21:30 / 27.07.2023
18721

Ким Чен Ин Шойгуга тақиқланган баллистик ракеталарни кўрсатди

Шунингдек, Россия мудофаа вазирига Америка дронларига ўхшаш техникалар намойиш этилди. 

Фото: KCNA

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан биргаликда Пхеняндаги қурол-яроғ кўргазмасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Шимолий Кореянинг «Корея овози» радиостанцияси хабар берди. 

Кўргазмада Шимолий Корея раҳбари ва Россия вазири «замонавий қуроллар»ни кўздан кечирган. Шунингдек, Ким Чен Ин Шойгуга мамлакат мудофаасини ривожлантириш режасига мувофиқ ишлаб чиқилаётган қуроллар ва ҳарбий техника ҳақида гапириб берган. 

Фотосуратларга кўра, Шимолий Корея раҳбари россиялик меҳмонга БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан тақиқланган баллистик ракеталарни кўрсатган. Ушбу резолюцияни Россия билан Хитой ҳам қўллаб-қувватлаган эди. 

Бундан ташқари, суратларда Шимолий Кореянинг янги дронлари ҳам кўзга ташланади. Улар Американинг RQ-4 Global Hawk ва MQ-9 Reaper дронларига ўхшаш. 

Ўз навбатида, Шойгу КХДР Мудофаа вазирлигида бўлиб ўтган зиёфатдаги чиқиши чоғида Шимолий Корея армиясини «дунёдаги энг кучли армия» деб атаган. 

«Шойгу Олий қўмондон атрофида бирлашган Корея халқ армияси ўз қудратини тинимсиз мустаҳкамлагани, натижада у дунёдаги энг кучли армияга айланганини таъкидлади», деб ёзди Корея матбуоти. 

Америка Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Анкит Панда сўзларига кўра, КХДР расмийлари аввал Россия ва Хитой делегациялари ташрифи чоғида ўз ядро салоҳиятини намойиш этмасликка ҳаракат қилган. Шойгунинг Шимолий Корея ракеталарини кўздан кечириши эҳтимол Россиянинг КХДР ядровий дастурини маъқуллашини англатиши мумкин. 

25 июль куни Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия Мудофаа вазирлиги делегацияси ташриф билан Шимолий Кореяга борди. Россиялик вазир Корея урушидаги сулҳнинг 70 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантаналарда иштирок этди, шунингдек, Ким Чен Ин билан «глобал ва минтақавий хавфсизлик масалаларини» муҳокама қилди. 

Россия Украинага бостириб кирганидан бери Шимолий Корея доимий равишда Москва позициясини қўллаб-қувватлаб келади. Шимолий Корея БМТда Россияни қораловчи резолюцияларга қарши овоз берган, шунингдек, Украина ҳудудлари аннексия қилинган «референдумлар» натижаларини расман қўллаб-қувватлаган дунёдаги ягона давлатдир. 

Америка матбуоти разведка манбаларига таяниб, Москва Пхеняндан ўқ-дорилар сотиб олаётгани ҳақида бир неча бор ёзган. Шимолий Корея буни расман рад этиб келмоқда. 

Top