Жаҳон | 10:31 / 25.08.2023
24795
5 дақиқада ўқилади

Қодиров Пригожиннинг ўлимини Россия учун катта йўқотиш деб атади

Рамзан Қодиров Пригожиннинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. «Вагнер» ХҲК исёни вақтида Чеченистон раҳбари Пригожиннинг ҳаракатларини «давлат учун чақириқ» деб атаган ва вагнерчилар қаршилигини бостириш зарурлигини таъкидлаганди.

Пригожин ва Қодиров (Фото: RKadyrov_95 / Telegram)

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин давлат миқёсидаги муҳим шахс бўлиб, у Украинадаги ҳарбий амалиёт ўтказилишига катта ҳисса қўшганини таъкидлади.

«Ва унинг бу хизматларини йўққа чиқариб бўлмайди. Унинг ҳалокати — бутун мамлакат учун катта йўқотиш», — дея ёзган Қодиров ўз телеграм-каналида.

У Пригожин билан узоқ вақтдан буён таниш бўлгани ва унга «Ливия ва Африка бўйича баъзи масалаларда ёрдам бергани», у «ўз ёши учун жуда фаол бўлгани» (Пригожин 62 ёшда эди) ҳақида айтган.

«Аммо сўнгги вақтларда у ёки мамлакатда бўлаётган картинани тўлиқ кўрмади ёки кўришни истамади. Мен ундан муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган ишлар учун шахсий амбицияларидан воз кечишни сўрагандим. Қолган барча масалани кейинроқ ҳал қилса бўларди. Аммо у шундай одам эди, Пригожин, ўзининг темир характерига эга, мақсадига шу ерда, ҳозироқ эришиш истагидаги одам», — дея қўшимча қилган Қодиров.

Пригожин бир неча бор Грознийга ташриф буюрган, шундай ташрифларидан бири вақтида Қодировни «Вагнер» ХҲКнинг «Алоҳида хизматлари учун» медали билан тақдирлаган. Чеченистон раҳбари уни «катта оғам Пригожин» деб атарди.

Улар ўртасида можаролар ҳам юзага келган. Хусусан, Қодиров Пригожинни 2009 йилда Россия Қаҳрамони Сулим Ямадаевнинг ўлдирилиши бўйича ишда унга нисбатан «очиқ ишоралар» қилишда, шунингдек чечен озчилиги бўйича баёнотлар беришда айблаган. У «Вагнер» раҳбарини Бахмут қамали чоғида ҳам мунтазам равишда ўқ-дори ва бошқа қуроллар талаб қилгани юзасидан қоралаганди. «Бизда ҳам қуролдош ўртоқ Пригожинга берадиган саволлар бисёр», — деганди Қодиров июн ойи бошида. Чечен Республикаси парламенти раҳбари Магомед Даудов Пригожинга «локация юбориш»ни ва «исталган жойда ва исталган вақтда икки эркак каби муносабатларга ойдинлик киритиб олиш»ни таклиф қилганди.

Қодиров Пригожиннинг икки ой олдинги исёнга уринишини қўллаб-қувватламаганди. У «исён бостирилиши кераклиги»ни таъкидлаб, «кескинлик ҳудуди»га чечен жангчиларини юборганини эълон қилганди. «Бу давлатга чақириқ ва бу чақириққа қарши барча - ҳарбийлар, кучишлатар тузилмалар, губернаторлар, оддий фуқаролар миллат етакчиси атрофида бирлашиши зарур», — деганди ўшанда Қодиров.

Пригожинга тегишли бизнес-жет 23 август куни кечқурун Твер областида, Куженкино посёлкаси яқинида қулаб тушди. Росавиация ва Россия ФВВ маълумотига кўра, бортда ўн киши бўлган — уларнинг етти нафари йўловчилар. Бортда бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожин ва Дмитрий Уткин (Вагнер чақирув белгисига эга) ҳам қайд этилганди. Шу билан бирга, Пригожин муқаддам «қиёфадош»лардан фойдаланган — исми, фамилияси ва шарифини тўлиқ ўзгартириб, унга тўлиқ адаш бўлган одамлар.

Тергов қўмитаси ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш (РФ ЖК 263-модда) бўйича жиноий иш қўзғатган. Терговчилар бизнес-жет ҳалокатга учраши бўйича турли версияларни, жумладан «учувчининг хатоси, техник носозлик ва ташқи таъсир» омилларини кўриб чиқмоқда, дея хабар берган РБК манбаси.

«Мен Пригожинни анчадан бери, тўқсонинчи йиллар бошидан бери танийман. У мураккаб тақдирли инсон эди, ҳаётда жиддий хатолари ҳам бўлди ва керакли натижаларга ҳам эришди — ўзи учун ҳам ва мен бу ҳақда сўраганимда, сўнгги ойлардаги каби умумий иш учун ҳам. У истеъдодли инсон, истеъдодли бизнесмен эди», — деди РФ президенти Владимир Путин унинг ўлими юзасидан ҳамдардлик билдириб.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид