Янгийўл туманига ҳоким тайинланди
Нурафшон шаҳри камбағалликни қисқартириш бўлими раҳбари вазифасида ишлаб келган Одилжон Атауллаев Янгийўл тумани ҳокими этиб тайинланди.
Одилжон Қосимович Атауллаев Халқ депутатлари Янгийўл тумани кенгашининг қарори билан туман ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Одилжон Атауллаев 1980 йилда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. Маълумоти олий. 2008 йил Андижон давлат университетини тамомлаган.
Лавозимга тайинлангунга қадар Нурафшон шаҳри камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими раҳбари вазифасида ишлаб келаётганди.
Янгийўл туманига 2020 йил февралидан буён раҳбарлик қилиб келган Улуғбек Ялгашев 2023 йил август ойи бошида президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи вақтида ўтказилган видеоселекторда ишдан олинганди.
Халқ депутатлари Янгийўл тумани кенгашининг 17 августдаги навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев қатнашиб, ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга доир долзарб масалаларга тўхталди. Хусусан, туманда 7900 нафар ишсиз аҳоли борлиги, 12 минг аҳоли хорижда мигрант экани қайд этилди.
Ҳоким нутқи давомида туман ҳокимининг биринчи ўринбосарини (Эрали Абдурасулов)ни лавозимига лойиқ эмас, деб ҳисоблашини билдириб, вазифасидан озод қилишни тавсия этди.
«Янгийўл тумани ҳокимлигида ўринбосарларни пайпоқдек алмаштириш урфга кирган. Икки йилда 7 та қурилиш бўйича ўринбосар алмашди. Бироқ қурилиш соҳаси шу билан тартибга тушмади. Бу жуда оғриқли ҳолат», деди Мирзаев.
Унинг қайд этишича, мактабгача таълимга болалар қамрови бўйича туман вилоятда охирги ўринда бормоқда. Шунингдек, туман ғалладан бўшаган ерларни ёқиб юбориш бўйича энг олдинда экани (171 гектар), ҳосилдорлик ҳам режадагидан пастлиги кўрсатиб ўтилди.
Мавзуга оид
12:40 / 19.12.2024
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
17:52 / 11.12.2024
Тимур Ишметов Марказий Банк раиси этиб тайинланди
15:57 / 10.12.2024