“UTAX” солиқ маслаҳати ташкилоти раҳбари, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзоси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га берган интервюсида 2025 йилдан бошлаб ер, мол-мулк солиқларини ҳисоблашда нималар ўзгаргани ва тадбиркорлар ижара нархлари билан юзага келаётган қийинчиликлар ҳақида гапириб берди.
— Мол-мулк солиғини ҳисоблашда нима ўзгарди?
— Бу йилдан ҳисоблаш усули ўзгартирилди: олдин баланс қийматига қараб 1,5 фоиз ҳисобланадиган бўлса, ҳозир минимал қийматдан келиб чиқиб 1,5 фоиз ҳисобланадиган бўлди.
Шу пайтгача корхоналар кўчмас мулкининг баланс қийматидан келиб чиқиб 1,5 фоиз ставкада мол-мулк солиғи ҳисобланар эди. 2024 йилдан бошлаб, мол-мулк солиғига минимал қиймат қўйила бошланди, яъни Тошкент шаҳри учун 1 кв метрга 3 млн сўм қиймат белгиланди ва ўша 3 млн сўм қийматдан 1,5 фоиз солиқ ҳисобланадиган бўлди.
100 кв метрлик дўкон бўладиган бўлса, унинг баланс қиймати 100 млн сўм бўлиши мумкин. 100 млн сўмдан 1,5 фоиз ҳисоблайдиган бўлсангиз, 1,5 млн сўм чиқади. Лекин янги тартиб бўйича 1 квадрат метр 3 млн сўм деб баҳоланади, энди 3 млн сўмдан 1,5 фоиз ҳисобланади. Яъни 100 кв метр майдонингиз баланс қиймати 100 млн сўм бўлса-да, 300 млн сўмдан келиб чиқиб солиқ ҳисобланади, бу эса ўз-ўзидан 4,5 млн сўм солиққа айланади.
Бу тартиб ўтган йили кучга кирди ва жуда кўпчилик мулкини қайта баҳолатиб, агар 1 квадрат метри 3 млн сўмдан пастроқ бўлса, баҳолаш актини солиқ органига тақдим этиб, пастроқ қийматда солиқ тўласа бўлар эди. Бундан кўпчилик фойдаланди. 100 квадрат метрлик мисол билан тушунтираман: баланс қиймати 100 млн сўмлик мулкни давлат 300 млн сўмдан келиб чиқиб 4,5 млн солиқ тўлайсан деса, тадбиркорлар баҳолаш ўтказиб, аслида 300 млн сўм эмас, баҳоси 200 млн сўм деб баҳоловчи актини топширгандан кейин, 200 миллиондан келиб чиқиб солиқ тўлашди. Яъни 4,5 млн сўм эмас, 3,5 млн сўм солиқ тўлаб келишди.
2025 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида квадрати 3 млн 300 минг сўмлик жой йўқлигини инобатга оладиган бўлсак, ҳеч ким ёлғон маълумот билан паст қийматда баҳоламай қўйди. Факт қиймати 3 млн 300 минг сўмдан баланд бўлса, ҳеч ким паст баҳолаб бермади. Натижада 100 млн сўмлик қийматга эга дўкон учун 330 млн сўмдан келиб чиқиб, 1,5 фоизлик ставкада солиқ тўланадиган бўлди. Бу ўз навбатида, 4 млн 950 минг сўмни ташкил қилади. Ўтган йили 3 млн эканида пасайтириб олиб келган тадбиркорлар бу йил пасайтириб ололмади. Бунинг натижасида мол-мулк солиғи кўпчиликда 2-3 баробар, айрим жойларда 5 баробар ошиб кетган ҳолатлар ҳам бўлди. Мулкка солиқ солиш мақсадида минимал қиймат ўрнатилиши муносабати билан, солиқ қиймати бир неча баробарга ўсди.

















