Жаҳон | 09:40 / 11.08.2023
11594
2 дақиқада ўқилади

Эквадор президенти АҚШ ФТБдан ёрдам сўради

Эквадорда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Фернандо Вилявисенсио ўлдирилиши ортидан етти номзоддан беш нафари сайловолди кампаниясини тўхтатганини эълон қилди.

Гилермо Лассо / Фото: Getty Images

Эквадор президенти Гилермо Лассо 10 август, пайшанба куни бир кун аввал ўлдирилган президентликка номзод Фернандо Вилявисенсио ишини тергов қилишда ёрдам сўраб ФТБга мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, яқин орада ФТБ ходимлари мамлакатга келади. 

Лассо халққа мурожаатида суиқасдни «сиёсий жиноят» ва сайловларни бузишга уриниш деб атади. 20 август куни Эквадорда муддатидан олдин президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Оммавий сўровларга кўра, ўнг марказчи Вилявисенсио машҳурлик бўйича тўртинчи ёки бешинчи ўринни эгаллаган. 

Эквадорда фавқулодда ҳолат эълон қилинди 

9 август куни кечқурун «Саф» (Construye) ҳаракати вакили бўлган сиёсатчи Эквадор пойтахти Китода сайловолди ташвиқоти тадбиридан сўнг ўлдирилди. Яна тўққиз киши жароҳат олган. Отишма давомида ҳужум қилган шахс ҳам ўлдирилган. 

Республикада 60 кунга фавқулодда ҳолат жорий этилди. Воқеадан сўнг президентликка номзодларнинг етти нафардан беш нафари сайловолди ташвиқотини тўхтатганини эълон қилди. Бироқ сайлов санаси кўчирилмади. 

Мавзуга оид