Спорт | 12:12 / 17.08.2023
33763
9 дақиқада ўқилади

«Манчестер Сити» — Европа Суперкубоги ғолиби

«Манчестер Сити» Европани забт этишда давом этмоқда — УЕФА Суперкубоги учун ўйинда «Севиля» таслим этилди. Мавсумнинг илк еврокубоги Англияга олиб кетилди.

Фото: AFP

УЕФА Суперкубоги
Манчестер Сити — Севиля 1:1

Пеналтилар серияси — 5:4.
16 август, Пирей, «Георгиос Караискакис»
Голлар: Палмер (63) — Ан-Носирий (25). 
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Аканжи, Гвардиол, Аке, Ковачич, Грилиш, Родри, Фоден, Палмер (Альварес, 85), Ҳоланд.
Севиля – Буну, Навас (Монтиэл, 83), Баде, Гудел, Акуня, Ракитич, Ламела (Сусо, 90+3), Окампос, Торрес (Санчес, 74), Жордан, Ан-Носирий (Мир, 90+3). 
Огоҳлантиришлар: Баде (33), Ламела (62), Санчес (90).

Турли вазн тоифасидаги рақиблар

«Севиля» учун УЕФА Суперкубоги учун ўйинлар — деярли одатга айланган. Европа Лигасининг етти карра ғолиби ушбу бир ўйиндан иборат турнирда шунча бор қатнашган, аммо совринни фақат бир марта — 2006 йилда қўлга киритган.

«Манчестер Сити» учун Европа Суперкубоги — янгилик, тарихий воқеа, шунингдек ўз олтин коллекциясини янги титул билан тўлдириш имконияти.

Парадоксдек кўринади, аммо шундай тажрибага эгалигига қарамай испанлар жамоаси финал ўйинида фаворит ҳисобланмайди. Турнирда дебютант қилган туманли албион вакили эса, кўплаб прогнозларга кўра, рақибини осон мағлуб этиши керак эди. Ва гап «Сити» 2022/23 йиллар мавсуми якунларига кўра совринлар бўйича ҳет-трик қайд этган (ЕЧЛ, АПЛ, миллий кубок) ва кучли ҳужумчи Ҳоландга эга бўлган қудратли жамоа эканида ҳам эмас. Гап андалусияликлар жуда ёмон ўтган мавсумда ҳам Европа Лигасида ғолиб бўла олганида эди.

Бунунинг ёрқин ўйини ва Ан-Носирийнинг голи

«Севиля» ла лигада 12-ўринни эгаллади ва афсонавий спорт директори Мончи билан хайрлашиб, таркибини ҳам кучайтирмаяпти. Март ойида вақтинча мураббий сифатида тайинланган, аммо кутилмаганда Европа миқёсидаги иккинчи даражали кубокни қўлга киритиб, доимий асосда бош мураббийга айланган Хосе Луис Мендилибар эса қолган. Жамоада молиявий муаммолар юзага келган — июн ойида Marca нашри клуб исталган футболчи билан хайрлашишга билан хайрлашишга тайёрлигини хабар қилганди.

Шу билан бирга, футболчилар клубни ёппасига тарк этмаяпти, фақат жамоанинг асосий футболчиларидан бири Андалусиядан кетиши ойдинлашмоқда — асосий дарвозабон, ЖЧ-2022 қаҳрамони Яссин Буну «Ал-Ҳилол»га ўтиши ҳал бўлган. Ва катта эҳтимол билан Суперкубок ўйини марокашлик дарвозабон учун «Севиля» футболкасидаги сўнгги ўйин бўлиб қолди— у бу ўйинни шу қадар жонбозлик билан ўтказгани ҳам бежиз эмас.

Буну анчадан буён фотографлар учун севимли дарвозабон ҳисобланади — у нафақат қутқаради, балки буни эффект билан амалга оширади. Аммо бу ерда «қутқариш» муҳим сўз — Буну илк дақиқаларданоқ «Манчестер Сити» футболчиларининг зарбаларидан кейин «Севиля»ни қутқаришига тўғри келди. Палмер, Аке ва Грилиш дебютдаёқ дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар йўллашди, аммо марокашлик ўз жойида эди.

«Сити» кутилганидек кўп вақт давомида тўпни ўзида ушлаб турди, аммо кутилмаганда ҳисобни фаворит бўлмаган жамоа очди. Буну дарвозаси олдидан бошланган тезкор ҳужум давомида Акуня (унга эса андалусияликларнинг собиқ устози Унаи Эмери бошқарувидаги «Астон Вилла» харидор) чап қанотдан классик пас узатди, Ан-Носирий эса ўз ишини бажарди — ҳимоячилар ортида очилди ва барчадан баланд сакради.

Гвардиоланинг ғоялари

«Севиля» оддий ҳаракат қилди: рақиб тўпга эгалик қилганида 4-4-2 схемаси бўйича сафланди, ўзи тўпни эгаллаганида максимал тезлик билан тўпни ҳужум чизиғига етказди, бир сўз билан айтганда вертикал ўйин. Бундай тактикани азалдан британча футбол деб номлашади, фақат Англиянинг шу услубда ўйнайдиган ўртача жамоасига қараганда испанлар таркибидаги ижрочиларнинг маҳорати юқорироқ. Андалусияликлар голни шундай жамоаларга хос тарзда — тўпни қанотдан бўйи баланд марказий форвардга узатиб бериш орқали урганидан келиб чиқилса, бундай ўхшатиш мутлақо ўринли.

«Сити» эса одатдаги каби олдиндан айтиб бўлмайдиган тарзда ҳаракатланди. Ўйиндан олдин Мендилибар рақиб таркибидаги муаммолар ҳақидаги саволга кулги билан жавоб берганди: «Улар дарвозабон ва ҳимоячиларнинг ўзига 500 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлашган. «Сити» йўқотишлардан нолийди деб ўйламайман». Аммо умуман олганда Пепда таркиб билан боғлиқ муаммолар чиндан ҳам бор: Де Брюйне бир неча ойга сафдан чиққан, шу туфайли мураббий энди асосий етакчи футболчисисиз қандай ўйнаш ҳақида ўйлаши керак.

«Севиля» билан ўйинда Кевиннинг майдондаги вазифаларининг асосий қисмини Фоден ўз зиммасига олди, у белгияликнинг позициясида майдонга чиқди. Аммо бу сафар у қадар ўхшамади: унга чизиқлар оралатиб кесиб ўтувчи паслар етишмади, умуман олганда креативлик нуқтайи назаридан бу ўйин «Сити» меъёрлари бўйича анча кучсиз эди. Айниқса дастлабки бир соатда.

Бошқа ўзгаришлар эса ҳимояга тааллуқли: «шаҳарликлар»нинг янги футболчиси Гвардиол бошланғич таркибдаги дебютида ўзига хос бўлмаган чап қанот ҳимоячиси позициясида тушди, тўпга эгалик қилинган ҳолатларда таянч зонасига Аканжи чиқди — бу ҳам сюрприз бўлди.

Янги юлдуз

«Сити» ўтказиб юборилган голдан кейин ҳам фаоллигини пасайтирмади, аммо «Севиля» футболчилари тартиб билан ҳаракатланди ва рақибга ҳужумда имкон бермади. Аммо, ҳайратланарлиси, Гвардиола танаффусда бирорта ўзгариш амалга оширмади, лекин ҳимоя чизиғини олдинроққа чиқарди. Бу орқали «Сити» тўп йўқотилганда уни имкон қадар тезроқ қайтариб олишни кўзлаганди.

Аммо испанлар бундан ҳам фойдаланишди. 50-дақиқадаёқ «Севиля» хавфли ҳужум уюштиришди, фақат Ан-Носирийнинг зарбасини Эдерсон бартараф этди. Кейинроқ Окампос ҳам хавфли зарба йўллади, «Сити» дарвозабони яна бир вазиятда марокашлик форвард билан яккама-якка вазиятда қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келди. Аммо бу вақтга келиб ҳисоб 1:1 кўринишини олганди.

«Сити»да янги юлдуз етишиб чиқмоқда: 21 ёшли яримҳимоячи Коул Палмер. Англия миллий жамоаси ҳавбеки Англия Суперкубоги учун баҳсда ҳам «Арсенал» дарвозасига гол урганди, бу ўйинда ҳам ўзини кўрсатди. Родри дарвозабон ҳудудига пас етказиб берганида ушбу йигитча АПЛнинг ўтган мавсумдаги энг яхши тўпурари Ҳоландга бақириб, тўпни унга қолдиришни сўрашга жазм эта олди. Ҳатто Риёз Маҳрез ижтимоий тармоқларда Коулни бош билан йўллаган бу аниқ зарбаси учун олқишлади — Палмер айнан жазоирлик футболчининг позициясини эгаллаган.

Гуделнинг ҳал қилувчи хато зарбаси

Иккинчи 45 дақиқалик охирида Чемпионлар лигаси ғолиблари «Севиля»нинг кўзини очиришмади: Ан-Носирий юқорида эсланган голли вазиятни йўққа чиқарганидан кейин Гвардиола жамоаси испанларнинг жарима майдонини ишғол этишди. Охирги 25 дақиқада йўлланган зарбалар статистикаси барчасини аниқ ифодалайди: 11:0. Бу оралиқда Буну ўз савиясини намойиш этишига тўғри келди.

Аммо шу куни Эдерсон ҳам ажойиб ўйин кўрсатди: агар унинг Ан-Носирийнинг зарбаларидан кейинги сейвлари бўлмаганида, «шаҳарликлар» пеналтилар сериясигача етиб бора олмаслиги мумкин эди. Шунинг учун дарвозабонлар дуэли финал безагига айланди.

Аммо «Севиля» ва «Манчестер Сити» дарвозабонлари бирорта зарбани тўса олишмади — барча футболчилар 11 метрлик зарбани аъло даражада ижро этишди. Аммо испанларнинг бешинчи бўлиб нуқтага яқинлашган ҳавбеки Гуделнинг оёқлари қалтиради: сербиялик футболчининг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига борди. Унинг хатосидан кейин «Сити» футболчилари байрамни нишонлашга киришди — энди уларнинг совринлар хонасида УЕФА Суперкубоги ҳам бор.

Мавзуга оид