12:21 / 21.07.2023
6554

ЕИ Навалний сақланаётган колония раҳбариятига қарши санкциялар киритди

Владимир вилоятидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колонияси раҳбари Дмитрий Ножкин, шунингдек, унинг ўринбосарлари Юрий Фомин, Данила Синюхин ва Анатолий Горшковга ҳам чеклов чоралари жорий этилди.

Фото: Natalia KOLESNIKOVA/AFP/Scanpix/Leta

Европа Иттифоқи Россияда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, хусусан, сиёсатчи Алексей Навалний ва жамоат арбоби Владимир Кара-Мурзанинг таъқиби учун масъул бўлган 12 киши ва беш ташкилотга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда 20 июль, пайшанба куни ЕИ кенгаши сайтида маълум қилинди.

Жазони ижро этиш федерал хизмати директори Аркадий Гостев, унинг ўринбосари Алексей Гиричев, Владимир вилоятидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колонияси бошлиғи Дмитрий Ножкин, шунингдек, унинг ўринбосарлари Юрий Фомин, Данила Синюхин ва Анатолий Горшковга нисбатан санкциялар қўлланган. Айнан шу колонияда Навалний муддатини ўтамоқда.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи мухолифат етакчиси Владимир Кара-Мурзани захарлашда айбдор деб ҳисоблаган «ФСБ» зобити Александр Самофал ҳам чекловларга тушди.

Европа Иттифоқи санкциялари, шунингдек, «Россияда ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш учун оммавий юзни таниб олиш технологиясини суиистеъмол қилган» тузилмалар ва одамларга нисбатан ҳам жорий қилинган. ЕИга кўра, улар орасида Москва мэрининг ўринбосари Наталя Сергунина, Москва ИИББ бошлиғи Олег Баранов, Москва ахборот технологиялари департаменти раҳбари Эдуард Лисенко, шунингдек, улар бошчилигидаги тузилмалар бор.

Европа Иттифоқининг қайд этишича, санкциялар рўйхатига киритилган одамлар ва идоралар сиёсий сабабларга кўра суд қарорларини қабул қилиш, кузатув ва оммавий ҳибсга олишда иштирок этган. Шунингдек, Москва мэриясининг NtechLab, «Электронная Москва» АЖ ва Tevian юзни таниб олиш технологияси учун масъул бўлга пудратчи компаниялари ҳам санкциялар остида қолди. 

Top