013 йилда 1,46 млн долларга сотилган.
 - «Титаник»да ҳалок бўлган 19 ойлик болакайга тегишли оёқ кийим. Экспонат «Номаълум бола» деб аталади ва Атлантик денгиз музейида сақланади.

«Титаник»ка қанча одам саёҳат қилган?

Кема қолдиқларининг жойлашуви топилган 1985 йилдан то ҳозиргача уни кўрганлар 250 дан камроқ.

1998 йилда Британиянинг Deep Ocean Expeditions компанияси илк марта «Титаник»ни кўриш учун 32,5 минг доллардан чипта сотади. Шундан кейин турли йиллар давомида туристлар «Титаник»ни кўриш учун Атлантика океанига саёҳат уюштиришган.

Ҳолливуд режиссёри, «Титаник» ҳақидаги филмни суратга олган Жеймс Кэмерон эса «Титаник»ка энг кўп шўнғиган машҳурлардан бири. Унинг кемага «ташрифи» тахминан 33 марта бўлган. 

Яқинда бортидаги 5 киши чўкиб кетган «Титан» батискафига эгалик қилган OceanGate компанияси ҳам 2021 ва 2022 йилларда «Титаник»ка муваффақиятли экспедициялар ташкиллаштирган, ҳозиргача компания 18 та шўнғишни амалга оширганди.

Туризмнинг «Титаник»ка қандай таъсири бор?

«Титаник» ҳалокатга учраган пайтдаёқ у жиддий зарарланганди. Бундан ташқари, кема қолдиқларини металл ейдиган бактериялар фаол емириб келади. Кема топилгандан 10 йилча ўтган вақтда унинг емирилиши янада фаоллашгани аниқланган. 2019 йилда эса кема қолдиғининг жуда катта қисми емирилгани маълум бўлади.

Ҳозир кема атрофи чиқиндилар билан тўлган. 2001 йилда ҳатто америкалик жуфтлик «Титаник» қолдиғи устида турмуш қуришган.

Сувости кемалари «Титаник»ка тегмаса ҳам, улар барибир маълум маънода кемага зарар етказишади. Маълумотларга кўра, бир экспедиция «Титаник»ка қулаган ва у келтирган зарар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Жумладан, «Титан»нинг ҳам «Титаник»ка яқин жойда қолдиқлари топилди.

Ҳозиргача ҳам кемани муҳофаза қилишга ҳаракатлар давом этяпти. Кема халқаро сувда жойлашгани учун ЮНЕСКОнинг «Сувости маданий меросини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги конвенциясига мувофиқ асосий ҳимоя ҳуқуқлари билан муҳофаза қилиниши мумкин. 2020 йилда АҚШ ва Буюк Британия кемага шўнғиш ва ундан ёдгорликларни олиш учун талабгорларга биргаликда лицензия бериш ва уни рад этиш тўғрисида келишиб олган.

Мавзуга оид