Жаҳон | 10:01 / 18.07.2023
38036
8 дақиқада ўқилади

Россия ғалла битимидан чиқишини эълон қилди. Бу нимани англатади?

Россия уруш шароитига қарамай, Украина озиқ-овқат маҳсулотларини Қора денгиз портларидан экспорт қилишга йўл очган ғалла битимидан расман чиқди. Москва бу ҳақда Туркия, Украина ва БМТ котибиятини хабардор қилган. Келишув муддати 17 июл куни тугади.

Фото: Getty Images

«Қора денгиз ташаббуси» 18 июлдан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатади, Украина ғалласи юкланган кемаларни текширувчи Истанбулдаги қўшма мувофиқлаштириш маркази тарқатиб юборилади», дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Россия шунингдек, кемалар ҳаракати хавфсизлиги кафолатларини бекор қилди ва Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисмидаги денгиз ҳуманитар йўлагини ёпишни режалаштирмоқда.

Кремл аввалроқ, Украина озиқ-овқат маҳсулотларини Қора денгиз портлари орқали экспорт қилиш имконини берувчи ғалла келишувни кўриб чиқиш учун музокаралар столига Москва талаблари қондирилсагина қайтишини маълум қилган эди.

«Қора денгиз келишувининг Россияга тегишли қисми бандлари бажарилиши биланоқ, Россия дарҳол ушбу келишувни амалга оширишга қайтади», деган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Унинг сўзларига кўра, ғалла битими бўйича позиция Москва томонидан Қрим кўпригига ҳужум содир бўлишидан олдин эълон қилинган ва 17 июлга ўтар кечаси содир бўлган воқеаларнинг шартнома фаолияти тугатилишига боғлиқлиги йўқ.

Россия ҳукумати ҳақиқатан ҳам узоқ вақтдан бери 2022 йилнинг 22 июлида келишилган «Қора денгиз ғалла ташаббуси»дан чиқиш билан таҳдид қилиб, келишув шартлари бўйича Россияга берилган ваъдалар бажарилмаётганини таъкидлаб келади.

Туркия, Украина расмийлари ва БМТ вакиллари битимни сақлаб қолиш учун чиқиш қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 17 июл куни Путинда ҳали ҳам келишувни узайтириш истаги бор деб ҳисоблашини айтди.

«Бугунги баёнотга қарамай, менимча дўстим... Путин бу ҳуманитар коридор (фаолияти) давом этишини хоҳлайди», дея Эрдўғаннинг сўзларини келтирган Reuters нашри.

Европа Иттифоқидагилар вазиятга юқори оптимизм қарагани йўқ. Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Москванинг ғалла келишувидан чиқиш қарорини қоралади ва буни «циник қадам» деб атади. Унинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи Украина озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказиб бериш устида ишлашда давом этади.

Ғалла шартномаси доирасидаги охирги кема Одесса портидан 16 июл куни эрталаб йўлга чиқди. Россия июн ойи охирида бу кеманинг Қора денгиз орқали ўтишига рози бўлганди ва шундан кейин Москва бошқа кемалар ўтишига рухсат бермади.

Украина ҳукумати келишув шартларига кўра, дон ташувчи кемаларни текшириши керак бўлган Россия инспекторлари ғалла йўлаги фаолиятига халақит бериш учун текширувни атайин кечиктириши, мунтазам равишда регламентда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиши ва бошқа асоссиз сабабларни излаши устидан бир неча бор шикоят қилган.

Қандай шартлар бажарилмади?

Сўнгги ҳафталарда Путин ғалла келишувини бир неча марта танқид қилиб, уни бошқа нарсалар қатори «бир дарвозага ўйнаш» деб атаганди.

«Мен шуни айтмоқчиман, ҳеч нима, умуман ҳеч нима қилинмади. Бу бир дарвозага ўйнаш. Россия Федерацияси манфаатлари билан боғлиқ бирор банд бажарилмади», деганди Путин 13 июл куни.

15-16 июл кунлари Жанубий Африка республикаси президенти Сирил Рамафоса билан дон келишувини муҳокама қилар экан, Путин «Россия-БМТ тегишли меморандумида Россия озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитларини экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича белгиланган мажбуриятлар ҳамон бажарилмаганини таъкидлади», дейилади Кремл веб-сайтидаги хабарда.

Россия ва БМТ ўртасидаги меморандум ғалла келишуви муҳокамасидаги расмий келишмовчиликларнинг асосий манбайидир.

2022 йил 22 июл куни Истанбулда бир эмас, иккита ҳужжат имзоланганди: Россиядан жаҳон бозорларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар экспортини таъминлашга қаратилган БМТ ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро англашув Меморандуми ҳамда россиялик ҳарбийлар томонидан тўсиб қўйилган Украина портларидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитларнинг хавфсиз экспортини таъминлашни (бу шартнома Украина ва Туркия ўртасидаги алоҳида келишувни ва БМТ воситачилигидаги Россия-Туркия келишувини ўз ичига олган) назарда тутувчи «Қора денгиз ғалла ташаббуси».

Россия ғалла битими икки қисмдан иборатлиги, Украинадан ҳам, Россиядан ҳам экспортни қўллаб-қувватлашни кўзда тутиши ҳақидаги фикрда қаттиқ туриб олган. Бу омил Россия расмийларининг келишувнинг «комплекс» хусусиятига кўплаб ҳаволаларини тушунтиради.

Ушбу нуқтайи назарга қарши, ҳужжатлар, биринчидан, иштирокчиларнинг турли таркиби томонидан имзолангани, иккинчидан, турлича амал қилиш муддатига эгалигини (Меморандум уч йил муддатда) айтиш мумкин. Қолаверса, меморандум матнида фақатгина, томонлар улар кўрадиган чора-тадбирлар борасида «ўзаро англашувга келгани» қайд этилган.

Ҳужжатда, шунингдек, меморандум халқаро шартнома ҳисобланмаслиги ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳеч қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларни юкламаслиги кўрсатилган.

Санкциялар ёки токсик иқтисодиёт

«Россия озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига тўсқинлик қилувчи санкцияларни юмшатиш шарти ғалла битимига расман киритилмаганига қарамай, у АҚШ ва Европа Иттифоқи билан келишилган», деб ёзади Carnegie Politika.

Натижада, Европа Иттифоқи томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар Россиядан озиқ-овқат ва ўғитларни (калийдан ташқари) импорт, экспорт қилиш, сотиб олиш ёки сотишни тақиқламайди. Санкцияларнинг 9-пакетида ҳатто санкцияга тушган субъектлар иштирокидаги операцияларга ҳам рухсат берилиши алоҳида қайд этилган.

Бироқ, Москванинг талаблари, шунчаки озиқ-овқат таъминоти бўйича чеклов чораларини бекор қилиш билан тўхтамади.

Россия ТИВ талқинига кўра, музокаралар чоғида Москвага «Россия Федерациясининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро жаҳон бозорларига етказиб бериш учун тўғридан тўғри ва билвосита барча санкцияларни бекор қилиш» каби ваъдалар берилган. Амалда, Россия ҳукумати қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига қандайдир тарзда таъсир кўрсатадиган иқтисодий санкцияларнинг муҳим қисмини олиб ташлашни талаб қилди.

Россия ғалласини етказиб беришда ҳақиқатан ҳам муаммолар мавжуд. Импорт қилувчилар санкциялардан қўрқиб, Россия компаниялари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётган бўлиши мумкин.

Аслида бутун Россия иқтисодиёти заҳарли бўлиб қолди, аммо Кремл буни олиб ташланиши мумкин бўлган баъзи «билвосита санкциялар» натижаси сифатида кўради.

Яна бир муаммо — Россия банкларининг SWIFT тизимидан узилиши, бу жўнатмалар учун тўловларни жуда ноқулай қилиб қўяди.

Financial Times нашрининг ёзишича, ғалла шартномасини узайтириш бўйича музокаралар чоғида Россия дастлаб, «Росселхозбанк» тўловларни қайта ишлаш учун шуъба компаниясини яратиши ва унга SWIFT тизимига кириш ҳуқуқи берилишини кўзда тутувчи режани таклиф қилган.

«Росселхозбанк» илгари ғалла ва ўғитларнинг халқаро савдосида муҳим рол ўйнамаган, аммо, афтидан, Кремл уни қишлоқ хўжалиги экспорти учун тўловлар қилишда «ягона дарча»га айлантиришни ва шу билан уни санкциялардан ҳимоя қилишни мақсад қилган («Газпромбанк» ва газ экспортига ўхшаб)», дея тушунтиради Carnegie Politika.

Музокаралар якунларига кўра, «Росселхозбанк» масаласи бўйича қандайдир келишувларга эришилгани ҳақида хабар берилмаган.

Financial Times бу банк тўлиқ Кремлга тегишли эканини қайд этган: унинг собиқ бошқарув раиси Дмитрий Патрушев амалдаги қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб, «Украинадаги урушни бошлашда муҳим рол ўйнаган» Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг ўғли ҳисобланади.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид