Жаҳон | 10:45 / 28.07.2023
8485
2 дақиқада ўқилади

Санкциялар туфайли BRICS банки Россияда янги лойиҳаларни режалаштирмаяпти

Россия ҳаммуассиси бўлган Янги тараққиёт банки Россия Федерациясидаги янги лойиҳалардан воз кечди. Банк раҳбари Дилма Руссефф буни амалдаги санкциялар билан изоҳлади. 

Фото: moscowtimes

BRICS мамлакатлари томонидан яратилган Янги тараққиёт банки (ЯТБ) Россияда янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмайди, чунки у молия ва капитал бозорларида ўрнатилган чекловларга мувофиқ ишлайди. Бу ҳақда 26 июль, чоршанба куни унинг раҳбари Дилма Руссефф маълум қилди, дея хабар бермоқда Reuters. 

Банк веб-сайтида эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, «Россияда янги ЯТБ операцияларини муҳокама қилиш бўйича ҳар қандай спекуляция асоссиздир». 

Руссефф шу куни кечқурун Санкт-Петербургда Россия-Африка саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин билан учрашув мавзусини «бўлажак BRICS саммитидаги ЯТБ роли» деб атаган. 

Россия 2014 йилда ташкил этилган ва бир йилдан сўнг ишга туширилган BRICS Янги тараққиёт банкининг ҳаммуассиси эди. ЯТБ штаб-квартираси Шанҳайда жойлашган. 

Украинада тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг, Россия Федерациясига нисбатан Россиядаги ҳар қандай лойиҳаларни молиялаштириш ёки суғурталашни амалда тақиқловчи қаттиқ иқтисодий ва молиявий санкциялар жорий этилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид