17:43 / 08.07.2023
31854

“Қўрқинчли Москва”. Жиноий тўдалар жавлон урган 90 йиллар

Собиқ Иттифоқ қулаганидан сўнг бошланган 90 йиллар замонавий Россияда шодлик билан эсланмайди. Чунки иқтисод орқага кетган, давлат заиф, кўча жиноятчиликка тўлганди. Президент Борис Елциннинг бошқарувини демократик деб аташ мумкин бўлсада, мамлакатда қашшоқлик, жиноятчилик гуллаганди. Пойтахт Москванинг ўзида ўнлаб тўдалар даврон сурарди. 

Махсус кучлар отряди ходимлари товламачилар гуруҳини қўлга олиш бўйича операция ўтказмоқда, 1993 йил
Фото: «РИА Новости»

Россияда жиноятчилик ва тўдалар СССР қуламасданоқ, 1980 йилларнинг охиридан кескин кучая бошлади. Улар баъзида турли этник қатламларни бирлаштирган ҳам эди.

“Ореховская” жиноий тўдаси

Ушбу тўда ўз номини Москвадаги Орехово-Борисово турар жой массивидан олган, чунки аъзоларнинг кўпчилиги шу ҳудудда истиқомат қиларди. 

Тўдага тамал тоши 80 йиллар ўрталаридан қўйилди ва 1988 йилда узил-кесил ташкил топди. Улар орасида собиқ спортчилар ҳам бор бўлиб, тўда нафақат Орехово-Борисово тумани, балки жануб ва жануби ғарбни назорат қиларди. 

Гуруҳга Новгород вилоятидан чиққан оддий тракторчи Сергей Тимофеев (уни америкалик Сталлонега менгзаб, Силвестр деб чақиришарди) бошчилик қиларди, у Кавказ жиноий кланларига қарши курашиб шуҳрат топганди. 

Тимофеев ўз навбатида бошқа жиноятчилар — Андрей Исаев, Вячеслав Иванков (Япончик лақаби билан машҳур бўлган) яқин алоқада бўлган. Тўда дастлаб узоқ масофаларга қатновчи юк ташувчиларни тунаб, пул топган. 1989 йилда Тимофеев талончиликда айбланиб қамалади, аммо тезда қамоқдан чиқиб келади. 90 йилларда гуруҳ банк соҳасига кира бошлайди. Сўнгра, қимматбаҳо тош ва металлар савдоси, автомобиль ўғирлаш каби “ҳунарлар” чиқади. 

Бу орада Тимофеев Исроил фуқаролигини олади ва бойликларини хорижий банкларга ўтказиб, ноқонуний бойликларнинг бир қисмини легаллаштиришга ҳам муваффақ бўлади. 

1994 йилга келиб “Ореховская” гуруҳи Москвадаги барча славян тўдаларининг энг кучлисига айланади. Аммо бу ғолиблик узоқ давом этмади. 1994 йил сентябрда Тимофеев бўлган Mercedes-Benz портлатиб юборилди ва тўдабоши ўлим топди. Тимофеевдан кейин унинг бандаси турли қисмларга бўлиниб кетди. 

Тўдаларнинг майда бўлаклари турли йилларда қамоққа олинди ёки йўқ қилинди. Хусусан, сўнггиларидан бири Андрей Шарапов 2020 йил 8 июлда беш одамнинг ўлимида айбдор деб топилиб, 15 йил муддатга ҳибсга ҳукм қилинди.

“Бауманская” жиноий тўдаси

“Бауманская” тўдаси ҳам 1988 йилда ташкил этилган. Горбачёв бошлаган “қайта қуриш” эркинлик эпкинлари билан бирга кўчаларга тартибсизлик ва жиноятчиликни қайтарганди. 

Тўданинг бошлиғи Бобон лақабли Владислав Ваннер эди. Гуруҳнинг асосий даромад манбаи рэкет ва бизнесменларни талаш эди. Унинг бир нечта кўзга кўринган лидерлари бўлиб, улар 1993-1994-йилларда йўқ қилинади

1995 йилда “Терразини” лақабли Андрей Журавлёв гуруҳни жонлантиради. Шундан сўнг тўда буюртма қотилликлар ва наркобизнес билан шуғуллана бошлайди. 1997 йилдан бошлаб йирикроқ тўдага қўшилган бауманчилар қўлга туша бошлайди. Журавлёвнинг ўзи Исроилга қочиб кетади. Аммо у хорижда қўлга олинади ва Россияга қайтарилади. Маълумотларга кўра, бу Исроил Россияга ўз фуқаросини ушлаб берган ягона ҳолатдир. 

2004 йил ОАВ Журавлёв ўлдирилганини ёзиб чиқади, аммо бу ёлғон эди. Жиноятчининг кейинги тақдири қоронғи бўлиб қолди. 

“Измайловская” тўдаси

Гуруҳ 1980-йилларда Москва шарқида фаолият юритган ёшлар тўдаларидан тузилганди. Қизиғи шундаки, унда нафақат тажрибали жиноятчилар, балки туппа-тузук спортчилар ҳам бор эди. Уюшган жиноий гуруҳ рэкет, гиёҳванд моддалар савдоси, талончилик ва буюртма қотилликларга ихтисослашган.

Вақт ўтиши билан уларнинг таъсири бошқа минтақаларга, жумладан, Сибир ва Узоқ Шарққа тарқалди. Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари орттирилган капитални қимор ўйинлари орқали ювиб, сўнгра хорижий кўчмас мулкка сармоя қилиб киритган. 

Тўданинг раҳбари Олег Иванов эди. Шунингдек, жиноий тузилмада Виктор Неструев, Антон Малевский (Антон Измайловский), Сергей Аксёнов (Аксён, Аксён Измайловский), Сергей Трофимов (Трофим), Александр Афанасев (Афоня)ларнинг нуфузи катта бўлган. 

Қизиқ томони “Измайловская” тўдаси йўқолиб кетмаган. У ҳозирда нафақат Россияда, хорижда ҳам фаолият юритиши, бизнес қилиши айтилади. Маълумотларга кўра, гуруҳ аъзоларининг Россия куч тузилмалари, ҳуқуқ-тартибот органлари билан алоқалари мавжуд.

“Шелковская” жиноий тўдаси

“Шелковская” тўдаси Москва вилоятининг Шелково шаҳарчасида, 90 йилларнинг бошида ташкил топган. Аввал у “Измайловская” тўдасига кирарди, сўнгра ажралиб чиққанди. Асосчиси жиноий авторитет Александр Матусов эди. 

Ушбу қароқчилар дастлаб маҳаллий тадбиркорларни қийрата бошлашган. Яшашни истаган тадбиркор уларга катта ўлпон тўлашга мажбур эди. Йиллар ўтиб, жиноий тўданинг иштаҳаси ўсиб борди. Тўда ҳатто рақиблари билан музокара қилиб ўтирмай уларни йўқ қила бошлади. “Шелковская” номини эшитса амалдор ва милиционерлар ҳам қўрқишарди. 

Жиноятчиларни қўлга олиш 2006 йилдан бошланди, шу йили жабрдийдалардан бири ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилди. Бир неча йиллик олишув, қидирув ва тафтишлардан сўнг, 2011 йилда гуруҳнинг беш аъзоси узоқ муддатларга қамалди. 

Аммо якун кутилмаган бўлиб чиқди: жиноятчилик тепасида турган Александр Матусов 2014 йил Таиландда қўлга олиниб, Россия келтирилди. У ҳам узоқ муддатга қамалиб кетди, деб ўйларсиз? Йўқ, бу содир бўлмади. Катта бир жиноий тўда асосчиси 2017 йилда судлар томонидан оқланди. 

90 йилларда гуллаган жиноятчилик янги асрда бироз жиловланди. Тўдаларнинг кўпчилик йўқ қилинди ёки уларнинг қолдиқлари ўзини четга олиб, ҳаётини сақлаб қолди.

Албатта, Россия уюшган жиноятчилиги фақат тўртта йирик гуруҳ билан чекланиб қолмаган. Айрим маълумотларга қараганда ўша йилларда мингга яқин катта-кичик тўдалар эмин-эркин фаолият юритган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Top