Жаҳон | 09:36 / 17.07.2023
5577
3 дақиқада ўқилади

Россия ва Хитой Япон денгизида қўшма машғулотлар ўтказмоқда

«Север. Взаимодействие-2023» деб номланган машғулотларга Россия томонидан ҳам денгиз, ҳам ҳаво кучлари жалб этилган.

Фото: Reuters

Хитойнинг бешта ҳарбий кемаси 15 июль куни эрталаб Россия билан «Север. Взаимодействие-2023» қўшма машғулотларида қатнашиш учун Япон денгизига йўл олди. Reuters агентлигининг 16 июль, якшанба куни хабар беришича, бу манёврлар Хитой ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кенгайганини англатади ва Пекин АҚШнинг икки давлат ўртасида ҳарбий алоқаларни тиклаш ҳақидаги чақириқларини рад этишда давом этаётган бир пайтда амалга оширилмоқда.

Хитойнинг Global Times интернет-нашри ёзишича, Россия томонидан ҳарбий-денгиз кучлари ҳам, ҳаво кучлари ҳам машғулотларда иштирок этади. Хитой Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия билан қўшма машғулотлар мавзуси «Стратегик денгиз йўллари хавфсизлигини таъминлаш» деб белгиланган. Манёврлар «икки давлат қуролли кучлари мувофиқлаштириш салоҳиятини янада ошириш ва уларнинг минтақавий тинчлик ва барқарорликни биргаликда таъминлаш, шунингдек, турли хил хавфсизлик чақириқларига жавоб бериш имкониятларини кучайтиришга қаратилган», — дея таъкидлади Хитой Мудофаа вазирлиги. 

Айни вақтда, ТАСС Россия давлат ахборот агентлиги Хитойнинг South China Morning Post газетасида «Юань Ванг» Пекин ҳарбий таҳлил маркази ходими Чжоу Ченминнинг машғулотлар ҳақидаги шарҳига таянади. Унда, хусусан, «АҚШ Япония ва Жанубий Кореяни, шунингдек, унинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги бошқа иттифоқдошлари ва ҳамкорларини Россия ва Хитойни яккалаб қўйишга жалб этишга уринаётгани» айтилади. «Хитой ва Россиянинг янада яккаланиши Хитой Халқ-озодлик армияси ва Россия Қуролли кучларини янада кўпроқ қўшма ҳарбий машқлар ўтказишга ундайди», деди Чжоу. 

Россиянинг «Громкий» ва «Совершенный» ҳарбий кемалари Япон денгизидаги машғулотларда қатнашиб, Хитой ҳарбий-денгиз кучлари билан шу ой бошида Шанҳайда машғулотлар, алоқа ва денгизда қутқарув машқларини бажариш учун алоҳида манёврлар ўтказди, деб эслатади Reuters. 

Мавзуга оид