Ўзбекистон | 15:03 / 17.08.2023
40663
5 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё: Трансчегаравий дарёлар бўйича бугунги вазият қанақа?

Қўштепа канали бўйича музокараларда Ўзбекистон “Толибон”дан сўраётган асосий масала нима? Қозоғистон нима сабабдан Сирдарё бўйича келишувни қайта кўриб чиқмоқчи? Яқин келажакда Марказий Осиё олдида қандай рисклар турибди, ечимлар қанақа? Эксперт Фарҳод Каримов Kun.uz'га берган интервюсида бу саволларга ойдинлик киритди.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сув масалалари ҳақида кўп гапирилади, лекин аҳоли орасида бу борадаги умумий тасаввур етарли эмас. Kun.uz “Геосиёсат” дастурининг бу галги сонида трансчегаравий дарёлар бўйича оддий саволлар билан эксперт Фарҳод Каримовга мурожаат қилди.

— Марказий Осиё давлатлари умумий ирригацион тизими cовет давридан қандай муаммоларни мерос қилиб олган ва мустақилликка эришгач, сув масаласида қандай индивидуал ёндашувлар кузатилди?

— 50-йиллардан кейин Марказий Осиё республикалари бутун иттифоқ давлатларига қишлоқ хўжалигига маҳсулотлари ва хомашё етказиб берувчи базага айланган. Ўзбекистон пахтага, Қозоғистон ғалла ва чорвага ихтисослаштирилган. Бундай сиёсат ортидан чўл ҳудудлари ўзлаштирилган, янги совхоз ва колхозлар ташкил этилган. Амударё ва Сирдарё сувлари шакллантирилган каналлар орқали минтақа марказига йўналтирилган, оқибатда Марказий Осиёда ягона ирригацион тизим шаклланган.

Иттифоқ парчалангач, сув масаласидаги олдинги тизим қоладими-йўқми, шу кун тартибига чиқди. Юқорида турувчи Тожикистон ва Қирғизистон қуйида турувчи Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистонга талаблар қўя бошлаган. Собиқ иттифоқ даврида уларда сувдан кўп фойдаланиш имкони бўлмаган. Мустақил бўлишгач эса ўз миллий манфаатларини кўтариб чиқишди. Қуйи оқимда жойлашган, иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига мослаштирилган республикалар ҳали ҳам собиқ иттифоқ давридаги тизимга боғланиб қолган эди. Квота ва сув бўлинишини олдин Москва ҳал этган. Шу масалани ҳал қилиш учун 1992 йилда ҳамкорлик келишуви имзоланади.

— Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Сирдарё ҳавзаларидан фойдаланиш 1998 йилда Бишкек келишуви тузилган. Ҳозирга келиб нега Қозоғистон томони бу келишувни қайта кўриб чиқмоқчи? Сирдарёнинг Қозоғистон томонда жойлашган қисмида сув камайгани ва дарё ҳавзаси ифлослангани ростми, сабаблари нима?

— Нафақат 1998 йилдаги шартнома, балки 1992 йилдаги шартномани ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Чунки вазият, давлатлар иқтисодиёти ўзгарди. 1998 йилда Сирдарё ҳавзаси сувларидан фойдаланиш бўйича 3 та давлат келишиб олган эди. Сирдарёнинг асосий истеъмолчиси Қозоғистон ҳисобланади. Ҳозирги кунда Қозоғистонда сув тақчиллиги ортиб боряпти.

1998 йилда бу уч давлатдаги иқтисодиёт, вазият бошқача эди. Энди қайта кўриб чиқишга тўғри келяпти. Шартномага кўра, Қирғизистон сувни беради, бунинг эвазига қуйидаги давлатлар унга энергия етказиб беради. Аммо энергетикада ҳам етишмовчиликлар бўлиб, Қирғизистонга етарли берилмади. Энди Қирғизистон ўзи ГЭСлари орқали энергия олмоқчи, бундан эса кўпроқ Қозоғистон жабр кўради. Шунинг учун ҳам Қозоғистон қайта кўриб чиқиш масаласини кўтаряпти.

Бу ерда асосий муаммо квота бўляпти, шу нарсалар аниқ белгилаб олиниши керак. Янги шартнома конвенция кўринишида бўлиши кутиляпти, унда квоталар, шартлар аниқ белгиланади.

— Сувдан фойдаланишда халқаро ҳуқуқ бўйича қандай конвенция ва шартномалар амал қилади?

— БМТнинг Трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича конвенцияси мавжуд. Унда сув ресурсларини сотиш ва уларга эгалик қилиб олиш тақиқланади, сув минтақанинг умумий мулки деб белгиланган. Конвенцияни ратификация қилган давлатлар унга амал қилиши керак. Лекин конвенция умумий характерга эга, деталлар билан кўрсатилмаган. Ва унда белгилаб қўйилганки, махсус ҳолатлар конвенция принципларига зид бўлмаган тарзда алоҳида келишувлар орқали тартибга солинади.

Марказий Осиёдаги каби вазият бўлган 20 тача ҳолат бор. Дейлик, Яқин Шарқда Иордан дарёси бор. Аниқ келишувлар бўлмагани учун зиддиятли вазиятлар кўп бўлади уларда. Нил дарёси ҳавзасида ҳам бир қанча муаммолар бор. Европада Испания ва Португалия ўртасида сув муаммолари кузатилади. Африка давлатларида-ку битта дарё бир нечта давлат ҳудудидан ўтувчи ҳолатлар жуда кўп. Шунинг учун аниқ келишувлар бўлиши керак.

  • Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.

Мавзуга оид