Жаҳон | 20:56 / 10.07.2023
10308
2 дақиқада ўқилади

Украинада Bayraktar дронини ишлаб чиқарувчи завод қурилиши бошланди 

2025 йилда мамлакатда Туркиянинг Bayraktar TB2 ва Bayraktar Akinci дронларини ишлаб чиқариш бошланиши кутилмоқда. 

Фото: AP / DHA

Украина стратегик саноат вазири Александр Камишин мамлакатда Туркиянинг «Bayraktar» учувчисиз самолётларини ишлаб чиқарувчи завод қурилиши бошланганини маълум қилди. 

«Украинада бир-икки йилдан бери гапирилаётган Bayraktar заводига келсак, қурилиш ишлари бошланган. Бу борада музокаралар бўлди, кейин тўхтаб қолди, жанжаллар ҳам бўлди. Бу завод нафақат қоғозда, балки амалда қурила бошланди», деди Камишин. 

8 июль куни Туркия ва Украина ўртасида дронларни биргаликда ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланган эди. Туркиянинг Baykar компанияси бош директори Холуқ Байроқтор сўзларига кўра, компания 2025 йилда Украинада Bayraktar TB2 ва Bayraktar Akinci дронларини ишлаб чиқаришни бошлайди. 

Украинада Bayraktar зарба берувчи дронларини ишлаб чиқарувчи завод қуриш режалари ҳақида Туркиядаги элчи Василий Боднар 2022 йил август ойида эълон қилган эди.  

Киев вилоятидаги заводнинг майдони 30 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиши керак, унда 300 нафар украиналик муҳандис ва техниклар ишлайди. Украинадаги Bayraktar маркази қурилиши учун жой шу йилнинг февраль ойида келишилган эди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид