Жаҳон | 10:30 / 17.07.2023
3807
2 дақиқада ўқилади

Испаниянинг Палма оролида ёнғин туфайли 4000 киши эвакуация қилинди

Европа жанубидаги ғайритабиий иссиқлик туфайли Испанияда 66 минг гектар майдонни қамраб олган ўрмон ёнғинлари давом этмоқда.

Фото: Europa Press/EUROPA PRESS/dpa/picture alliance

Бир кун аввал ўрмон ёнғини содир бўлган Испаниянинг Канар ороллари архипелагидаги Палма оролида 4000 дан ортиқ одам эвакуация қилинди. Бу ҳақда 16 июль, якшанба куни маҳаллий ҳокимият хабар берди.

Ёнғинларни ўчиришга 300 га яқин ўт ўчирувчилар, шунингдек, 11 вертолёт ва самолётлар жалб этилган. «Ёнғин шамол, иқлим шароити ва иссиқлик туфайли жуда тез тарқалди», деди Канар ороллари минтақавий ҳукумати президенти Фернандо Клавихо ўз баёнотида. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 4700 гектардан ортиқ майдон ёнғиндан зарар кўрган.

Ёнғин эрталаб Пунта Горда шаҳри яқинидаги ўрмонзорда бошланган. Қўшни Тихарафе муниципалитети мери TVE телеканалига аҳолининг бир қисми ҳам эвакуация қилинганини айтди.

Европа ўрмон ёнғинлари ахборот тизими (EFFIS) маълумотларига кўра, 2022 йилда Испанияда 500 га яқин ўрмон ёнғинлари содир бўлиб, улар 300 минг гектардан ортиқ ўрмонни йўқ қилган, бу Европадаги энг ёмон кўрсаткич. EFFIS’га кўра, 2023 йилда Испаниядаги ёнғинлар 66 минг гектар ерни қамраб олган. 

Сўнгги кунларда Европа жанубий қисмида ҳаддан ташқари иссиқ ҳарорат кузатилди. Италия ва Испанияда ҳаво ҳарорати Целсий бўйича 40 даражадан ошди. Метеорологлар маълумотларига кўра, июн аллақачон Европада рекорд даражадаги энг иссиқ ойга айланди, деб таъкидлайди Bloomberg. 

Испания Давлат метеорология агентлиги (АЕМЕТ) келаси ҳафта мамлакатга янги иссиқ ҳарорат фронти кириб келишини эълон қилди. Испания ва Италия жанубида, шунингдек, Греция ва Туркия ғарбий қисмида ҳаво ҳарорати Целсий бўйича 40 даражага, баъзи ҳудудларда эса 44 даражага етади. 

Мавзуга оид