Жаҳон | 09:55 / 28.08.2023
4378
1 дақиқада ўқилади

Starlink’нинг орбитадаги сунъий йўлдошлари сони 5000 дан ошди

SpaceX яна 22 та Starlink сунъий йўлдошини учирди. Шу тариқа, орбитада ушбу интернет-сунъий йўлдошларнинг умумий сони 5000 дан ошди. 

Falcon 9 Фото: SpaceX/ZUMA Wire/imago images

Американинг SpaceX компанияси Starlink интернет-сунъий йўлдошларнинг навбатдаги партиясини паст Ер орбитасига олиб чиқди. Бу ҳақда компания 27 август, якшанбага ўтар кечаси маълум қилди. 

Бортида 22 та Starlink мини-сунъий йўлдоши бўлган Falcon 9 ракета ташувчиси Флорида штатида жойлашган Канаверал бурнидаги АҚШ космик кучлари базаси 40-узатиш мажмуасидан учирилди. 

Ракета ташувчининг босқичлари ажратилгандан сўнг, биринчи қайта фойдаланиш мумкин бўлган қисм Атлантика океанидаги Just Read the Instructions денгиз дрон-платформасига бошқариладиган вертикал қўнишни амалга оширди. Шу тариқа, ундан учинчи марта фойдаланилди.

Space.com ихтисослашган онлайн нашри жорий миссияни SpaceX учун муҳим воқеа деб атади, чунки сунъий йўлдошларнинг учирилишини кузатувчи Гарвард-Смитсон астрофизика маркази ходими Жонатан Макдауэллнинг ҳисоб-китобларига кўра, Starlink’нинг орбитага олиб чиқилган сунъий йўлдошлари умумий сони 5000 дан ошди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид