07:51 / 31.07.2023
5393

Мисрда «Ўткан кунлар» романи араб тилига таржима қилинмоқда

Мисрнинг Айн Шамс университети профессори, ёзувчи, таржимон Муҳаммад ал-Жибали Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини араб тилига таржима қилишга киришди.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан маълум қилинишича, жорий йил июнь ойида президент сайловини бевосита кузатган Муҳаммад ал-Жибали Тошкентда бўлгани чоғида Абдулла Қодирий уй музейида бўлиб, ёзувчининг набиралари билан учрашган, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида суҳбатлар ўтказган, ўзбек маданияти ва тарихи билан яқиндан танишган.

Муҳаммад ал-Жибалининг айтишича, ниҳоятда бой адабий меросга эга ўзбек адабиёти дурдоналари хорижий тилларга таржима қилинмагани уни ажаблантирган. Профессор “Ўткан кунлар” романининг араб тилига таржима қилиниши, нафақат Миср, балки бутун араб дунёсида илиқ кутиб олинишига ишонч билдирди. 

Мутахассиснинг ишонч билан қайд этишича, араб тилининг синонимларга ниҳоятда бойлиги, ҳар бир ҳаракат ва ҳолатни турли усулларда тасвирлаш хусусияти, халқларнинг маданий-маънавий жиҳатдан яқинлиги романнинг ушбу таржимаси бошқа хорижий тиллардаги таржималаридан сезиларли даражада сифатли бўлишига ва бадиий гўзалликни сақлаб қолишга имкон беради.

Романдаги ўзбекона руҳни акс эттириш, таржима сифатини ошириш мақсадида таржима муаллифига мамлакатнинг Мисрдаги элчихонаси маданий масалалар бўйича атташеси Отабек Алимов ҳозирги пайтда Қоҳирада истиқомат қилаётган Ҳусан Абдумажидов, тақдир тақозоси билан болалик чоғларидан буён Саудия Арабистонида яшаб таҳсил олган ватандош, ёзувчи ва таржимон Саид Маҳмуд Косоний ва бошқа ҳамюртлар кўмаклашмоқда. Асардаги баъзи араб имлосида (эски ўзбек ёзуви) битилган атамаларни асл ҳолида сақлаб қолиш учун романнинг илк нусхаси Абдулла Қодирийнинг набиралари томонидан тақдим этилди.

“Ўткан кунлар”нинг араб тилига таржимаси романнинг 100 йиллиги арафасида 2024 йили тайёр бўлиши ва минтақадаги энг йирик ва нуфузли 55-Қоҳира халқаро китоб ярмаркасида тақдим этилиши режалаштирилмоқда.

Top