Керч бўғозида Россия танкерига ҳужум қилинди. Бу ҳақда нималар маълум?
Денгиз ва дарё транспорти федерал агентлиги («Росморречфлот») Россиянинг «Сиг» танкери денгиз дрони ҳужуми натижасида зарарлангани ҳақида хабар берди. Россиялик z-блогерлар аввалроқ Россия кемасига украинларнинг бошқарувчисисиз катери билан ҳужум қилинганини айтишганди. BBC News Украинанинг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси россияликлар танкерига қилинган ҳужум УХХ ва Украина ҳарбий-денгиз кучларининг қўшма амалиёти бўлганини билдирган.
Шанба кунига ўтар кечаси Қрим кўприги ҳудудида портлаш рўй бергани эҳтимоли ҳақида хабарлар кела бошлади. Хусусан, бир қанча телеграм-каналлар Қримнинг Ленинский районидаги Яковенково аҳоли яшаш манзили атрофида (кўприкдан жанубда) портлаш рўй бергани ҳақида хабар қилишди.
Шунингдек, кўприкдаги чироқлар ўчирилгани ва ҳаракат тўхтатилган. Бу маълумотни аннексия қилинган Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючков ўз телеграм-каналида тасдиқлади. Шу билан бирга, у «баланд овозлар»нинг Қрим кўпригига алоқаси йўқлигини таъкидлаган. Запорижжя областининг оккупация остидаги қисмига Россия томонидан тайинланган маъмурият расмийси Владимир Рогов ҳам портлаш кўприкда эмас, унинг атрофида бўлганини айтди.
Кўп ўтмай z-блогерлар украинлар дрон Керч бўғозидаги россияликлар танкерига келиб урилганини ёза бошлади.
📺Морской дрон атаковал нефтяной танкер РФ «SIG». Танкер якобы перевозил топливо для российской армии.
— bbcrussian (@bbcrussian) August 5, 2023
Это совместная операция СБУ и ВМС Украины, сообщают источники. Танкер «SIG» построен в 2014 году. Он может перевозить до 6 000 тонн груза. pic.twitter.com/NqO0A4SBvq
«Военкор» Юрий Котенок ўз телеграм-каналида Россиянинг «Сиг» танкери Керч бўғозидан 30 денгиз мили масофада украинларнинг денгиз дрони зарбасига учраганини ёзган. Котенокнинг тасдиқлашича, кема сув юзасида қолган, экипаж аъзолари омон қолган, фақат двигател бўлмасини сув босган.
Шундай маълумот «Рыбарь» телеграм-канали (1,1 млн обуначига эга бўлган энг машҳур каналлардан) томонидан ҳам эълон қилинган.
Шундан кейин Россиянинг ТАСС давлат агентлиги қутқарувчилар гуруҳи Новороссийскдан Керч бўғози томон ҳаракатланганини хабар қилди. Шу билан бирга, агентлик «қатор телеграм-каналлар»га асосланиб, номини келтирмаган ҳолда «танкерга дрон ҳужуми» ҳақида хабар берди.
Бир неча соат ўтиб ТАСС «Керч бўғозида Украина томони ҳужуми оқибатида шикастланган танкер» ҳақида ёзди – аммо ҳеч қандай манбага ҳавола келтирмаган ҳолда. Агентлик танкер номини ҳам ёдга олмаган.
Агентлик хабарида танкер олдига иккита шатакчи кема йўллангани, кеманинг машина бўлмаси шикастлангани, 11 кишидан иборат экипаж хавфсизликда экани ва ҳеч ким жабрланмагани қўшимча қилинган.
Агентликнинг шахси сир тутилган суҳбатдоши танкер «бўғоз ҳудудида, фақат унинг жанубида ҳужумга учрагани»ни айтган.
MarineTraffic сервиси маълумотига кўра, Россия байроғи остида сузган танкер Кавказ портига Керч бўғозининг Россия томонидан кирган. 2019 йилда ушбу кема Сурияга авиаёнилғи ташиш билан шуғуллангани туфайли Америка санкциялари рўйхатига тушганди.
Шанба куни соат 3 атрофида аннексия қилинган Қримдаги оператив штаб Қрим кўприги бўйлаб ҳаракат тикланганини хабар қилди.
Тонгга яқин «Росморречфлот» «Сиг» танкерида «тахминан дрон зарбаси оқибатида ўнг томондаги ватерлиния (кеманинг сувга ботиш чизиғи) ҳудудидаги машина бўлмасида тешик ҳосил бўлгани» ҳақида хабар берди. Хабарда ҳужум қилган дрон кимники бўлганига аниқлик киритилмаган.
«Росморречфлот» хабарида ҳужум арафасида кема Керч бўғозига жанубдан кираётган бўлгани, ҳозирда у сузишда давом этаётгани айтилган.
BBC News Украинанинг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси Россиянинг «Сиг» танкерига қилинган ҳужум УХХ ва Украина ҳарбий-денгиз кучларининг қўшма амалиёти бўлганини билдирган. Киев ҳозирча бу ҳолат учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмади.
Нашрнинг УХХдаги манбасига кўра, амалиёт 450 кг тротил юкланган денгиз дрони орқали ўтказилган. Шунингдек, у россияликлар танкеридан «анчагина ёнилғи оқиб кетгани»ни айтган.
ТАСС эса Новороссийск Денгиз қутқарув-мувофиқлаштириш марказига асосланган ҳолда танкердан ёнилғи тўкилиши кузатилмаганини ёзган.
Бир кун ичида иккинчи ҳолат
Жумага ўтар кечаси денгиз дронлари Новороссийскдаги ҳарбий-денгиз базасига ҳужум қилганди. Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги базага украинларнинг денгиз дронлари ҳужум қилганини маълум қилди.
Россиялик ҳарбийлар ва ҳудудий расмийлар РФ ҳарбий кемаси «экипажсиз катерлар ҳужумидан зарарланмагани» ҳақида билдирган бўлса-да, телеграм-каналларда бир томонга оғган кема шатакка олинган ҳолда кетаётгани акс этган видео тарқалди. Украина нашрлари эса сувусти дрони «Оленегорский горняк» катта десант кемасига бориб урилаётгани акс этган видеони намойиш этди.
BBC News Украинанинг Украина ХХдаги манбаси бу ҳужум Украина хавфсизлик хизмати ва мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари ҳамкорлигида ўтказилган амалиёт бўлганини айтган. Аммо Киев ҳужум учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмаган.
Мавзуга оид
17:24
The Times: Киев бир неча ой ичида оддий атом бомбасини яратиши мумкин
16:08
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024