Қирғизистон Иссиқкўлдаги 4 пансионатни Ўзбекистонга қайтаради
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2016 йилда национализация қилинган пансионатлар учун Ўзбекистонга 40 млн доллар миқдорида компенсация тўлаш имкони йўқлиги, шу туфайли томонлар ижарага бериш бўйича келишганини айтган.

Фото: president.kg
Қирғизистон Иссиқкўл бўйида жойлашган тўрт пансионатни 49 йилга Ўзбекистонга ижарага беради. Бундай қарор қабул қилинишига расмий Бишкек АҚШдаги халқаро арбитраж судида ютқазгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълум қилди.
Қирғизистон Республикаси собиқ бош вазири Темир Сариевнинг қарори билан 2016 йил апрелида Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги тўртта пансионати – «Олтин қумлар», «Роҳат НБУ», «Дилором» ва «Бўстон» миллийлаштирилиб, Қирғизистон ихтиёрига ўтказилганди. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати мазкур ҳолат юзасидан АҚШдаги халқаро арбитражга даъво аризаси билан чиқади.
Ўзбекистон томони Темир Сариевнинг ҳаракатларини собиқ СССР давлатлари ўртасида 1992 йилда имзоланган битимнинг бузилиши дея баҳолайди. Битимда собиқ совет иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин бошқа давлат ҳудудида қолиб кетган объектлардан фойдаланиш назарда тутилган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг маҳаллий «Кабар» нашрига берган интервюсига кўра, томонлар тўртта пансионатни ўзбекистонлик инвесторларга 49 йилга ижарага бериш бўйича келишувга эришган.
«Тўртта пансионат бўйича қуйидагиларни айтаман. 2016 йилда Темир Сариев бош вазир сифатида уларни тортиб олди, тўғрисини айтсам, бу кўпроқ популизмга ўхшарди. Ўшанда архив ҳужжатларини ўрганиш ва бу объектларнинг келажаги ҳақида фикр юритиш керак эди. Агар шундай ҳаракат билан халқаро судда ютқазиб қўймаслигимизга кафолатлар бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўша йили Ўзбекистон томони Вашингтондаги халқаро судга мурожаат қилиб, 65 миллион АҚШ доллари миқдоридаги зарарни қоплашни талаб қилган.
2017 йилда Сапар Исоқов Ўзбекистон томонига мактуб йўллаб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш ва тўртта пансионатни Ўзбекистон томонига қайтариш масаласини ишлаб чиқишни таклиф қилган ва даъвони қайтиб олишни сўраган. Аммо Ўзбекистон томони даъвосидан воз кечмади», деди у.
Қирғизистон президентининг қўшимча қилишича, суд жорий йилнинг май ойида Қирғизистон томони 40 млн доллардан ортиқроқ маблағ тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқаради.
«Уларга бу суммани тўлашга имконимиз йўқ. Шу боис, Ўзбекистон томони билан келишиб, уларни 49 йилга ижарага бериш бўйича келишувга эришдик. Ушбу пансионатлар бугунги кунда шу қадар вайронага айланганки, омборхона деб аташ мумкин.
Яқин 15-20 йил ичида уларни модернизация қилишга сармоя кирита олмаймиз, чунки бизда жуда кўп бошқа муҳим камчиликлар мавжуд. Уларни тузатмагунимизча, пансионатлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Агар тўртта пансионатни сотсак, ҳеч ким 4 миллион долларга олмайди, 40 миллион доллар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар қуриш 5-10 йилни олади, шунинг учун ҳеч бир давлат киритган инвестициялари ўрнини тўлдириш кафолати бўлмаса, кўп пул сарфлашга рози бўлмайди», деди Жапаров.
Бундан олдинроқ Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат мулкини бошқариш давлат агентлиги директори Канатбек Турғунбеков Иссиқкўлдаги «Дилором» («Эне-Сай») пансионати ўзбекистонлик инвесторларга фойдаланишга топширилиши мумкинлигини айтганди.

Фото: Қирғизистон ҳукумати
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Қирғизистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон делегацияси «Дилором» пансионатига ташриф буюриб, уни кўздан кечирган.
Қирғизистондаги 4та пансионат ҳақида
«Олтин қумлар» пансионати «Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси» давлат акциядорлик жамиятининг филиали бўлган. Бошқа маълумотга кўра эса, у «Ўзбекистон темирйўллари» АЖга тегишли бўлган. Пансионат балансида 28,35 гектар ер майдони бор. Мажмуа 68 та кўчмас мулк объекти, жумладан 39 та коттеж ва 4 та корпусдан иборат.
«Дилором» пансионати 1985 йилда Кара-Ой қишлоғида қурилган. Қирғистон ҳукумати национализация қилишидан олдин унинг эгаси «Асакабанк» ҳисобланган. Пансионат ер майдони 21,77 гектардан иборат.
Мажмуа 75 та кўчмас мулк объекти, жумладан 45 та коттеж, 4 та корпус, сув ҳавзаси, ошхона, тиббий пункт, гараж, сув босими минорасидан иборат.

«Роҳат-НБУ» пансионатининг муассиси Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бўлган. Пансионат Кара-Ой қишлоғида жойлашган бўлиб, 19,05 гектар ердан иборат ва маҳаллий қишлоқ маҳкамасидан 2,7 гектар пляж-боғ майдонини ижарага олади. Пансионатда 49 та иншоот, жумладан, 7 та коттеж бор. 9 та объект кафе сифатида қўлланади, 3 та маъмурий корпус мавжуд. Қолган 30 та иншоот хизмат мақсадлари учун омборлар ва офислар сифатида жиҳозланган.
«Бўстон» пансионатига «Саноатқурилишбанк» эгалик қилган. У Иссиқкўл вилоятининг Тон туманида жойлашган. 10,65 гектар майдонга эга.
Тавсия этамиз
“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди
Жаҳон | 21:12 / 04.06.2025
Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди
Жаҳон | 18:47 / 04.06.2025
Исландия собиқ президенти миллий боғга гид бўлиб ишга жойлашди
Жаҳон | 21:25 / 03.06.2025
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Путин ва Трамп Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилди – Кремль
Жаҳон | 23:40 / 04.06.2025
-
«Паутина» операцияси: Россия қандай жавоб беради?
Жаҳон | 22:38 / 04.06.2025
-
Nexia остида қолган аёл, 361 кг эшак гўшти ва коррупционер ҳоким ёрдамчилари - 4 июн янгиликлари
Ўзбекистон | 22:31 / 04.06.2025
-
Путин яқинда аэродромларга уюштирилган ҳужумларга жавоб қайтаришга мажбурлигини айтди – Трамп
Жаҳон | 22:24 / 04.06.2025
Мавзуга оид

22:17 / 03.06.2025
Қирғизистон собиқ президенти сиртдан 11,5 йилга ҳукм қилинди

07:50 / 24.05.2025
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Андижонда сезилди

16:53 / 23.05.2025
Қирғизистон президенти ноқонуний мигрантларга 10 июнгача муҳлат берди

20:42 / 20.05.2025