Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадбиркорларнинг солиқ билан муаммолари: эксперт билан суҳбат
Яқин кунларда президент тадбиркорлар билан учрашади. Kun.uz мухбири учрашув олдидан кўплаб тадбиркорларнинг муаммолари билан ишлайдиган солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов билан суҳбатлашиб, солиқ соҳасида бизнесни қийнаётган масалалар ҳақида сўради.
— Тадбиркорлар билан боғлиқ кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Аммо солиқ текширувлари масаласи ҳали ҳам кун тартибида. 2022 йилда 2021 йилдагига нисбатан солиқ текширувлари 8 мингтага кўпайган. Лекин Солиқ қўмитасига кўра, бу текширувларда ҳуқуқбузарликлар 99,6 фоизга тасдиғини топган. Бу борада фикрингиз қандай?
— Қўмитанинг бу маълумотлари қаердан йиғилган, билмайман. Аммо Давлат солиқ қўмитасида ишлаган пайтим ҳам такрорлаган эдим: 99 фоиз текширувларда камчилик аниқланди дейиш – жудаям уятли ҳолат. Мақтанадиган нарса эмас бу. Демак, 99 фоиз тадбиркор амалдаги солиқ тизими билан ишлагиси келмаяпти, қониқмаяпти. Айб тадбиркорда эмас, солиқ сиёсатидадир. Ўзим билган ҳолатлар бўйича 99 фоиз ҳолатда тадбиркор ҳақ бўлган.
— Олдинги суҳбатларда тадбиркорни жазолашга қаратилган солиқ текширувлари кўп эканини таъкидлагансиз. Вазият қанчалик ўзгарди?
— Бизга солиқдан норози бўлган тадбиркорлар мурожаат билан келади ва бундай ҳолатлар жудаям кўп. Афсуски, бирор бир ҳолатда тадбиркор ҳақ бўлиб чиқса ҳам, солиқ органи айни шундай амалиётни бошқа тадбиркорларга қўллайвериш ҳолатлари бор. Негадир уларни ҳеч ким тўхтатмаяпти. Солиқ органи раҳбариятига ёзма мурожаатлар ҳам қилганмиз, шунчаки маълумот учун қабул қилинди дейишади, бўлди.
Бировнинг тўламаган солиғини бошқа бировдан ундириш амалиёти бор. Олдинги қонунчиликка кўра, солиқ органи тадбиркорга талаб қўйиши, тадбиркорлик субъекти бу талабга рози бўлмаса, солиқ органи уни судга бериши мумкин эди. Ҳозир солиқ органи ўзи қўшимча солиқ ҳисоблаб қўйиши мумкин, тадбиркорга ёқмаса, ўзи судлашиб олсин. Ҳозир тўғридан тўғри қарзга киргизиб қўйиб, ёқмаса судлаш дейишяпти.
Олдинги ҳолатларда бир хил ишни маъмурий суд кўриб чиққанда, тадбиркор ҳақ дер эди, ҳозир қўшимча солиқ ҳисоблангани ва масала пулга боғлиқ бўлгани учун ишни иқтисодий суд кўряпти ва солиқчи ҳақ деяпти. Бир хил операция, бир хил ҳолат, тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро ҳужжат алмашинуви бир хил – лекин иккита суд икки хил баҳо беряпти.
Ачинарлиси шуки, бунинг натижасида кўплаб тадбиркорлар банкрот бўлиб кетяпти. Бу ишларни ҳеч ким таҳлил қилмаяпти, менимча. Текширувлардан кейинги ҳолатни ҳам ўрганинглар, қанча тадбиркор ишлаб кетди-ю, қанчаси тўхтади, бу ҳолатни ҳеч ким ўрганмаяпти ва ҳеч ким баҳо бермаяпти. Ҳолатга баҳо бериладиган бўлса, текширувлар аслида қандай натижа бераётгани кўриниб қолади. Шунча қўшимча ҳисобладик, тасдиқланди эмас, ҳаммаси тўландими ёки йўқ, ундан кейин корхона ишладими, ёки банкрот бўлиб кетдими? Бу статистикани кўтарадиган бўлса, текширувлар аслида қанақа натижа бераётгани аниқ бўлади. Айтилган 99,6 фоиз ҳолатдан кейин тадбиркор тақдири нима бўлгани ўрганилса, асл муаммо чиқади.
— Ҳисоб-фактураларни ноқонуний блоклаб қўйиш масаласини ҳам айтгансиз. Бу муаммо менимча олдинги суҳбатларимизда кўтарилмаган.
— Ҳозир оммалашиб бораётган амалиёт. Олдин ҚҚС гувоҳномасини блоклаб қўйиш билан бошланган эди, энди ҳисоб-фактурага ўтилди. Биринчи ҚҚС гувоҳномаси жорий қилиш ҳақида гап кетганда, биз бундан қурол сифатида фойдаланиш мумкинлигини айтганмиз. “Йўқ, фақат ҳисобини юритиш учун гувоҳнома берамиз” дейилган эди. Ҳозир эса, ҚҚС гувоҳномасидан айрим ҳолатларда тўғри мақсадда, айрим ҳолатларда тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб қўйиш учун қурол сифатида фойдланиляпти. Меъёрий ҳужжатларда тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиш фақат суд орқали амалга оширилади, дейилган. Лекин ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиш, ҳисоб-фактурани блоклаш ўз-ўзидан тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишга олиб келади. Аммо ҳеч ким бу амалиётни тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб қўйиш деб баҳоламаяпти. Олдингидек, ҚҚСдан қурол сифатида фойдаланишгани каби ҳисоб-фактурадан ҳам шундай фойдаланишяпти.
Кирим қилинмаган товар сотилмайди деган нарса бўляпти. Тадбиркор қайсидир товарни ҳисоб-фактура орқали эмас, устав фондига қўйиб кирим қилиши мумкин. Бу эса электрон равишда ҳеч қаерда кўринмагач, ҳисоб-фактура билан сотишга рухсат берилмайди. Бошқа товарлар сотишни ҳам блоклаб қўйишяпти, номувофиқлик бор деб. Тадбиркор солиқ инспекторига чиқиб, нега бундай бўлаётганини сўраса. "биз сени бориб текшириб кўрамиз, товар номувофиқлиги бўйича ҳолат борми ёки йўқ" дейди. Умуман ҳеч қайси назорат тартибида йўқ бу.
Ўзи хоҳлаганча текширув қилиш имкони бор жойда ҳисоб-фактурани блоклаб қўйиш орқали ҳам яна бир имконият яратиляпти. Ҳуқуқий асоси йўқ буларнинг. Бундай ҳолатлар коррупцияга олиб келади. Солиқчи ва солиқ тўловчи ўртасида қанча кўп мулоқот бўлса, бу коррупцияга олиб боради.
— Тадбиркорга талабнома юборилади ва бирдан ҳисобрақамларига тақиқ қўйиб қўйишади. Бу ҳам жиддий муаммо экани айтилади. Шу ҳолат бўйича ҳам маълумот берсангиз.
— Тадбиркорлик субъектига талабнома жўнатишади. Ўз меъёрлари асосида талабномага жавоб беради тадбиркор. Берилган жавоб асосли деб қабул қилинса, текширув тугатилади. Агар асосли деб топилмаса, қўшимча ҳисоблаш бўйича қарор қабул қилинади. Қарордан кейин солиқ тўловчининг 1 ой муддати бўлади, шундан сўнг кучга киради қарор. Шу муддатдан сўнг тадбиркор юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Юқори турувчи орган ёки судга шикоят киритилганда, шикоят қилинаётган солиқ органи бўлими огоҳлантирилса, шикоят кўриб чиқилгунга қадар қарор ижроси тўхтатилиши керак. Қонун талаби шундай. Бизда эса бундай ҳолатда инкасса қўйиб қўйишади. Нега деб сўралса, чунки тўхтатиш тўғрисида қарор ҳали чиқмади, дейишади. Лекин қонунда огоҳлантириш билан тўхтатилиши айтилган. Амалиётда эса инкасса қўйиб қўйишади.
Бундан ташқари, қарз муддати бир ой муддатга узайтирилсин деган қарор чиқиб, инкасса очилиши керак бўлган ҳолатда ҳам бизга буйруқ етиб келмади деб инкассани олишмайди. Бу ҳолат қасддан қилинадими ёки бошқача, билмаймиз, лекин ўз раҳбари қарорини зудлик билан ижро этишмайди. Жанжал-тўполон билан ижро этилади.
Яна бир ҳолат бор: тадбиркор курашишни бошлаши билан инкасса қўйиб қўйишади. Бу фаолияти тўхтайди дегани. Чунки ноқонуний инкасса бўлгани учун ҳисобрақамга пул туширса, ҳамма пул бюджетга кетиб қолади. Бу ҳолат бўйича ҳам курашиши керак бўлади. Энг ёмони, ҳали солиқ органи билан мунозарали процедура тугамасдан туриб, тадбиркорнинг иши прокуратурага берилади. "Мана бу солиқ тўловчининг шунча қарзи бор, ундиришдан бўйин товлаяпти" деган мазмунда. Прокуратура солиқ бўйича ташкилот эмас, шунинг учун солиқ органи берган маълумотга ишонади ва тадбиркорга бир ой ичида тўламаса, жиноий иш қўзғатиш тўғрисида хабар юборади. Солиқ қонунчилигининг ўзида қарор устидан шикоят бериб, судгача бориб, суд қарори кучга киргунча камида 3-4 ойлик қонуний процедура бор. Ҳали қонуний кучга кирмаган қарорни олиб прокуратурага беришади. Табиийки, тадбиркор 1 ойда муаммони ҳал этолмайди, чунки бўйнига бир неча миллиард сўм қўйилган бўлади. Прокуратура ҳам шу айтилган маблағни тўлаб, кейин солиқ органи билан тортишавер дейишади. Лекин тадбиркор бу пулни тўлай олмайди, чунки бу нотўғри таҳлил қилинган сумма. Тўласа, банкрот бўлади.
Пулни тўлолмаса, жиноий иш қўзғатилади ва жиноий иш доирасида тафтиш эълон қилинади. Тадбиркор ўз ҳуқуқи учун курашишни бошлаганда прокуратурадан қурол сифатида фойдаланишади. Тўлмаса, жиноий иш қўзғатилишини билади, имкони бор тадбиркор тўлаб, вазиятдан чиқиб кетяпти. Лекин бизнесга бундай муносабатда бўлиш тадбиркорни қўрқитиб, безиллатиб қўяди.
— Бир тадбиркордан мурожаат келиб тушган бизга. Унга кўра, солиқлар бўйича жарима қўлланган, аммо ҳисобчиси солиқ органига бу нотўғри эканини исботлаб берган. У ердагилар эса шу пулни тўлаб туринг, бизга ҳам бюджетга пул керак, қайтариб берамиз, дейишган. Бир суҳбатимизда солиқ органларида ҳам жарима “план”и қўйилганини айтгандингиз. Ҳозир унинг номи ўзгариб, “туҳмат бўлими”га айланиб кетдими?
— Халқ тилида “туҳмат бўлими” – сегментация дейишади. Сегментация бўлимидан келди дейишади. Солиқ органи фалон тадбиркорда тахминан шунча қўшимча солиқ чиқиши керак дейди. Ходим эса бу тахминий суммани «план» деб қабул қилади, худдики ўша суммани ёзиб келолмаса, жазоланади ёки яхши текширувчи ҳисобланмайди. Агар ўша суммани бўйнига қўйиб келса, керак бўлса кейин тадбиркор судлашаверсин.
Бундай ҳолатлар жуда кўп. Жаримага тортиш учун нимадир топишади барибир. Ҳатто шундай ҳолатлар бўлганки, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қувватидан келиб чиқиб, “агар корхона тўлиқ қувватда ишласа, фалонча ишлаб чиқарар эди, шунча ишлаб чиқарилганини инобатга олиб...” деб йилма-йил ҳисоблаб беришган. Бу туҳматмасми? Бундай айблар судда ҳам тасдиғини топмади ва тадбиркорнинг фойдасига ҳал бўлди.
Ҳар доим текширувчилар судда ҳал қилинади деб ёзиб кетаверса, тадбиркор судлашиш билан овора бўлади. Ўхшатиш билан айтадиган бўлсак, тадбиркор – тилла тухум қўядиган товуқ, унинг тухумидан фойдаланиш керак, лекин унинг ўзини сўйиб юбормоқчи бўлишади.
Сегментация (туҳмат) бўлими томонидан фалон тадбиркорлик субъектидан, дейлик, 100 млн сўм аниқлаш учун текширувчи жўнатишади. Агар текширувчи бундай жарима солишга асос йўқлигини аниқласа, ўша текширувчининг устидан хизмат текшируви ўтказилиб, тадбиркорни қайта текширишади. Ваҳоланки, бир субъектни бир даврда бир солиқ тури бўйича икки марта текшириш мумкин эмас. Нима эмиш, текширувчи шу пайтда яхши эътибор бермаган экан, бошқатдан текширсин…
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи – Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
14:39 / 16.03.2026
“ҚҚСни қайтариш коррупцион схемага айланган, уни тугатиш керак” – мутахассис
22:01 / 18.07.2025
“Бу иқтисодий сиёсатга зид” – мутахассис маркировкалаш қоидасини бузганлик учун жаримани айланмага боғламасликни таклиф қилди
11:59 / 01.04.2025
“Тадбиркорлар олмаган даромади учун солиқ тўлашига тўғри келяпти” — Мурод Муҳаммаджонов
18:54 / 17.02.2025