Жаҳон | 11:24 / 13.07.2023
4275
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг: Киевга қурол етказиб бериш - энг долзарб вазифа

Агар Украина мавжуд бўлишни тўхтатса, унинг НАТОга аъзолиги масаласини муҳокама қилишга ҳожат қолмайди, дея огоҳлантирди альянс бош котиби.

Фото: NATO

Украинани агрессияга қарши туриш учун зарур бўлган қурол-яроғ билан таъминлаш ҳужумга учраган мамлакатнинг ғарбдаги иттифоқчилари «энг долзарб вазифаси» ҳисобланади. Бу ҳақда 12 июль, чоршанба куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянснинг Вилнюсдаги саммитида Украина президенти Володимир Зеленский билан қўшма чиқиши чоғида маълум қилди.

«Албатта, кафолатлар, ҳужжатлар, НАТО-Украина кенгаши йиғилишлари муҳим, аммо ҳозир энг долзарб вазифа - Украина президенти Володимир Зеленский ва унинг қуролли кучларини етарлича қурол-яроғ билан таъминлаш», — деди Столтенберг. Ахир, агар Украина мавжуд бўлишни тўхтатса, унинг Шимолий Атлантика иттифоқига аъзолиги масаласини муҳокама қилишга ҳожат қолмайди, дея қўшимча қилди у. 

«Бизнинг хабаримиз шундай: биз Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз. Ва шошилинч зарурат - унга (Украинага) зарур бўлган қуролларни етказиб бериш», - дея хулоса қилди НАТО бош котиби. 

Ўз навбатида, Володимир Зеленский Россия билан уруш тугаганидан кейин мамлакати НАТО аъзосига айланишига ишонч билдирди. «Уруш давом этаётган пайтда Украина НАТОга аъзо бўла олмаслигини аниқ тушунади. Лекин бугун биз учрашган кўплаб ҳамкорларимиздан янграган сигналлар муҳим, Украина ҳақиқатан ҳам НАТО аъзоси бўлади. Ва бундай ишонч, менинг фикримча, биринчи марта янгради. Биз ҳақиқатан ҳам тегишли шароитлар мавжуд бўлганда НАТОга аъзо бўламиз. Шуни айтмоқчиманки, қачонки бизнинг еримиз хавфсиз бўлса», — дея Украина етакчисининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Liga net интернет нашри.

12 июль куни Вилнюсда Киев ва Шимолий Атлантика альянси ўртасида ҳамкорлик қилиш ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлишга Евроатлантика интилишларини илгари суриш мақсадида сиёсий мулоқот ўтказиш учун тузилган орган - НАТО-Украина кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. 

Мавзуга оид