Жаҳон | 08:27 / 18.08.2023
7605
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинадан дон импортига қўйилган тақиқни узайтиришга шошилмаяпти

Украинага қўшни беш давлат, Украинанинг ўзи, Молдова ва Еврокомиссия Украина донининг транзитини оптималлаштириш устида ишламоқда. Брюссел унинг импортига тақиқни узайтириш ҳақидаги чақириқларга жиддий қарамаяпти.

Фото: Shutterstock

Еврокомиссиянинг Украина, Молдова ва Европа Иттифоқининг бешта давлати – Полша, Венгрия, Словакия, Руминия ва Болгария билан махсус мувофиқлаштириш платформаси олтинчи бор учрашув ўтказди, деб хабар берди Еврокомиссия матбуот котиби Балаш Уйвари 17 август, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда. «15 сентябрдан кейин махсус чораларни узайтириш бўйича ҳар қандай чақириққа ҳали эрта, - деди у Украинадан Европа Иттифоқининг бешта давлатига айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишни вақтинчалик тақиқлаш ҳақида. - Биз платформага натижаларга эришиш учун вақт берилиши керак деб ҳисоблаймиз».

Уйварининг сўзларига кўра, томонлар аллақачон ишончни мустаҳкамлаш ва ахборот алмашинувини яхшилашга, шунингдек, логистикадаги тўсиқларни бартараф этиш ва «бирдамлик линиялари» салоҳияти бўйича аниқ ҳаракатлар юзасидан келишиб олишга муваффақ бўлган. Унинг таъкидлашича, бу биринчи навбатда Дунай йўналишига, Болтиқбўйи ва Адриатика йўлакларига тегишли. Еврокомиссиянинг йиғилишдан сўнг тарқатилган расмий баёнотида таъкидланганидек, «дон Украина чегараларидан чиқиб, Европа Иттифоқи ва унинг доирасидан ташқарида муҳтож бўлган мамлакатларга етиб бориши учун прагматик ечимларни излашда олға силжиш бор». 17 август куни бўлиб ўтган учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва нархлар, транспорт имкониятлари, жумладан, муқобил йўналишлар, кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларнинг бориши ва келгусидаги йўналишлар муҳокама қилинди. 

Платформа учрашувлари кўпаяди

«Биз мувофиқлаштирувчи платформа контекстида келишилган бу ҳаракатлар бирдамлик йўналишлари самарадорлигини оширишига ишонамиз», - деди Европа Комиссияси вакили. У Украина донининг транзитини оптималлаштириш бўйича учрашувлар кўпроқ ўтказилишига ваъда берди. 

Мувофиқлаштирувчи платформа май ойида Еврокомиссия, унинг раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасидаги ўзаро келишув асосида яратилган. Украина ғалласини ташиш билан боғлиқ логистик муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишлар савдо бўйича Европа комиссари Валдис Домбровскис бошчилигида олиб борилмоқда, деди Уйвари. «Бирдамлик линиялари»нинг ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш ҳамда ғалла Украинани тарк этиши, савдо оқимларининг ҳаракати тўхтатилмаслиги учун расмий тартибларни соддалаштириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинмоқда. 

Импортнинг вақтинчалик тақиқланиши

2 май куни Европа Иттифоқи Украинадан Болгария, Венгрия, Полша, Руминия ва Словакияга буғдой, маккажўхори, кунгабоқар уруғини олиб киришни вақтинчалик тақиқлаб қўйган эди. Европа Иттифоқи 15 сентябргача барча чекловларни бекор қилишини билдирди, аммо ҳозирда улар «алоҳида ҳолатлар», жумладан, логистика қийинчиликлари ва сақлаш ҳажмининг етишмаслиги туфайли зарур бўлиб қолмоқда. Бироқ Украинага қўшни давлатлар тақиқни 2023 йил охиригача узайтириш зарурлиги ҳақида бир неча бор маълум қилган.

Айни пайтда, Россия Украина ғалласини Қора денгиз орқали олиб ўтиш бўйича келишувни тўхтатди ва шундан бери Украина порт инфратузилмасига, дон омборларига ҳужум қилиб, юк ташувчиларга таҳдид солмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид