11:20 / 15.07.2023
3753

Кулеба НАТО саммити ҳақида: Биз психологик тўсиқни енгиб ўтдик

Фото: AP

ТИВ раҳбари «Украина ҳақиқатан ҳам НАТО аъзоси сифатида кўриляпти», деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Кулебани бир жиҳат қаноатлантирмади: саммит коммюникеси матнида «Украина аъзоликка таклиф қилини ёки кейинроқ шартли равишда таклиф қилиниши ҳақида аниқ сўзлар йўқ».

Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Дмитрий Кулеба Шимолий Атлантика альянси саммитида «психологик тўсиқ» енгиб ўтилди ва «Украина ҳақиқатан ҳам НАТО аъзоси сифатида кўриляпти», деб ҳисоблайди. Ташқи сиёсат идораси раҳбарининг сўзлари 14 июл, жума куни «Европа ҳақиқати» нашри томонидан келтирилган.

«Ёпиқ эшиклар ортида ҳамма жуда босиқлик билан айтяпти: хавотир олманг, масала ҳал бўлди, сиз НАТО аъзоси бўласиз», - дея маълум қилди Кулеба. 

Саммит натижаларидан қониқдингизми, деган саволга вазир: «Умуман олганда, ҳа», деб жавоб берди. «Мени фақат бир жиҳат қаноатлантирмади: саммит коммюникеси матнида Украина аъзоликка таклиф қилингани ёки кейинроқ шартли равишда таклиф қилиниши ҳақида аниқ сўзлар йўқ», — деди ТИВ раҳбари. 

Вилнюсда бўлиб ўтган саммитда Киевнинг НАТОга аъзо бўлиш бўйича ҳаракатлар режаси талабларига риоя қилиш заруратини олиб ташлашга қарор қилинди. Шу билан бирга, иттифоқчилар Украинани «шартлар бажарилганда» таклиф қилишини очиқ-ойдин билдирган. Бироқ саммитда Киев бажариши керак бўлган шартлар рўйхати ошкор этилмаган, деб эслатади «Европа ҳақиқати». 

НАТОга аъзо бўлиш бўйича ҳаракатлар режаси очиқ эшиклар сиёсатининг амалий ифодаси ҳисобланиб, бешта йўналиш – сиёсий ва иқтисодий соҳалар, мудофаа жиҳатлари, ресурс масалалари, хавфсизлик ва қонунчилик бўйича аниқ қадамларни ўз ичига олади.

Украина альянс аъзоси бўлмаган ҳолда, 2020 йил июн ойидан бери НАТО билан ҳамкорликнинг алоҳида мақомига эга - кенгайтирилган имкониятлар тақдим этилган давлат.

Украина президенти Володимир Зеленский Киевнинг 2022 йил 30 сентябрда тезлаштирилган режимда НАТО аъзолигига ариза бериш қарорини эълон қилди. 

Top