Жаҳон | 09:53 / 15.07.2023
5814
3 дақиқада ўқилади

ЕИ молия кенгаши Украинага ёрдам беришни бир овоздан қўллаб-қувватлади

Фото: AP

Брюсселда Европа Иттифоқи молия вазирлари Еврокомиссиянинг келгуси 4 йил учун ЕИ бюджети доирасида Украинага 50 миллиард евролик ёрдам жамғармасини яратиш таклифи бўйича ишни давом эттиришга қарор қилди.

Европа Иттифоқи мамлакатлари молия вазирлари 14 июл, жума куни Украинага 50 миллиард евролик ёрдам жамғармаси ташкил этилишини қўллаб-қувватлади ва буни устувор масала деб атади. Брюсселда бўлиб ўтган дастлабки муҳокамада улар бир овоздан Киевга молиявий ёрдамни давом эттириш тарафдорига айланди. Бу ҳақда 1 июлдан ЕИ кенгашига раислик қилаётган Испания бош вазирининг биринчи ўринбосари ва иқтисодиёт вазири Надя Кальвиньо маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Испаниянинг ЕИ кенгашидаги мақсади - 2024 йил январигача Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича барқарор тузилмани яратишга эришиш ва Еврокомиссиянинг янги жамғарма бўйича таклифи ҳали техник жиҳатдан ишлаб чиқилиши керак. 

2024-2027 йилларда Киевга яна 50 миллиард евро ажратиладиган режани Европа комиссияси 20 июн куни тақдим этган эди. Жамғарманинг ташкил этилиши ҳақида унинг раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. «Ушбу захира, биринчи навбатда, Украинадаги ҳамкорларимиз учун ишончни таъминлайди. Бу бошқа донорларнинг фаоллигини ҳам рағбатлантириши керак», деди у ва янги жамғарма ЕИга урушда талаб қилинадиган мослашувчанлик билан ҳаракат қилиш имконини беришини таъкидлади. 

Режалаштирилган миқдор кейинги тўрт йил ичида Украинанинг барча прогноз қилинган эҳтиёжлари тахминан 45 фоизини қоплаши керак, ҳуманитар ва ҳарбий эҳтиёжлар бундан мустасно. Европа комиссияси вакилларига кўра, жамғарма тахминан 17 миллиард евро грант ва 33 миллиард евро кредитдан иборат бўлади, аммо грантлар ва кредитларнинг аниқ йиллик улуши ҳар йили стандарт бюджет бир қисми сифатида Европа парламенти ва ЕИ кенгаши томонидан белгиланади.

Маблағларнинг катта қисми - 39 миллиард евро грант ва кредитлар Украина давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши режалаштирилган. 8 миллиард евро Украинага сармоя киритиш учун кафолатлар ва шарт-шароитлар яратиш учун мўлжалланган, яна 3 миллиард евро эса мамлакатга техник ёрдам кўрсатиш учун ажратилган. Пакетнинг асосий вазифалари: Украинани реконструкция ва модернизация қилиш, Европа Иттифоқига кириш йўлидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, давлат хизматларини узлуксиз кўрсатиш, ижтимоий нафақалар, мактаблар ва шифохоналар учун давлат маблағларига бўлган эҳтиёжни қоплаш, инвестицияларни сафарбар қилиш, хусусий секторда иқтисодиётни тиклаш ва урушнинг ижтимоий оқибатларини бартараф этишда Украина жамиятига ёрдам бериш. 

Еврокомиссия режаси Украина ҳукумати билан келишилиши керак, деди Брюсселдаги брифингда Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси. «Бу Европа Иттифоқининг тарихдаги энг йирик молиявий воситаси бўлиб, учинчи давлат учун мўлжалланган», — деди у. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид