Жаҳон | 08:59 / 31.08.2023
3971
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Украинага 20 млрд евролик ҳарбий ёрдам фондини тузади

Испаниянинг Толедо шаҳрида Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари Украинага ҳарбий ёрдамни тизимлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Янги фонддан Киевга ҳар йили қуролланиш ва кадрлар тайёрлаш дастурлари учун 5 миллиард евро ажратилади. 

Фото: Denis Doyle/Getty Images

Европа Иттифоқи Украинага 20 миллиард евролик ҳарбий ёрдам фонди тузади, ундан 2024 йилдан 2027 йилгача ҳар йили 5 миллиард евро Киевга қуролланиш ва кадрлар тайёрлаш дастурлари учун ажратилади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Испаниянинг Толедо шаҳридаги собиқ қурол-яроғ заводида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари норасмий учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди

Кўпроқ тизимлаштирилган ҳарбий ёрдам 

«Урушдан кейин нима бўлишидан қатъи назар, Украинани қўллаб-қувватлаш давом этиши керак», деди Боррел. Унинг сўзларига кўра, мақсад Евроиттифоқнинг Украинага ҳарбий ёрдамини янада тизимли қилиш ва Европа тинчлик жамғармасидан (ЕТЖ) алоҳида тўловлардан воз кечишдир. Бу қўллаб-қувватлаш «мамлакатни қайта қуриш, шунингдек, Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш учун давом этиши керак», деди Европа дипломатияси раҳбари. 

Ҳозиргача Украина Европа Иттифоқи бюджетига кирмайдиган механизмдан 5,6 миллиард евро ҳарбий ёрдам олган. У Украинага қурол етказиб берилгани учун Европа Иттифоқи давлатларига товон тўлайди. Европа Иттифоқи қонунчилиги учинчи давлатларга ҳарбий ёрдам учун бюджет маблағларидан фойдаланишни тақиқлайди. 

Европа Иттифоқи Украина ҳарбийларини тайёрлаш дастурини кенгайтириши мумкин 

Бундан ташқари, мудофаа вазирлари Украинани қўллаб-қувватлашнинг кенгроқ жиҳатларини, жумладан, жорий йил охиригача 1 миллион артиллерия снарядларини етказиб бериш бўйича Европа Иттифоқи дастурини муҳокама қилди. 

Бошқа нарсалар қаторида, Боррел украиналик аскар ва зобитларни ўқитиш кўламини кенгайтириш ва йил охиригача 40 минг ҳарбийни тайёрлашни таклиф қилди. Олдин қўйилган мақсад – 2023 йилда Украина Қуролли кучларининг 30 минг ҳарбий хизматчисини тайёрлаш – ноябрь ойи охирида амалга оширилади, деди у. 

Жумладан, Бундесвер украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш билан шуғулланяпти. Германияда украиналиклар Patriot зенит тизимлари, 2000 та ўзиюрар гаубицалар, Marder пиёда аскарлар жанговар машиналари, шунингдек, Leopard 1 ва Leopard 2 асосий жанговар танклари бўйича ўқитилмоқда. Бундан ташқари, украиналиклар қўшинларни бошқариш ва тиббий ёрдам бўйича тайёрланмоқда. Бундесвер маълумотларига кўра, машғулотларга 1500 га яқин немис инструкторлари жалб этилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид