Жаҳон | 16:16 / 18.08.2023
19926
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг тор шаҳар – Янжин шаҳри ҳақида

Дунёдаги энг тор шаҳар деб тан олинган, тоғ орасида, дарё бўйида жойлашган Хитойнинг Янжин шаҳрининг энг тор нуқтаси 30 метрни, энг кенг қисми эса атиги 300 метрни ташкил қилади.

Фото: Screengrab

Хитой давлатининг Юннан провинциясидаги Нанси тоғида жойлашган Янжин шаҳрининг мавжудлигига бир қараганда ишониш қийин. Баҳайбат тоғ орасидан оқиб ўтувчи дарё ўзани бўйлаб жойлашган шаҳар дунёдаги энг тор мегаполис сифатида тан олинган.

Шаҳарда дарё бўйлаб машиналар ҳаракатланиши учун узун йўл қурилган.

Янжин шаҳрида ер қиммат ресурс ҳисобланади, шунинг учун ҳам уйлар шундоқ дарё бўйида қурилган. Дарёда сув кўпайиб сув тошқинидан зарарланмаслиги учун уйлар узун қозиқ устунлар устида қурилган. Шаҳар аҳолиси 450 минг атрофида. 2 та қирғоқ бўйлаб жойлашган ҳудудда энг қизиғи кўприклар ҳам унча кўп эмас.

Янжин бой тарихга эга. Шаҳар қадимги даврда Тибет ва Жанубий Осиё ўртасида туз, бронза ва чой ташиб ўтиладиган марказ бўлган. Шаҳарнинг дарё бўйлаб стратегик жойлашуви уни савдогарлар тўхтаб ўтадиган манзилга айлантирган.

Лекин шаҳар қанчалик гўзал бўлмасин, унга кўп туристлар бора олмайди. Сабаби Янжинга тоғлар оралаб фақат битта йўл орқали бориш мумкин. Шунинг учун ҳам кўпчилик бу манзилга боришни қийин деб ҳисоблайди. Лекин шаҳарнинг ўзига хос архитектураси ва табиати сабаб кўпчилик туризмга оид веб сайтлар Янжинни борилиши керак бўлган манзиллар рўйхатига қўшган. 

Мавзуга оид