14:06 / 03.09.2023
28092

Зулм салтанатининг қонли «найза»си – НКВД ҳақида

НКВД – бир пайтлар бу номни эшитган одамлар қўрқувдан даҳшатга тушган. 1930-йилларда ташкил этилган бу ташкилот Сталин бошқаруви пайтида миллионлаб инсонларнинг ноҳақ жазоланишида бош-қош бўлган. Айниқса унга Лаврентий Берия раҳбар бўлган йилларда мислсиз қатағонлар ўтказилган.

Фотоколлаж: Kun.uz

ХХ асрда 69 йил яшаган СССРда кўплаб қатағонлар ўтказилган. Уларнинг асосий қисми мустабид ҳукмдор Иосиф Сталин СССРни бошқарган пайтга тўғри келади. Ана қатағонларда Сталиннинг асосий жазо қуроли НКВД эди.

СССРни 31 йил бошқарган Сталин тарихда энг қонхўр ҳукмдорлардан бири деб таърифланади. Бу бежизга эмас. Айнан у ҳукмронлик қилган йилларда Евросиёнинг катта қисмида бир неча ўн миллион айбсиз инсонлар қамалган ва ўлдирилган.

Ўша пайтда Сталин қатағонларини амалга ошириш учун СССРда иккита қўрқинчли ташкилот тузилган. Бири ГУЛаг (Главное управление лагерей – Қамоқхоналар бош бошқармаси), иккинчиси НКВД (Народний комиссариат внутренних дел – Ички ишлар халқ комиссариати). (ГУЛаг 1930 йил 1 октябр куни тузилган ва 1934 йилда НКВД тузилгач, унинг таркибига киритилган).

НКВД ходимлари одамларни ҳибсга олиш ва тергов қилиш билан шуғулланган бўлса, ГУЛаг жазони ижро этиш муассасаси сифатида маҳкумларни мислсиз азобга гирифтор қилган.

Сталин, НКВД раҳбари Ежов (ўнг томонда ва ва Молотов (Сталиннинг чап томонида
Фото: alamy.com

НКВД тарихи

Тарих китобларида НКВД бундан 86 йил аввал, 1934 йил 10 июль куни ташкил этилган деб ёзилган бўлса ҳам аслида бу ташкилотнинг тарихи 1917 йилда содир этилган октябр тўнтаришига бориб тақалади.

Россияда ҳокимиятни қўлга олган болшевиклар Россия империясига тегишли бўлган барча ташкилотларни тарқатиб юборади ва уларни қайтадан тузади. Янги ҳукуматда Россия империяси даврида бўлган бош вазир лавозими ҳам тугатилади.

Шундан сўнг Вазирлар маҳкамасининг номи Халқ комиссариати деб ўзгартирилади. Вазирликлар эса комиссариатларга айлантирилади. Вазирларнинг ўрнини халқ комиссарлари эгаллайди.

Ана ўша пайтда НКВД РСФСРда ички ишлар идораси сифатида тузилган эди. 1923 йилга келиб РСФСР таркибидаги кўплаб автоном ҳудудлар иттифоқдош республикага айлантирилади.

Шундан сўнг НКВДнинг номи ўзгаради ва СССР ички ишлар хизмати – ОГПУ (Обьедненное государственное политеческое управление – Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси) деб атала бошланади.

1934 йил 10 июл куни СССР марказий ижроия қўмитаси қарори билан ОГПУ қайта НКВД деб номланади. Давлат хавфсизлиги бош бошқармаси унинг таркибига киритилади.

1946 йил 22 март куни НКВД СССР ички ишлар вазирлиги деб қайта номланади. Бироқ халқ уни НКВД деб аташда давом этади.

Москвадаги НКВД жойлашган бино. Сталин вафотидан сўнг НКВД тарқатиб юборилгач бу бинога КГБ жойлашган.
Фото: alamy.com

НКВД таркиби

Ўша пайтда НКВД таркибида кўплаб бошқармалар бор эди. Булар:

  • Давлат хавфсизлиги бош бошқармаси;
  • Ишчи-деҳқон милицияси бош бошқармаси;
  • Чегара ва ички қўриқлаш бош бошқармаси;
  • Ёнғиндан асраш бош бошқармаси;
  • Ахлоқ тузатиш лагерлари бош бошқармаси (Кейинчалик ГУлаг Главное управление лагерей – Қамоқхоналар бош бошқармаси деб ўзгартирилган);
  • Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш бўлими;
  • Маъмурий хўжалик бошқармаси;
  • Молия бўлими;
  • Кадрлар бўлими;
  • Махсус ваколатли бўлим

Ўша пайтда НКВДнинг Москвада жойлашган бош қароргоҳида қарийб 10 минг киши ишлаган.

НКВД таркибидаги тузилмалар орасида Давлат хавфсизлиги бош бошқармаси энг муҳим ташкилот эди. Унинг таркибида ҳам бир қатор муҳим бўлимлар бўлган.

Жумладан:

  • Махсус бўлим (контрразведка);
  • Махфий сиёсий бўлим (сиёсий душманларга қарши кураш бўлими);
  • Иқтисодий бўлим (саботаж ва зараркунандаларга қарши кураш бўлими);
  • Хорижий бўлим (ташқи разведка);
  • Тезкор бўлим (Партия ва ҳукумат раҳнамоларини қўриқлаш, тинтув ўтказиш, уларни қамоққа олиш ва кузатув);
  • Махсус бўлим (махфийликни таъминлаш ва ҳужжатларни шифрлаш);
  • Транспорт бўлими (Транспортдан фойдаланиб қўпорувчилик қилувчиларга қарши кураш);
  • Ҳисобга олиш ва статистика бўлими (Тезкор рўйхатга олиш, статистика ва архив) бўлган.
НКВД ходимлари шундай формаларда юришган.
Фото: Википедия

НКВД раҳбарлари

НКВДнинг йигирма йиллик тарихида уч нафар раҳбар бўлган. Унинг биринчи раҳбари Генрих Ягода эди. Бу одам НКВД халқ комиссари сифатида бор-йўғи икки йил ишлайди.

1936 йилда кутилмаганда Ягода ишдан бўшатилиб, ўрнига ўша йили 26 сентябрда Николай Ежов тайинланади. Ягода СССР алоқа халқ комиссари этиб тайинланади.

НКВДдан бўшатилиб бошқа соҳада халқ комиссари этиб тайинланганида Ягода Сталиннинг жазо машинасидан осон қутулдим деб ўйлаган бўлса ажабмас. Бироқ ундай эмасди.

1937 йилда Ягода қўққисдан қамоққа олинади. Уни Максим Горкий ва унинг ўғлининг ўлими ва яна бошқа кўплаб жиноятларда айблашади. Қарийб бир йил давом этган терговдан сўнг 1938 йил 15 март куни Ягода отиб ташланади.

НКВДнинг биринчи раҳбари Генрих Ягода
Фото: real-vin.com

Ягода қўлга олинганда унинг қўлига кишанни шахсан Ежовнинг ўзи таққан ва ўшанда бундай тақдир ўзининг бошига ҳам тушиши НКВД раҳбарининг хаёлида ҳам йўқ эди.

НКВДга Ежов раҳбар бўлгач СССР бўйлаб Ягода даврида бошланган қатағонлар авжига чиқади. Миллионлаб инсонлар давлатга хиёнатда айбланиб, халқ душмани сифатида жазоланади. Уларнинг бир қисми ГУЛаг қамоқхона лагерларига жўнатилган бўлса, бошқалари отиб ташланади.

Ўша пайтда Ежов Сталинга ҳибсга олишлар ва жазолашлар ҳақида 15 000 та мурожаат, доклад ва сўровнома олиб кирган.

Гарчи «улуғ доҳий»га садоқат билан хизмат қилган бўлса-да Ежов НКВДда узоқ ишлай олмади. Унинг бошига ҳам ўзи ҳибсга олган Ягоданинг куни тушади.

Салкам икки йил НКВДни бошқарган Ежовга 1938 йил 8 апрелда бошқа вазифа – СССР сув транспорти комиссарлигини ҳам беришади. Ана шу пайтда унинг боши устида қора булутлар айланаётган эди.

Орадан саккиз ой ўтиб 1938 йил ноябрда Ежов НКВД раҳбарлигидан бўшатилади ва Сув транспорти комиссари вазифасини сақлаб қолади.

НКВДда унинг ўрнини Лаврентий Берия эгаллайди. Орадан беш ой ўтиб 1939 йил 9 апрель куни Ежов қамоққа олинади ва суд қилиниб 1940 йил 5 февраль куни отиб ташланади.

Тарих такрорланади ва бу сафар Ежовнинг қўлига кишанни шахсан Лаврентий Берия тақиб, уни хонасидан олиб чиқиб кетади.

Ежов ва Сталин, 1930-йиллар охири.
Фото: elpais.com

Лаврентий Берия

НКВДнинг уч раҳбари орасида амал курсисида энг узоқ ўтирган шахс – бу Лаврентий Берия ҳисобланади. У бу ташкилотга 15 йил раҳбарлик қилган.

Берия 1938 йил декабр ойида НКВД раҳбари этиб тайинланади. У Ягода даврида бошланган ва Ежов даврида авж олган қатағонларни давом эттиради.

Сталиннинг энг яқин одами бўлган Берия СССРдаги барча кучишлатар тузилмалари, қуролли кучлари, армия ва қуролланиш тизимини бошқаради.

Жумладан, Мудофаа, Ички ишлар, Миллий гвардия, ташқи ва ички разведка, КГБ каби қўлида қурол ушлаши мумкин бўлган барча соҳалар унинг назоратида эди.

Берия исталган вақтда истаган одамини давлатда хиёнатда айблаб қамоққа олиши ва отиб ташлаши ёки СССРдаги энг даҳшатли қамоқхона лагерларига юбориши мумкин эди.

Берия ва Сталин
Фото: gazeta.ru

СССРда инсониятга қарши содир этилган жиноятларнинг аксарияти Берия бошчилигида қилинган. Масалан, Смоленск яқинидаги Катин ўрмонида қарийб 20 минг поляк ҳарбий асирларининг қатл этилиши, Кавказдаги халқлар ва қримтатарларнинг сургун қилиниши айнан Бериянинг ташаббуси бўлган.

У ўз раҳнамоси топширган энг мураккаб вазифаларни садоқат ва совуққонлик билан бажарарди.

Берия НКВД раҳбари бўлганида мамлакат бўйлаб бу ташкилотнинг миллионлаб айғоқчилари ва чақимчилари бўлган.

Уларнинг «ватан учун қилган хизматлари» эвазига ҳар куни минглаб, ўн минглаб инсонлар устидан чақув тушган, бегуноҳ инсонлар ҳибсга олинган.

Берия СССРда жорий қилинган барча орден ва медаллар, турли мукофотлар билан «сийланган». Жумладан, у Социалистик меҳнат қаҳрамони, 5 марта Ленин ордени, икки марта Қизил байроқ ордени ва яна кўплаб орден ва медаллар олган.

Бундан ташқари 1953 йилгача (Берия ҳибсга олиниб отиб ташлангунча) СССРдаги жуда кўплаб объектларга унинг номи билан аталган.

Жумладан, бир нечта туман, шаҳарча, қишлоқларга, олий таълим муассасаси, кўплаб кўча, завод ва фабрикаларга, кема, стадионга Берия номи берилган.

Лаврентий Берия. Бу юзни кўрган ҳар қандай инсоннинг оёғи қалтираб қоларди.
Фото: dailymail.co.uk

Берия Иосиф Сталин вафот этгунча НКВД раҳбари бўлиб қолади. 1953 йил баҳорда «Халқлар доҳийси» вафот этгач уни қамоққа олишади.

Бир пайтлар Ягода ва Ежовнинг куни Бериянинг ҳам бошига тушади. 1953 йилда унинг қўлига кишанни Иккинчи жаҳон урушининг афсонавий қаҳрамонларидан бири маршал Георгий Жуков таққан эди. Кўп ўтмай Берияни суд қилиб отиб ташлашади.

Шу тариқа НКВДга раҳбарлик қилган ва Сталинга тегишли қатағон машинасининг энг муҳим мурватлари сифатида миллионлаб инсонларнинг қамалиб кетишига ва ўлимига сабабчи бўлган НКВДнинг уч раҳбарининг тақдири аянчли тугаган.

НКВДни бошқарган Ягода, Ежов ва Берия. Уларнинг учаласи ҳам отиб ташланган.

Шу тариқа НКВДнинг ҳаддан ортган зўравонликлари Сталин вафоти билан тугади ва янги раҳбар Никита Хрушчёв даврига келиб одамлар бироз енгил нафас ола бошлайди.

Кейинчалик, НКВД тарқатиб юборилади ва унинг таркибида бўлган Ички ишлар вазирлиги, давлат хавфсизлик хизмати ва бошқалар алоҳида ташкилотга айлантирилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top