Жаҳон | 11:34 / 15.07.2023
5874
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Ойга космик кемасини муваффақиятли учирди

Фото: AP

Санскритдан таржимада «ой автомобили» деган маънони англатувчи Chandrayaan-3 учувчисиз аппарати Ер табиий сунъий йўлдошининг кам ўрганилган жанубий томонини тадқиқ этиш учун мўлжалланган.

Ҳиндистон 14 июл, жума куни Chandrayaan-3 учувчисиз космик аппаратини Ой томон муваффақиятли учирди. Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) Андхра-Прадешдаги Сатиш Дхаван космик марказидан олинган суратларни эълон қилди. 

Chandrayaan-3 санскритдан таржимада «ой автомобили» деган маънони англатади, у Ойнинг кам ўрганилган жанубий томонини тадқиқ этиш учун мўлжалланган. Аммо биринчи навбатда у Ер сунъий йўлдоши юзасига муваффақиятли қўниши керак. Илгари фақат Хитой, Совет Иттифоқи ва АҚШ буни уддалаган. Chandrayaan-3 23 ёки 24 августда Ойга қўнишга уриниши кутилмоқда. 

Биринчи уриниш муваффақиятсиз тугаганди. 2019 йилда Chandrayaan-2 аппаратининг қўниш модули Ер сунъий йўлдоши юзасига қулаган. Мамлакат парламентида айтилган ISRO маълумотларига кўра, Ойга яқинлашиш вақтида тормоз тизимида муаммолар юзага келган. Ҳиндистон аввалроқ Ойга бошқа миссиясини амалга оширган: Chandrayaan-1 биринчи Ой зонди 2008 йилда учирилган ва Ойга қўнмасдан орбитал парвозни амалга оширган.

Ҳиндистон космик дастури 1960-йиллардан бери мавжуд. Дастлаб коинотга сунъий йўлдошларни учиришга эътибор қаратилди. Мамлакат энди ўз олдига янада улкан мақсадларни қўймоқда. Яқинда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг АҚШга ташрифи чоғида икки давлат ўртасида космик соҳадаги ҳамкорлик кенгайиши эълон қилинди. 

Мавзуга оид