Ўзбекистон | 18:41 / 02.08.2023
15099
5 дақиқада ўқилади

Популизм нима ва у нега хавфли?

Кейинги ўн йилликларда дунё демократиялари анча жиддий инқирозларни бошдан кечиряпти. Ҳатто кўп асрлик демократик анъаналарга эга тизимлар ҳам сиёсий инқироз ва зўриқишларни бошидан кечирмоқда. Бунинг сабаби – популизм.

Популизмнинг аниқ ва ҳамма томондан маъқулланган таърифи йўқ; лекин кўпчилик тадқиқотчилар эътироф этадиган муҳим белгилари, хусусиятлари бор.

Популизм халқ ва ҳокимиятни икки қарама-қарши қутбга ажратади. Популистлар халқнинг тафаккуридаги утопияларга, мойилликларга танқидий ёндашмайди. Аксинча, жамият аъзоларидаги сиёсий қарашларни янада соддалаштиришга ҳаракат қилади.

Популистлар, ҳар доим, ижтимоий мураккаб бўлган жиддий муаммоларга оддий, жўн ва содда ечимлар таклиф қилади. Мисол учун, “биз ҳокимиятга келсак, беш кунда жиноятчиликни йўқотамиз”, “коррупцияни бир кунда тинчитамиз”, “мигрантлар бўлмайди”, “иш ўринларини ортиғича яратамиз” ва ҳ.к.

Яъни популистлар жамият эҳтиёжларини мутлақлаштиради ва бу эҳтиёжларни қондиришдаги қийинчиликлар ва мураккабликларни инкор этади.

Популизмнинг ўзига хос кўриниши – демагогия, яширинча ва ошкора душманлар билан курашишга чақириқлар, айниқса, бюрократияга қарши бирлашишга даъватлар ва ҳ.к.

Популизмни ифодаловчи иккита марказий хусусият бор, булар – элитага сиёсий тизим ва институтларга қаршилик, ҳамда сиёсий плюрализмни инкор қилиш.

Популистлар халқни “ўзимизнинг халқ” ва “хоин, сотқин қатлам”га бўлишади. Популистлар, жамиятда турфа манфаатлар борлигини, сиёсий плюрализм зарурат эканини инкор қилишади. Уларнинг назарида, плюрализм ортида халқнинг манфаатларига зид кучлар яширинган бўлади. Шунинг учун эҳтиросга берилган халқ реванш қилиши – сиёсий вазиятни қўлга олиши ва ҳокимиятни популистларга топшириши назарда тутилади.

Популизм – бу нуқсонли демократияларнинг, ижтимоий-иқтисодий зўриқишлар, норозиликларнинг симптоми. Либерал-демократия эса – бу жамиятдаги кўпчилик иродасининг ҳокимиятга келиши ва қолган камчиликларнинг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланган ҳолат. Бунда давлат институтлари барқарор ишлайди. Лекин популизм ҳам “халққа” мурожаат қилади, унга “мана – халқ шуни истаяпти” дея, олдин шаклланган институтлар ва механизмларни инкор этиш хос.

Кейинги йилларда кўп асрлик демократик тизимлар ҳам популизм билан оғриди. АҚШ ҳокимиятига ўнг қанот популист ҳисобланмиш Доналд Трамп келди. У америкаликларнинг ирқига, динига, ижтимоий мақомига кўра ажратди, бирини иккинчисига қарши қўйди.

Ёки Англияда Брекзит тарафдорлари “мана, халқ шуни истади” дея, Европа Иттифоқидан чиқиб кетишни асослади. Лекин, референдум натижаларига кўра, 48 фоиз инглизлар Брекзитга қарши овоз беришган эди. Худди шунингдек, Европанинг бошқа давлатларида ҳам популистлар демократик тизимлар учун мисли кўрилмаган зўриқишлар ва муаммолар яратишди.

Янги даврда популизмни озиқлантираётган асосий омил – глобаллашув. Глобализм – мисли кўрилмаган очиқликни кучайтирди. Шунинг учун кўплаб бой демократияларда ёпиқликка ижтимоий буюртма берилди. Бу буюртмани популистлар ўз қўлларига олишди. Натижада, популистлар миграция, эмиграция, интеграция каби масалаларда марказий қарашларга тескари позицияга ўтишди.

Глобаллашган даврда демократиялар учун энг катта таҳдид бўлиб популизм майдонга чиқаркан, бу яқин орада популизмнинг таъсири фақат ошиб бориши кутилар экан, ҳар қандай сиёсий тизим популизм феноменини ўрганиб, кузатиб бориш керак бўлади.

Хўш, Ўзбекистон учун популизм хавфлими? Ҳозирча, Ўзбекистон сиёсий майдони очиқ ва эҳтиросли сиёсий рақобатлардан холи. Лекин, Конституцияга кўра, Ўзбекистон – ҳуқуқий-демократик давлат. Демак, эртами-кечми, бизда ҳам сиёсий рақобатлар ва демократик жараёнлар бўлиши керак. Ўзбекистон узоқ муддат авторитар ҳолатда қола олмайди. Бунинг сабабларидан бири – глобал дунёда фақат куч ишлатиш орқали бошқариш модели издан чиқиб бораверади.

Тасаввур қилиш мумкинки, Ўзбекистонда ҳам популистлар сиёсий майдонга кириб келиши – вақт масаласи холос. Назаримда, Ўзбекистонда популистлар бир қанча йўналишда бўлишади. Диний мотивлар орқали популизмга оғишган, яъни диннинг номи билан сиёсий позицияларни “вожиб” қилиб, ўз тарафдорларига сиёсий кўрсатма берадиган шахслар ва кучлар бўлади. Бундай шахслар ахборот майдонида бугун ҳам бор, лекин ҳозирча улар сиёсий майдонга кириб келганича йўқ. Чунки давлат бунга имкон бермайди.

Шунингдек, миллатчилик руҳиятидаги ва реваншист сўл популистларнинг пайдо бўлишини ҳам кутиш мумкин.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, популизм – демократик тизимларга ва жараёнларга жиддий зарар етказмоқда. Жамиятларни пароканда қилмоқда. Ксенофобия, миллатчилик, исломофобия каби иллатлар градусини оширмоқда. Ўзбекистонда либерал-демократик тизим шаклланиши учун, популизм, ҳар доим жамоатчиликнинг диққат марказида туриши, унинг хавфлари эслатиб турилиши керак.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид