Жаҳон | 09:17 / 10.08.2023
13324
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин ҳарбий тайёргарликни кучайтиришга чақирди

Шимолий Кореяда Корея халқ армияси бош штаби бошлиғи алмаштирилди. Шимолий Корея раҳбари «ҳарбий саноатнинг барча корхоналарини турли қурол ва жиҳозларни оммавий ишлаб чиқаришни тезлаштиришга» чақирди.

Фото: AP

Вице-маршал Ли Ён Гил Пак Су Ир ўрнига Корея халқ армияси бош штаби бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда 10 август, пайшанба куни Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА, KCNA) маълум қилди.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин «ҳужумкорона» ҳарбий тайёргарликни кучайтиришга чақирди, деб хабар беради AFP. 

КМТА маълумотларига кўра, Корея Меҳнат партияси Марказий ҳарбий қўмитасининг 9 август куни бўлиб ўтган йиғилиши кун тартибида «тўлиқ ҳарбий тайёргарлик», жумладан, «зарба беришнинг янада кучли воситалари билан таъминлаш» масаласи бўлган. 

«Қуролларни серияли ишлаб чиқаришни тезлаштириш» 

Ким Чен Ин «ҳарбий саноатнинг барча корхоналарини ҳар хил турдаги қурол ва жиҳозларни серияли ишлаб чиқаришни тезлаштиришга» чақирди, дея хабар беради КМТА. «Шунингдек, у энг сўнгги русумдаги қурол ва техникалардан самарали фойдаланиш мақсадида реал ҳарбий машғулотларни фаол ўтказишга чақирди», — дейилади хабарда. 

Йиғилишда, шунингдек, 9 сентябр куни Шимолий Корея ташкил топганининг 75 йиллиги шарафига ўтказиладиган кенг кўламли парадга тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 

Июл ойи охирида Кореяда уруш тугаганининг 70 йиллиги муносабати билан кенг кўламли байрам тадбирлари туфайли Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Пхенянга ташриф буюрди. Кореяшунос ва Сеулдаги Кунмин университетининг етакчи тадқиқотчиси Фёдор Тертицкий DW нашрига томонлар Москвага 152 миллиметрлик снарядларни етказиб беришни муҳокама қилган бўлиши мумкинлигини тасдиқлади. 

Мавзуга оид