Жаҳон | 09:50 / 04.08.2023
6580
2 дақиқада ўқилади

Полша Беларус билан чегарага жанговар вертолётлар юборди

Полша Беларус чегараси яқинидаги Подляское воеводлигига жанговар вертолётларни жойлаштирди, деб хабар бермоқда Полшанинг tvp.info телеканали ўз сайтида. 

Фото: report.az

Гап 1-авиация бригадаси ва 25-ҳаво кавалерия бригадасининг жанговар вертолётларини қайта гуруҳлаш ҳақида кетаётгани кўрсатилган. 

Полша Қуролли кучлари бош қўмондонлиги қўмондони биринчи ўринбосари генерал Марек Соколовский Полша мудофаа вазири Мариуш Блашак билан бўлиб ўтган брифингда айтишича, вертолётлар «тезкор жавоб режимида» жойлаштирилади.

Полшанинг Беларус билан чегарасини мустаҳкамлаш тўғрисидаги қарори, Варшава маълумотларига кўра, 1 август куни Беларуснинг иккита вертолёти Беловежи аҳоли пункти яқинида Полша ҳаво ҳудудини бузиб кирганидан кейин қабул қилинган. 

Полша Мудофаа вазирлиги Беларус вертолётлари томонидан Полша ҳаво ҳудудининг бузилишини Полша ва НАТО шарқий қанотига қарши атайлаб қилинган провокация сифатида баҳолади. 

«Бу ўта хавфли. Агар шундай вазиятлар давом этаверса ва кескинлик кучайса, унда потенциал таҳдидга муносабатимиз мутаносиб бўлади», - дея огоҳлантирди Полша мудофаа вазири ўринбосари Войцех Скуркевич 2 август куни Полша радиосига берган интервьюсида.

Варшавадаги ҳарбий идора 1 август оқшомида синчковлик билан текширилгандан сўнг, қўшни Беларусдан келган жанговар вертолётлар ўша куни эрталаб Полша ҳаво ҳудуди орқали Беловежи вилоятидан ўтганини тасдиқлади. Полша бу воқеа ҳақида НАТОни хабардор қилди ва Беларус билан чегарага қўшимча қўшин юборишга қарор қилди. 

Беларус Мудофаа вазирлиги Полша ҳаво ҳудудини бузиш бўйича айбловларни рад этди. 

Мавзуга оид