Жаҳон | 22:06 / 16.08.2023
7953
1 дақиқада ўқилади

YouTube ишончсиз маълумот бўлган тиббий видеоларни ўчиради

Эндиликда ичида ишончсиз маълумотлар бўлган тиббиёт мавзусидаги видеолар YouTube'дан автоматик тарзда ўчирилади. Бу ҳақда компания блогида эълон қилинди.

Фото: Getty Images

Баёнотда айтилишича, ичида миллий ва халқаро талабларга зид маълумотлар бўлган тиббий видеолар ўчирилади. Асосий эътибор онкологик мавзудаги видеоларга қаратилади.

YouTube баёнотида тиббиёт ривожланиб бораётгани эътироф этилган ҳолда яхши ўрганилган мавзуларда умумий илмий консенсус мавжудлиги, видеоларни текширишда айнан мана шу омилга эътибор берилиши айтилган. «Токи бизнинг платформада чиқаётган видеолар одамларга зарар бермасин», дейилади хабарда.

Қандай видеолар ўчириб юборилиши мумкин эканига бир нечта мисол ҳам келтирилган. Масалан, ниманидир озонотерапия, керосин, коллоидли кумуш каби одам танасига зарар етказиши мумкин бўлган воситалар билан даволаш мумкинлигини айтиб бўлмайди. Шунингдек, видеоларда ковид умуман мавжуд эмаслиги, вакцина инсон танасига зарар етказиши ва эмлаш инсонларни чиплаш учун амалга оширилмоқда, деб айтиш тақиқланади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид