Жаҳон | 11:51 / 18.08.2023
3938
3 дақиқада ўқилади

Полша ЕИнинг қочқинлар режаси бўйича референдум ўтказади

Европа Иттифоқининг муроса қарори ноқонуний мигрантларни мажбурий қабул қилишни назарда тутади. Полша ҳукумати бунга рози эмас ва бу масала бўйича референдум ўтказиш ниятида.

Фото: INA

Полшада 15 октябр куни парламент сайловлари билан бир вақтда Европа Иттифоқининг қочқинлар бўйича муросага келиш режаси ва яна учта масала юзасидан референдум ўтказилади. Бу қарор Полша Сейми томонидан 17 август, пайшанба куни 451 депутатдан 234 нафарининг овози билан қабул қилинди

Мухолифат вакиллари Варшавадаги миллий-консерватив ҳукуматни референдум орқали парламент сайловлари натижаларига таъсир ўтказиш ва давлат маблағларини сайлов кампаниясига сарфлаш ниятида айблади. 

Мунозарали муроса

Ҳукмрон «Қонун ва адолат» партияси таклифи билан референдумга тўртта савол қўйилмоқда. Улардан бири Европа Иттифоқининг қочқинларни мажбурий қабул қилиш бўйича муросага келиши билан боғлиқ. Аниқроғи, савол қуйидагича янграйди: «Сиз Европа бюрократияси томонидан ўрнатилган мажбурий қабул механизми бўйича Яқин Шарқ ва Африкадан минглаб ноқонуний муҳожирларнинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлайсизми?»

Бу овоз бериш натижаси Европа Иттифоқи доирасида қарор қабул қилиш жараёни учун ҳеч қандай оқибатларга олиб келмайди. 

Июн бошида Европа Иттифоқи ички ишлар вазирлари бошпана сиёсатини ислоҳ қилишга келишиб олди. Тахминларга кўра, қочқинларни ЕИга қабул қилиш бундан буён ихтиёрий эмас, балки мажбурий асосда амалга оширилади. Қочқинларни қабул қилишдан бош тортган давлатлар Европа Иттифоқига товон пули тўлаши керак бўлади. 

Германия миграция сиёсати танқид қилиняпти

Полша ҳукумати бунга рози эмас. Полша таълим вазири Пшемислав Чарнек парламентда референдумда кўтариладиган масалаларни тақдим этар экан, унинг таъбири билан айтганда, «абсурд» Германия миграция сиёсатини танқид қилди. Шу билан бирга, у Ғарбий Европа давлатлари ва Полшанинг жиноий статистикасини солиштирди. «Улар Полшада аёлларнинг худди Франция, Белгия ёки Германиядаги каби зўравонликка учрашини истайди. Поляклар бунга «йўқ» дейди», - деди Чарнек. 

Полшадаги референдумда давлат корхоналарини хусусийлаштириш, пенсия ёшини ошириш ва Беларус билан чегарани мустаҳкамлаш масалалари ҳам бор. Барча саволлар таклиф асосида шакллантирилиб, фуқароларни уларга салбий жавоб беришга ундайди, дея қайд этади dpa агентлиги. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид