14:40 / 03.08.2023
13578
Реклама

Нега хусусий университетларга ишонч камлигича қолмоқда?!

Фото: Қарши халқаро университети

Июл ойининг сўнгги 10 кунлигида мамлакатимиз ахборот олами, хусусан, турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Қарши халқаро университети ректори, юридик фанлари доктори Ахтам Якубов томонидан айтилган “3–4 йилдан сўнг жамиятда дипломли ишсизлар пайдо бўлади” деган фикр кенг муҳокамага сабаб бўлди. Айрим блогер ва журналистлар, шунингдек, жамоатчилик фаоллари ушбу фикрни нотўғри талқин қилган ҳолда турли миш-миш-у ёлғон муносабатларни билдириб ўтишди. Хўш, аслида бу жумла интервюнинг қайси қисмидан кесиб олинди? Фикр контекстидаги асосий мазмун аслида қандай эди?

Юқорида келтирилган фикрлар “Хушнудбек Худойбердиев” YouTube канали орқали эълон қилинган “Қашқадарёдаги биринчи хусусий ОТМ — Қарши халқаро университети ҳақида” деб номланган интервюдан кесиб олинган бўлиб, мазкур материалда Хушнудбек Худойбердиев Қарши халқаро университети ректори, юридик фанлари доктори Ахтам Якубов билан олий таълим тизимидаги муаммо ва камчиликлар, хусусий олий таълим масалалари хусусида суҳбатлашган. 

Интервю давомида Ахтам Якубов томонидан Қарши халқаро университетининг ташкил этилиши, университет кампуслари, ўқув ва таълим жараёни ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, икки мутахассис мамлакатимиздаги олий таълим тизимида учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр алмашган.

Олий таълим соҳасида бугунги энг муҳим муаммолардан бири бу – жамиятдаги ижтимоий адолат тарозисининг бузилгани 

Интервюда хусусий олий таълим бозори, уни ривожлантириш, ҳалол ва соғлом рақобатни шакллантириш масалалари, таълим бермасдан, диплом сотиш билан шуғулланувчи “университетлар”, таълим сифатини ошириш, малакали кадрларни тайёрлаш, жамиятдаги ижтимоий адолатни таъминлаш, меҳнат бозорини тўғри шакллантириш, иқтидорли талабаларнинг муносиб меҳнат шароитида ишлаши, муносиб иш билан таъминланиши учун имконият яратиш, давлат ва хусусий олим таълим муассасаларига нисбатан бир хил ёндашув ва қарашни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, ҳудудларда таълимни ривожлантириш, воҳанинг яхши кадрларини воҳанинг ўзида ишлаш учун жалб этиш, малакали кадрларни ҳудудларнинг ўзида фаолият олиб бориши учун шароит яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинган. 

Сифатли таълим учун энг катта инвестицияни ўқитувчиларга тикиш керак

Интервю давомида хусусий таълим давлат олий таълим муассасаларидан “ўғирлаб келинган” кадрлар ҳисобига ривожлантирилаётгани алоҳида қайд этилиб, хусусий таълим нуфузини ошириш, малакали кадрлар “армияси”ни шакллантириш кераклиги ва бунинг учун энг катта инвестицияни ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратиш кераклиги таъкидлаб ўтилган. 

Шу билан бирга, мактабгача ва мактаб таълимида хусусий секторга бўлган муносабат билан олий таълимда хусусий секторга бўлган муносабат, бу муносабатни ўзгартириш масалалари хусусида ҳам фикрлар билдирилган.

Энг катта муаммо — олий таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги интеграциянинг узилгани

Ахтам Якубов мамлакатимизда меҳнат бозори ва олий таълим ўртасида интеграция узилгани хусусида тўхталар экан, 3-4 йилдан кейин олий таълим бозорида жуда катта тушиш пайдо бўлиши ва жамиятда дипломли ишсизлар кўпайиши хусусида тўхталиб ўтди. Мутахассис ушбу фикрларини асослар экан: “Олий таълимда хусусий секторнинг ривожланиши натижасида ҳақиқий талантларни ижтимоий адолатни таъминлаган ҳолда саралаб олиш бошланади”, – деб айтади.

Шунингдек, интервюда “дипломли мутахассис” масаласи, хусусий таълимга, хусусий секторга ишончни ошириш, шахс ривожланишида хусусий секторнинг ўрни, шахснинг дипломига қараб эмас, унинг малакасига қараб баҳо бериш тенденциясини шакллантириш, олий таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги интеграцияни тиклаш, олий таълимда назария ва амалиётни ривожлантириш, иш берувчилар ва амалиётчиларни олий таълим муассасаларига жалб этиш, университетларда тадқиқот институтлари, турли амалиёт марказлари, WorkShop’ларни ташкил этиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилади. 

Хусусий олий таълим муассасаларини назорат қиладиган эмас, мониторинг қиладиган тизим яратиш керак

Интервю давомида Якубов хусусий олий таълим масалаларидаги сиғим масаласи, сохта таълим орқали даромад топишга интилиш, фақат тирикчилик сифатида фаолият юритаётган хусусий олий таълим муассасалари фаолияти ҳақида тўхталиб, уларни танқид қилади ҳамда бу муаммонинг ечими сифатида хусусий олий таълим муассасалари фаолиятини давлат органи ҳисобланмаган холис ташкилот – фуқаролик жамияти институти мониторинг қилиб борадиган тизимни йўлга қўйиш ёки Нодавлат олий таълим муассасалари Ассоциациясини тузишни таклиф этади. 

Вилоятлар ва университетлар кесимида ихтисослашувни тўғри ташкил этиш керак

Бундан ташқари, интервюда меҳнат бозоридаги муаммоларни бартараф этиш, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган меҳнат ресурсларини экспорт қилишни йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришни университетларга олиб келиш ёки олий таълим муассасаларини ишлаб чиқариш объектларига кўчириш, вилоятлар ва университетлар кесимида ихтисослашувни тўғри ташкил этиш, олий таълимда ҳудуддаги меҳнат бозори, иқтисоди ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш, талаб ва таклифларни ўрганиш, талабаларда креатив фикрлаш, танқидий фикрлаш ва қарорлар қабул қилиш, фундаментал билим ва “soft skillss”ни ривожлантириш, мослашувчанликни ошириш, қисқа муддатли ва қайта тайёрлаш курсларини кўпайтириш, ёшларни мутахассисликка йўналтиришда уларнинг креатив ёндашувларини ҳисобга олиш, таълимга мажбурий йўналтиришнинг олдини олиш масалалари бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилган. 

Қуйидаги линк орқали тўлиқ интервюни томоша қилишингиз мумкин:

Реклама

Top