Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Африкада қор ёғди. Бунақаси 10 йилдан бери кузатилмаганди
10 июл куни Жанубий Африканинг энг йирик шаҳри Йоханнесбург аҳолиси уйғонганида дераза ортида қор ёғаётганига гувоҳ бўлди. Жанубий яримшарда июл ойи – қишки ой саналади, аммо бу ерда 10 йилдан буён қор ёғмаганди.
Ҳукумат аҳолига қалинроқ кийинишни тавсия қилган, чунки мамлакатнинг катта қисмини совуқ фронт қамраб олган ва бу камида бир ҳафта сақланиб қолиши кутилмоқда.
«Ҳозирча қор ёғиши жиддий муаммо келтириб чиқармаяпти», — дея хабар қилган BBC мухбирига Жанубий Африка метеорология хизмати (Saws).
Йоханнесбург аҳолиси қор билан қопланган кўчаларга мафтун бўлиб қолган — бу улар яшайдиган ҳудудда ўта ноёб ҳодиса.
«Айрим ўқувчилар, мен ҳам улар билан, қор билан яқиндан танишиш учун ташқарига чиқдик… кимдир қор нималигини билади, бошқалар эса бу шунчаки бошқачароқ ёмғир деб ўйлашади», — дейди бошланғич синф ўқитувчиси Агнес Мидева.
Уй ходимаси Нобухоси Стомпи BBC билан суҳбатда йўлни қор қоплагани туфайли ишга бормагани ва ҳеч қачон бундай манзарани кўрмаганини айтиб берган.
«Уйимиз иссиқ, шундай экан, барчаси жойида, — дея қайд этади нозир Билли Нксумало. — Қор ҳаммаёқда ёғмоқда, у районимиз атрофидаги далаларни қоплаб олди — бу чиндан ҳам чиройли».
Қор Жанубий Африканинг қатор провинциялари, жумладан Шарқий Кейп, Мпумалангу ҳамда Йоханнесбург ва Соуэто шаҳарларини ўз ичига олувчи Гаутенг регионида ёғган.
Метеорологлар фермерларга бундай совуқ ҳароратда чорва моллари учун мос иссиқ оғилхоналар топишни тавсия қилган.
Ҳозирча бу ғайриоддий совуқ об-ҳаво ва қор ёғиши иқлим ўзгариши натижаси ёки ундай эмаслигини аниқ айтиш қийин.
Мавзуга оид
13:57 / 21.12.2025
ЖАРдаги барда отишма. Ўнга яқин киши ҳалок бўлган
17:13 / 22.08.2024
40 йиллик тутқунликда — Жанубий Африка ҳайвонот боғидаги сўнгги фил озод этилди
15:29 / 31.08.2023
ЖАРда Йоханнесбургдаги ёнғин оқибатида 73 киши ҳалок бўлди
14:36 / 24.08.2023