16:56 / 05.07.2023
10801

Афғонистон жорий мавсумда 5 млн тонна ғалла йиғиб олишни режалаштирган

2023 йилда қўшни Афғонистонда 5 млн тонна ғалла етиштирилиши мумкин. Агар прогноз қилинаётган рақам 2022 йилдагиси билан солиштирилса, ҳосил ҳажми 25 фоизга ёки 1 млн тоннага ошиши мумкин.

Афғонистонда етиштирилган буғдой. Фото: shafaqna.com

Kazakh-zerno.net порталининг ёзишича, Афғонистон ўз олдига яқин келажакда ўзини ўзи ғалла билан таъминлаш вазифасини қўйган. Мамлакатнинг буғдой истеъмолига бўлган талаби йилига 6,5–7,5 млн тоннани ташкил этади.

Ҳозирча Афғонистон Қозоғистонда етиштирилаётган ғаллани импорт қилувчи Топ-3 давлатлар сирасига киради. Қозоғистондаги ун тайёрлаш комбинатларидан тайёрлангани унни харид қилиш бўйича эса етакчи. Сўнгги уч мавсумда Қозоғистондан Афғонистонга 1,8 млн тонна ғалла ва 3,5 млн тонна ун жўнатилган. 2022-23 йилги мавсумнинг 9 ойи ичида Афғонистон Қозоғистонда тайёрланган 1,12 млн тонна ун ва 733 минг тонна ғалла харид қилган, деб ёзади Қозоғистон сайти.

Ukragroconsult.com сайтида ёзилишича, ўтган йили Афғонистонда жорий этилган тақиқлар туфайли кўкнори етиштириш кескин қисқарган ва деҳқонлар ёппасига буғдой етиштиришга ўтган.

«Айнан мана шунинг учун ғалла етиштириш сўнгги йил ичида кескин ўсган», — дея нашр Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили Мисбаҳуддин Мустаиннинг сўзларини келтирмоқда.

«Афғонистон — аграр давлат. Афсуски, биз шу пайтгача фақат ғалла импорт қилиб келганмиз. Камолхон, «Шоҳ ва Арўс» тўғонлари ҳамда Қўштепа канали каби ва бошқа суғориш объектлари қурилиши билан биз ўзимизни ўзимиз ғалла билан таъминлашга эришамиз», — деган вакиллар палатасининг қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик қўмитаси депутати Мирвоис Ҳожизода.

Афғонистонга азалдан ун ва ғалла Покистон орқали кириб келган. 2019 йилдан бошлаб Қозоғистон ва Ўзбекистон асосий етказиб берувчиларга айланган. 2022 йилда Афғонистон импорт қилган уннинг 63 фоизи Қозоғистон, 36 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган. 2022 йилда Афғонистон Россияда тайёрланган 60 млн долларлик ун харид қилган ва импортни нақ олти баробарга оширган.

Марказий Осиё давлатларининг ўзида 2022 йилда тайёрланган ун миқдори қуйидагича:

  • Қозоғистон — 16,4 млн тонна;
  • Ўзбекистон — 7,6 млн тонна;
  • Афғонистан — 4,5 млн тонна;
  • Туркманистон — 1,6 млн тонна;
  • Тожикистон — 0,9 млн тонна;
  • Қирғизистон — 0,7 млн тонна; 
Top