Ўзбекистон | 07:33 / 15.08.2023
4707
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда мураккаб ҳолатга тушиб қолган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари нотаниш ва шубҳали шахсларнинг ёлғон ваъдалари таъсирида Ҳиндистонга келиб мураккаб ҳолатга тушиб қолган О.Т. исмли фуқаронинг ватанга қайтишида консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Фото: Kun.uz

2021 йил июнь ойида Тошкент-Деҳли йўналишидаги самолётда келган О.Т.нинг шахсий ҳужжатларини унга мўмай даромадли иш ваъда қилган кимсалар олиб қўйган. Кейин у турли таҳдид ва қўрқитишлар орқали ноқонуний фаолият тури билан шуғулланишга мажбур қилинган.

Ҳиндистон полицияси рейдларида қўлга тушиб, ҳибсга олинган ҳамда бошқа кўплаб нохуш воқеаларни бошидан кечирган фуқаро Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиши билан унга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатиш бўйича чоралар кўрилди.

Хусусан, фуқарони ватанга қайтариш мақсадида элчихона дипломатлари Ҳиндистоннинг тегишли идоралари билан мазкур ҳолат юзасидан расмий музокаралар ўтказди. Куни кеча О.Т. Деҳли-Тошкент ҳаво қатнови билан ватанга етиб борди.

Ўзбекистон элчихонаси фуқароларни Ҳиндистонга сафар қилишдан олдин турли шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмаслик, ушбу мамлакатга кириш ва унда бўлиб туриш чоғида маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирган.

Дипломатик миссия бундай ҳолатлар юзага келган тақдирда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилиши учун зудлик билан қуйидаги алоқа воситаларига мурожаат қилишни тавсия қилади: телефон: +91 11 2467 0774/75, телеграм-бот: @consuluzbindia_bot.

Мавзуга оид