Жаҳон | 16:35 / 21.07.2023
22437
3 дақиқада ўқилади

Фаттоҳ Шодиевнинг жияни Қозоғистонда 1,5 йилга қамалди

Қозоғистоннинг энг таъсирли ва энг бой 50 нафар бизнесменлари қаторига кирган, бойлиги 170 млн доллардан ортиққа баҳоланган тадбиркор Орифжон Шодиев Asia Credit Bank иши бўйича айбдор деб топилди.

Орифжон Шодиев / Фото: Facebook / @orifdzhan_shadiev

Олигарх Фаттоҳ Шодиевнинг жияни Орифжон Шодиев Қозоғистондаги Asia Credit Bank иши бўйича айбдор деб топилди ва 18 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган.

Кичик Шодиев Қозоғистон Жиноят кодекси 250-моддасида назарда тутилган мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Суд ҳукмига кўра, у Asia Credit Bank'ка 16,69 миллиард тенге (37,5 миллион доллардан ортиқ) зарар етказган. Ҳукмда бу зарарни қоплаш мажбурияти ҳам юкланган. Ориф Шодиевдан ташқари, унинг ёрдамчиси Михаил Соловевга 1 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълум бўлишича, 2019 йилда Ориф Шодиев Нурбола Султандан Asia Credit Bank'ни сотиб олади. Келишувдаги ягона шарт – Шодиев, акциялар эвазига, банкнинг бир нечта кредитлари бўйича гаров таъминотини ечиши ва бу мажбуриятларни ўз бўйнига олиши керак бўлган. Ўша вақтда бу келишув қиймати 16,69 миллиард тенге бўлган мулкларни назарда тутган.

Шодиев, дастлаб, ечилган гаров таъминотлари ўрнига, Олма-отанинг юқори қисмидаги 7 та ер участкасини гаров сифатида қўйган. Кейинроқ фикрини ўзгартириб, Тоғли Гигантда (Олма-отадаги элит ҳудуд) жойлашган 100 гектардан ошиқ ҳудудни гаровга қўяди. Ўшанда бу ер майдонларининг қиймати 46 миллиард тенгедан (100 миллион доллардан кўпроқ) ортиққа баҳоланган. Яъни гаров қиймати кредит суммасини қоплайди, деб ҳисобланган.

Кейинроқ, Asia Credit Bank ўзига юклатилган мажбуриятларни бажара олмаслиги туфайли лицензияси олиб қўйилган. Банкни бошқариш давлат томонидан тузилган ликвидация комиссияси қўлига ўтган. Комиссия банкнинг мижозлар ва кредиторлар олдидаги мажбуриятларини қоплаш учун банк активларини сотувга қўйиш мақсадида уларни хатловдан ўтказган. Хатлов давомида маълум бўлишича, Шодиев томонидан гаровга қўйилган 100 гектардан ортиқ ер майдони фермер хўжаликлари учун мўлжалланган бўлиб, у ерда коттеж ва виллалар қуришга қонуний рухсат йўқ (ҳужжатларда эса бу ерларда якка тартибдаги уйлар қуриш мумкинлиги кўрсатилган бўлган). Шу сабабли ҳудуднинг нархи 46 млрд тенге турмаслиги маълум бўлган.

Ориф Шодиев – асли ўзбекистонлик олигарх Фаттоҳ Шодиевнинг жияни ҳисобланади. У қўшни мамлакатда банк ва қурилиш соҳадаги йирик бизнеслар эгаси. 48 ёшли Шодиев, Forbes рейтингига кўра, бир неча маротаба Қозоғистондаги энг таъсири катта 50 нафар тадбиркор ва миллионерлар рўйхатига кирган. 2018 йил ҳолатига, унинг бойлиги 177 миллион долларга баҳоланган.

Мавзуга оид