Ўзбекистон | 18:36 / 27.07.2023
9778
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд янгиланди

26 июл куни Ўзбекистон бўйлаб 250,7 млн кВт⋅соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлиб, бу билан икки ҳафта олдин ўрнатилган рекорд кўрсаткич яна янгиланди. Энергетика вазирлиги аҳолидан катта аварияларнинг олдини олиш учун қилинаётган қисқа муддатли узилишларни тўғри тушунишни ва қатъий тежамкорликка амал қилишни сўради.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Аномал иссиқ фонида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли 2022 йилнинг ёз ҳамда 2023 йилнинг июн ойидаги рекорд кўрсаткичларни янгилади.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, 2023 йил 26 июлида республика бўйича электр энергияси истеъмоли 250,7 млн кВт⋅соатни ташкил этган. 2022 йилнинг худди шу кунида жами 236,9 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, кечаги кўрсаткич аввалги йилдагидан 5,8 фоиз ортиқ бўлган.

Бундан олдин 2023 йил 12 июл куни республика бўйича жами истеъмол 247,5 млн кВт⋅соатни ташкил этиб, рекорд кўрсаткич янгиланган эди.

Шу билан бирга, 26 июл куни электр энергияси истеъмолининг соатлик талаби қарийб 12 300 МВтни ташкил қилган. Бу 2022 йилнинг шу кундаги ҳолатига нисбатан 1 500 МВт (+14,1 фоиз)га кўпдир.

Маълумот учун, 2022 йилда максимал электр энергияси истеъмоли 27 июлда қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич 239 млн кВт⋅соатни, кундузги истеъмол қуввати 10 800 МВтни ташкил қилган.

Энергетика тизимидаги электр станциялари томонидан кунлик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 243,9 млн кВт⋅соатни ташкил этди. Бу – 2022 йилнинг шу кунги ҳолатига нисбатан 21,5 млн кВт⋅соат (9,6 фоиз) кўпдир, дейилади хабарда.

Вазирликнинг қайд этишича, аномал иссиқ об-ҳаво электр узатиш тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти 25 фоизгача пасайишига олиб келади. Бу, биринчи навбатда, тармоқларнинг физик хусусиятларига боғлиқ бўлиб, бундай ҳолларда зарур чора сифатида тармоқда мажбурий чеклов киритилмаса, йирик ҳажмдаги аварияларга сабаб бўлиши мумкин.

“Истеъмолчилардан тармоқда кенг кўламли носозликлар юзага келишининг олдини оладиган, анча узоқ вақт тузатишни талаб қиладиган ҳолгача етиб бормаслик учун қисқа муддатга электр энергиясини узиб туришга тўғри келадиган бундай зарурий чоралар бугун ўта муҳим эканлигини тўғри тушунишларини ва қўллаб-қувватлашларини сўраймиз.

Қатъий тежамкорликка амал қилиб, зарурат бўлмаган ҳолларда электр асбобларидан фойдаланмаслик орқали ҳам барчамиз тизимда юкламанинг ортишини, авариялар ва узилишларнинг кўплаб содир бўлишининг олдини олишга катта ҳисса қўшамиз”, – дейилади Энергетика вазирлиги ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 26 июл куни бир вақтнинг ўзида Тошкентнинг 7 та туманидаги қатор ҳудудларда электр энергияси узилиб қолган эди. Бугун, 27 июл куни таъмирлаш ишлари муносабати билан пойтахтнинг Олмазор (13 соатгача), Сергели (8 соатгача) ва Яккасарой (3 соатгача) туманларидаги айрим кўчаларда электр узилишлари бўлиши хабар қилинган.

Мавзуга оид