Ўзбекистон | 10:50 / 30.08.2023
9317
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда урология хизмати трансформацияси давом эттирилади

2024–2025 йилларда урология илмий-амалий тиббиёт маркази моддий техник базаси мустаҳкамланади.

Фото: Depositphotos

Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиаллари моддий-техник базаси келгуси 2 йилда мустаҳкамланади. Бу орқали марказга мурожаатлар сонини 30 фоизга камайтириш кўзда тутилган.

Ҳудудий филиалларда бажарилувчи жарроҳлик амалиётлари турлари 115тага етказилади. Шунингдек, юқори технологик ҳисобланган тери орқали, трансуретрал ва лапароскопик амалиётларни бажариш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, юқори технологик амалиётлар тури марказга нисбатан 55тагача оширилади.

Маълумот учун, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази президент қарори асосида қайта ташкил этилганди. Давлат раҳбарининг 2020 йил 6 ноябрдаги махсус топшириғи асосида марказнинг ҳудудлардаги филиаллари ташкил қилинди.

Президентнинг 2017–2022 йиллар давомида имзолаган қатор қарорлари асосида, қуйидаги ишлар амалга оширилди:

— Марказда 14,2 млрд маблағ ҳисобига 250 та бемор қабул қилиш имкониятига эга бўлган поликлиника қурилиб фойдаланишга топширилди.

— Марказнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, Саудия тараққиёт жамғармаси томонидан 30,3 млрд сўм йўналтирилиши ҳисобига, 17 турдаги 29 та замонавий асбоб-ускунлар билан таъминланиб, 15 турдаги дианостик, 24 турдаги даволаш усуллар йўлга қўйилди.

— Марказининг Термиз филиалига 4,5 млрд сўм маблағ йўналтирилиб, реконструкция қилинди ҳамда 8 турдаги, Қорақалпоғистон Республикаси филиалига 497 млн. сўм йўналтирилиб 4 турдаги, Бухоро филиалида 1.141.000 АҚШ доллари ҳисобига 23 турдаги, Наманган филиалида 2,2 млрд Сўм ҳисобига 5 турдаги, Қашқадарё филиалига 150 млн. сўм йўналтирилиб 3 турдаги замонавий асбоб-ускунлар билан таъминланди. Самарқанд филиалига ҳам 1,1 млрд. сўм йўналтирилди.

— Марказ ва филиалларида кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида 2017-2022 йиллар давомида жаҳоннинг етакчи клиникалари билан 17 та меморандум имзоланиб, марказдан 42 нафар, ҳудудий филиаллардан 36 нафар мутахассис малака оширган бўлса, марказнинг ўзида ҳудудлардан келган 200 нафарга яқин мутахассислар юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини бажариш бўйича тайёрланди.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид