08:35 / 16.08.2023
4329

Латвия шарқий ҳудудларини қўриқлаш учун чегарачиларни сафарбар қилмоқда

Латвия давлат чегара хизмати Беларус билан чегарага ноқонуний муҳожирлар оқими ва «жадал ўсиб бораётган гибрид таҳдидлар» туфайли ходимлар сафарбар қилиниши ҳақида маълумот берди.

Фото: lsm.lv

Латвия давлат чегара хизмати шарқий чегарани мустаҳкамлаш учун қўшимча кучлар сафарбар этилишини эълон қилди. Қўшимча ходимларни жалб қилиш 15 август, сешанба куни бошланган, дейилади идора сайтида.

Қарор «Латвия-Беларус чегарасида тез ўсиб бораётган гибрид таҳдид», шунингдек, «Беларус расмийларининг ноқонуний муҳожирлар оқимини ташкиллаштиришдаги иштироки кучайиши» муносабати билан қабул қилинди», дейилади хабарда. Давлат чегара хизматининг аниқлик киритишича, биргина сўнгги 24 соат ичида Беларусдан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича 96 та уриниш аниқланган.

Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати ходимларига йиллик таътил бериш тўхтатилди, таътилда бўлган чегарачилар хизматга чақириб олинди, дейилади маълумотда. Идора, шунингдек, Миллий қуролли кучлар ва Давлат полициясидан қўшимча ёрдам сўради.

Беларус орқали Европа Иттифоқига ноқонуний муҳожирлар оқими

2021 йилда Ироқ ва Суриядан минглаб ноқонуний муҳожирлар Беларус орқали Полша, Латвия ва Литва чегараларига етиб келди. Европа Иттифоқи мамлакатлари экспертлари ва етакчилари Беларус раҳбари Александр Лукашенко режими ноқонуний муҳожирлар оқими учун масъул эканини билдириб, уни муҳожирлардан сиёсий савдо учун фойдаланганликда айблади.

Россиянинг Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланиши билан Беларус ва Европа Иттифоқи давлатлари чегараларида миграция инқирозининг янги босқичи кузатилди. Бундан ташқари, Полша, Латвия ва Литванинг хавотирига июл ойида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчиларининг Беларусга ўтказилиши сабаб бўлди. Хусусан, Полша бош вазири Матеуш Моравецкий ўзи беларуслик чегарачилар сифатида кўрсатувчи россиялик ёлланма аскарлар ноқонуний муҳожирларнинг Европа Иттифоқига киришига ёрдам бериши мумкинлигини тахмин қилди. Моравецкий қўшимча қилишича, ХҲК жангчилари ўзларини ноқонуний муҳожирлар сифатида кўрсатиб, Полшага кириб боришга ҳаракат қилади ва шу билан қўшимча хавф туғдиради.

Top