Ўзбекистон | 19:18 / 29.07.2023
19572
7 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги ёнғин биринчиси эмас. Яқин ўтмишнинг йирик ёнғинлари ҳақида

Фарғонадаги караоке барида ёнғин содир бўлиб, унда 6 киши қурбон бўлди. Одамлар ўлими билан боғлиқ ёнғин ҳодисалари Ўзбекистон ва хорижий давлатларда тез-тез учраб туради.

Фото: KUN.UZ

Халқимизда олов – тилсиз ёв деб аталади. Агар олов вақтида жиловланмаса аянчли оқибатларга олиб келиши ва инсонлар ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Ҳар куни дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган ёнғинлар оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлмоқда.

Жумладан, бугун, 2023 йил 29 июл куни соат 11:39 да Фарғона шаҳар «Машъал» МФЙ Сайилгоҳ кўчасидаги 4 қаватли бинонинг ертўласида жойлашган караоке кафесида келиб чиққан йирик ёнғин оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, 7 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган.

Қуйида, яқин тарихда Ўзбекистонда ва дунёнинг турли ҳудудларида содир бўлган ва кўплаб одамларнинг ҳалокатига сабаб бўлган ёнғинлар ҳақида сўз юритамиз.

Сўнгги йилларда дунёдаги одам кўп ҳалок бўлган йирик ёнғинлар

2011 йил 5 июл. Қизил денгизнинг Судан давлати қирғоқлари яқинида сузиб кетаётган кемада ёнғин чиқади. Кема Саудия Арабистонига ноқонуний муҳожирларни олиб кетаётган эди. Ёнғин кема портдан жўнаб кетганидан тўрт соат ўтиб бошланади ва оқибатда у чўкиб кетади. Фожиа оқибатида 197 киши ҳалок бўлади. Фақат уч кишини қутқаришга муваффақ бўлишади.

2012 йил 28 май. Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган Villagio Mall савдо марказида кучли ёнғин содир бўлади. Фожиада 19 киши, жумладан 13 бола ва тўрт нафар ўқитувчи ҳаётдан кўз юмади. Бундан ташқари, яна икки нафар фуқаро мудофааси ходими ҳалок бўлади. Ҳодиса қурбонларининг барчаси хориж фуқаролари эди.

Villagio Mall

2013 йил 10 июн. Хитойнинг Цзилин провинциясида кучли ёнғин содир бўлади. Оқибатда, 120 киши ҳаётдан кўз юмади, яна 70 киши касалхонага ётқизилади. Расмий маълумотларга кўра, ҳодисага суюқ аммиакнинг сизиб чиқиши сабаб бўлган. Ҳодисадан омон қолган воқеа гувоҳлари ёнғиндан аввал кучли портлаш содир бўлганини айтишган.

2014 йил 2 май. Одесса шаҳри бўйлаб Украина яхлитлигини қўлловчи футбол мухлислари ва мамлакатни федератив давлатга айлантириш тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтади.

Тўқнашувларда энг фожиали ҳодиса Касаба уюшмалари уйида содир бўлади. Ўша пайтда бу бинода Украинани федератив давлат қилиш тарафдорлари йиғилган эди.

Украина яхлитлигини қўлловчилар бинога «Молотов коктейли» улоқтиришади ва у ерда ёнғин бошланади. Оқибатда, 42 киши ҳалок бўлади. Яна кўплаб инсонлар куйиш жароҳатини олишади.

2015 йил 5 июн. Гананинг Аккра шаҳридаги ёқилғи қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлади ва кучли ёнғин келиб чиқади. Оқибатда, яқин атрофда бўлган 175 киши ҳалок бўлади.

Фото: EPA

Текширувларда юз берган сув тошқини ёқилғи қуйиш шохобчасидаги цистернага зарар етказгани ва ундан сизиб чиққан ёқилғи портлагани аниқланади. Ўша пайтда сув тошқинидан қочган одамлар ёқилғи қуйиш шохобчасида жон сақлаш учун йиғилган.

2016 йил 10 апрел. Ҳиндистон жануби-ғарбидаги Паравур шаҳридаги ибодатхонада ёнғин содир бўлади. Одамлар томонидан отилган фейерверклардан бири пиротехника воситалари жойлашган омбор томига келиб тушади. Оқибатда аввал портлаш, сўнг йирик ёнғин келиб чиқади. Ушбу ҳодисада 106 киши ҳалок бўлади, 350 дан ортиқ киши жароҳатланади.

Фото: Sputnik

2017 йил 14 июн. Британия пойтахти Лондондаги Grenfell Tower осмонўпар биносида содир бўлган ёнғин 80 кишини ҳаётдан олиб кетади. Тахминларга кўра, 24 қаватли бинода юз берган ёнғинга музлаткичлардан бирининг носозлиги сабаб бўлади.

Фото: BBC

2018 йил 18 январ. Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ҳаракатланиб кетаётган автобусда ёнғин келиб чиқади. Оқибатда, автобусда йўловчи сифатида кетаётган 52 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлади.

Фото: РИА "Новости"

2018 йил ноябр ойида жами 5 нафар айбланувчига жазо тайинланади. Улардан, автобус ҳайдовчилари Танатов, Қирғизбоев ва Пернебековга 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини олишади.

2018 йил 25 март. Россиянинг Кемерево шаҳрида жойлашган «Зимняя вишня» савдо марказида содир бўлган кучли ёнғинда 64 киши ҳаётдан кўз юмади. Улардан 41 нафари болалар бўлган.

Фото: ТАСС

Ёнғинга болалар майдончасидаги батутали бассейнда кимдир поролонли тўлдиргични ёндиргани сабаб бўлгани тахмин қилинган. Ҳодиса юз берган вақтда бинодаги ёнғин сигнализацияси ишламаган. Оқибатда, ёнғин бошлангач ваҳима юз берган ва одамлар бинода чиқа олмай ҳалок бўлган.

2018 йил 3 феврал. Озарбойжон пойтахти Боку шаҳридаги республика наркология маркази биносида ёнғин юз беради ва оқибатда 30 киши ҳалок бўлади. Яна кўплаб одамлар жароҳатланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги одам кўп ҳалок бўлган йирик ёнғинлар

2019 йил 22 феврал. Самарқанд вилояти Ургут тумани Дўстлик маҳалласи Янгиариқ кўчасидаги уйда ёнғин содир бўлади. Оқибатда хонадон эгасининг икки нафар фарзанди, келини ва икки нафар набираси ҳаётдан кўз юмади.

2019 йил 27 март. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри «Бобур» МФЙда жойлашган хонадонда ёнғин юз беради. Оқибатда, шу уйда яшаган оила аъзоларидан 4 нафари, яъни 33 ёшлик фуқаро, унинг рафиқаси ҳамда икки нафар – 8 ва 12 ёшдаги фарзандлари ҳалок бўлади.

2020 йил 17 феврал. Сирдарё вилояти Оқолтин тумани, Сардоба шаҳарчаси, «Кўркам диёр» МФЙда жойлашган хонадонда ёнғин содир бўлади. Оқибатда, бир оиланинг 6 нафар аъзоси ҳаётдан кўз юмади.

2021 йил 27 феврал. Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган «Шовотландия» миллий таомлари кафесида ёнғин содир бўлади. Оқибатда кафе биноси ёниб кетади.

Кафеда яшаб ишлаган, воқеа пайти бино ичида ухлаб ётган икки эркак ва уч аёл ис газидан заҳарланиб, тананинг 100 фоизи 3-4 даражали термик куйиб ҳалок бўлган ҳолда топилади.

Тергов давомида ёнғин қасддан содир этилгани маълум бўлган. Кафени қасддан ёқиб юборган шахс бино деворларига ўзи билан олиб келган идишдаги суюқликни сепгани, яна бир идишдаги суюқликни эса бино ичкарисига отгани, бинога ўт қўйгач аланга чиқишини кузатиб, ёнғин авжига чиққач, воқеа жойини тарк этгани аниқланган.

Суд ҳукми билан ёнғинни уюштирган икки кишига умрбод қамоқ жазоси берилади.

2022 йил 15 август. А-380 Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов халқаро автомобил йўлининг Қашқадарё вилояти Муборак туманидан ўтган қисмида Spark ва Gentra машиналари ўзаро тўқнашади ва ёнғин келиб чиқади. Оқибатда ҳар икки машинада бўлган 8 киши тириклай ёниб кетади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид