22:46 / 29.07.2023
8006

Болани қуёш уришидан ҳимоя қилиш усуллари айтилди

Болага бош кийими, қўл ва оёқларини қоплайдиган енгил кийим кийдиринг. Ичимлик суви билан таъминланг.

Фото: Shutterstock

Ёз - болалар очиқ ҳавода кўп ўйнайдиган вақт. Ота-оналар ҳам фарзандларининг иложи борича очиқ ҳавода бўлишини хоҳлайди. Бироқ, хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаса, қуёш нури болалар саломатлиги учун хавфли бўлиши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистоннинг «Алау» реабилитация маркази директори, педиатр Майя Шегебаева маълум қилди.

Шифокорнинг фикрича, қуёш нури теридаги мураккаб биокимёвий жараёнларни фаоллаштиради, бутун организмга, асаб тизимига, қон айланиш тизимига, умумий метаболизмга фойдали таъсир кўрсатади, бактерицид хусусиятига эга ва витаминлар синтези механизмини фаоллаштиради. Бироқ, қуёш нури остида ҳаддан зиёд бўлиш тескари таъсир кўрсатиши мумкин.

«Агар узоқ вақтга сайрга чиқсангиз ёки қуёш остида кўп вақт қоладиган бўлсангиз, болага қўл ва оёқларини қоплайдиган енгил кийим кийдиринг. Бош кийим кийдиришни унутманг, тананинг очиқ қисмига махсус қуёш кремини суринг ва болани ичимлик суви билан таъминланг. Қуёш кремини танлашда кўрсатмаларга эътибор беринг - у болаларда фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиши керак. Фойдаланиш қоидаларини диққат билан ўрганинг», деди у.

Майя Шегебаева эрталаб соат 10.00 дан 16.00 гача қуёш нурлари остида бўлмасликни, бу вақтни уйда ёки сояда ўтказишни тавсия этади.

«Агар сиз кунни пляжда ёки паркда ўтказишни режалаштирмоқчи бўлсангиз, сояли жой топинг ва соябон ёки чодир ўрнатинг. Болаларни қуёшнинг тик нурларидан ҳимоя қилиш керак, чунки улар сезгир бўлади. Қуёшда юриш оқибатида куйиш кўринишидаги турли тошмалар юзага келади. Оғир ҳолатларда оғизда кўпик пайдо бўлиши, кўнгил айниши, иситма, титроқ ва бош оғриғи пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда шифокорга мурожаат қилиш керак», деди шифокор.

Агар болани кун урган бўлса, у даволаниши керак, агар жиддий бўлса, ҳатто касалхонага ётқизилиши мумкин. Шу билан бирга, шифокор куннинг иссиқ вақтида болага кўп миқдорда суюқлик беришни тавсия этади.

«Ушбу оддий қоидаларга амал қилган ҳолда, болангизни қуёш уришидан ҳимоя қилишингиз мумкин. Фарзандингиз саломатлиги энг муҳими эканини унутманг», деб огоҳлантирди шифокор.

Top