Жаҳон | 12:20 / 17.07.2023
10164
3 дақиқада ўқилади

Туркия: ХВЖнинг Швеция НАТОга аъзо бўлиши учун кредити - олибсотарлик

«Туркия 10 йилдан бери ХВЖсиз ва ўта оғир даврда ўзининг иқтисодий жараёнларини муваффақиятли бошқарди», деди мамлакат вице-президенти Жевдет Йилмаз. 

Жевдет Йилмаз / Фото: Anadolu Agency

Айрим халқаро оммавий ахборот воситаларининг Анқара Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) 11-13 миллиард доллар миқдоридаги кредит эвазига Швециянинг НАТОга қабул қилинишини маъқуллагани ҳақидаги хабарлари «соф олибсотарлик»дир. Бу ҳақда Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаз 17 июль, душанба куни эрталаб чоп этилган TRT Haber турк интернет нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«2013 йилда жаноб президент АТП (Адолат ва тараққиёт партияси) даврида ХВЖ билан муносабатларга нуқта қўйди, ўшанда ҳақиқатан ҳам кучли ирода кўрсатди ва шу маънода барча қарзларни тўлади. Ўшандан бери Туркия 10 йил давомида ХВЖсиз яшади ва ўта оғир даврда ўзининг иқтисодий жараёнларини муваффақиятли бошқарди.Туркия буни келажакда ҳам давом эттиради. Бу маънода бизда ҳеч қандай изланиш, кун тартиби йўқ», - деди Йилмаз тегишли саволга жавоб бериб. 

АҚШ президенти Жо Байденнинг Туркияга Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризасини маъқуллаш учун ХВЖ кредитини ваъда қилгани, хусусан, Туркиянинг Yenicag интернет нашри 14 июль куни ёзди, нашр бу ҳақда америкалик тадқиқотчи журналист Сеймур Херш гапирганини билдирган.

Яқин вақтгача Туркия мамлакатда террорчи ташкилот сифатида тан олинган Курд ишчилар партиясига (КИП) нисбатан ижобий муносабатини танқид қилиб, Швециянинг Шимолий Атлантика альянсига киришига тўсқинлик қилган эди. 

Бироқ 10 июль куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни мамлакат парламентига юборишга ва унинг ратификация қилинишини таъминлашга розилигини маълум қилди. 

Беш кундан сўнг, 15 июлда Туркия президенти маъмуриятининг коммуникациялар бўлими бошлиғи Фаҳреттин Алтун Middle East Eye онлайн-журналида мақола эълон қилди ва унда Швециянинг Шимолий Атлантика иттифоқига киришини «Анқара ва НАТО учун ғалабали қадам» деб атади. Шарқ ва Ғарб ўртасидаги географик қуруқлик кўприги ва Қора денгизга олиб борадиган сув йўлларини назорат қилаётган Туркия учун «ғарбий лагерда бўлиш жуда муҳим», деди Алтун. 

Мавзуга оид